Исмалоқ

2176

Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит-турк» асарида «исмалоқ» сўзи учрамайди, аммо бир ўринда «девон»да: «бус­тули – Рум исмалоғи, буни ейилади», деб изоҳланган. Демак, қадимги турк тилларида исмалоқнинг бир турига нисбатан «бустули» дейилган.

Хўш, нега бу кўкатнинг номи – исмалоқ?
«Исмалоқ» инглиз тилида «spinach», французча: «épinard» (талаффузи: эпинағ), русчада «шпинат» дейилади. Французча «Le petit Robert» изоҳли луғатида ёзилишича, «épinard» эски француз тилида (XIII аср): «espinarde», «espinache», «espinoch» шаклларида ёзилган. «The English etymological dictionary»га кўра, инглизча «spinach» айнан ўша эски французча «espinache»га, «espinache» эса каталанча «espinac»га (талаффузи: «эспинак», испанча: «espinaca»), «espinac» – Андалусия араблари тилидаги «isbinâkh»га, «isbinâkh» эса, ўз ­навбатида, форсча «исфанож»га бориб тақалади.
Маълумотларга кўра, XI асрда бу кўкат тури Андалусияга араблар томонидан олиб келинган ва XII асрда яшаган андалусиялик олим Ибн ­ал-Авом томонидан у «сабзавотларнинг сардори» («раис ул-буқул») деб таърифланган экан. Араблар уни «ал-исфанаах» ёки «ас-сабаних» деб атаган. Аммо араб тилида тўрт ҳарфли феъл­лар йўқ, тўрт ва ундан кўп ҳарфли сўзлар араб тилига бошқа тиллардан ўзлашган ҳисобланади. «Ас-сабаних» ҳам тўрт ҳарфли бўлиб, бу ҳам унинг арабча эмас, бошқа тилдан ўзлашганини тасдиқлайди. Французча «Larousse» луғатида исмалоқнинг асл келиб чиқиши Марказий Осиё экани, бу ўсимлик дастлаб Эрон ва унга қўшни ҳудудларда маданийлаштирилгани айтилади.
Россияга эса бу кўкат анча кеч – XVIII асрда кириб келади. Дастлаб у рус зодагонлари дастурхонида Олмониядан келган тансиқ таом сифатида пайдо бўлиб, номи ҳам олмонча – «шпинат» («spinat») ­дейилади. «Этимологический словарь русского языка» луғати муаллифи М.Фасмер фикрига кўра, олмонча «spinat» ўз навбатида ўрта лотин тилидаги «sрīnасеus» сўзидан келиб чиққан. М.Фасмер ва бошқа баъзи тилшунослар лотинча «sрīnасеus»нинг форсча «исфанож»дан ўзлашганига бироз шубҳа билан қарайди. Исмалоқнинг Европадаги номлари форсча эмас, балки лотинча «spina» (умуртқа поғонаси, орқа) ўзагига бориб тақалади, деган қараш ҳам мавжуд (лотинча илмий номланиши: «spinacia oleracea»). Аммо кўпчилик мутахассислар ўрта лотин тилига ҳам бу сўз форсчадан ўтган, фақат Испания орқали эмас, X асрда Ўрта Ер денгизи ҳудуди халқлари, хусусан, араблар (сарасинлар) ва европаликлар ўртасидаги муносабатларда ўрта лотин тилига ўзлашган деб ҳисоблайди.
Ҳозирги тожик тилида исмалоқ – «испаноқ, испаноғ, исфаноҷ» ­шаклларида ёзилади ва талаффуз қилинади (Русско-таджикский словарь. Москва.1985.1221-бет). Тожикистонлик тадқиқотчи Г.Мирсаминова форс­­ча «исфанож»нинг архаик кўриниши «исфаноқ» бўлган бўлиши мумкин, деб ёзади. Аммо эски форс тилида «қ» товуши бўлмагани, «қ» товушли сўзлар форс тилига араб ё турк тилларидан ўзлашган сўзлар бўлгани учун бу фикрни қўллаб бўлмайди. Эҳтимол, бу сўзнинг архаик кўринишида «исфаноқ» даги «қ» ўрнида «-к», «-ғ», «-х» товушларига яқин товуш бўлгандир. Исмалоқнинг форсча шаклига сан­скритча шу маънодаги «паалак»нинг алоқаси бор-йўқлиги ҳақида маълумот йўқ.
Афсуски, «исмалоқ» сўзи Навоий асарларида ёки «Бобурнома»да учрамайди. Энг кўҳна турк тили луғатларидан бири бўлмиш «Кодекс Куманикус»да «исмалоқ» – «ispanaq» шаклида қайд этилган. Шу ўринда куманлар ҳақида икки оғиз сўз: маълумки, куманлар деб ўрта асрларда европаликлар томонидан Қрим ярим оролида яшаган қипчоқлар, умуман, туркий қавмлар, бугунги Қрим татарлари аждодларига нисбатан айтилган. «Кодекс Куманикус», яъни «Куман тили луғати» XIV асрда куманларнинг тилини ўрганиш мақсадида итальян ва олмон миссионерлари томонидан тузилган. Куман тилидаги «ispanaq» усмонли туркчасидаги «ispanak» ва кўпгина болқон халқлари тилларидаги номлар билан муштарак (булғорча: «spanak»; серб: спанаћ; албан: spinaq ва ҳк.).
Алқисса, ушбу сўз қайси тилда илк бор пайдо бўлганидан қатъи назар, юқорида кўрганимиздек, этимологик жиҳатдан бир манбага бориб тақалади. Бизнинг ота-боболаримиз бу кўкатни «исмалоқ» деб билади, тилимизга бу ном шу шаклда ўрнаш­ган. Французча луғатда ҳам қайд этилганидек, бу кўкатнинг ҳам ватани Марказий Осиё, демакки, унинг илк номи ҳам шу ҳудудларда пайдо бўлган бўлса, ажаб эмас.

Абдувоҳид ҲАЙИТ,
филология фанлари номзоди