ёхуд маданий-маънавий қадриятларга бошқа ракурсдан қараш фурсати етмадими?
Маънавият, маърифат, маданиятга дахлдор бу фикр-мулоҳазалар кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолган эмас.
Рости, биз деярли 30 йилдан буён ўзимизга кўринмас душман деб билган «оммавий маданият» билан «курашиб» келамиз, ёшлардан, умуман ватандошларимиздан маънавиятни, миллий менталитетимизга хос қадриятларга ҳурматни талаб қиламиз.
Баъзан ҳиссиётлар соғлом ақл ва қонун-қоидалардан устун келади. Атрофда умумий маданият ва маънавият пасайган сари тақиқларни кучайтирамиз, хатти-ҳаракатларни, фикрларни танқид қиламиз. Маънавият ҳақида соатлаб йиғилишлар, сон-саноқсиз тадбирлар ўтказамиз ва ортидан шунча одам, шунча ёш маънавиятга ошно бўлди, дея ҳисобот ҳам тиркаб қўямиз.
Аммо бу чораларнинг самараси кўринмайди. Нега шундай? Муаммонинг илдизи қаерда? Жуда кенг қамровли ушбу масалани битта мақолада тўлиқ қамраб ололмаслигимиз аниқ. Лекин, ҳеч бўлмаса, жамоатчиликда фикр уйғониши учун бир уриниб кўрайлик. Шу боис дастлабки мақоламиз маънавият, маданият ҳақида сўз кетганда энг кўп тилга олинадиган сўз – менталитет ҳақида.
«Википедия»да шундай жумлаларни ўқийсиз: «Менталитет (лот. mentalis – ақлий) – айрим киши ёки ижтимоий гуруҳга хос ақлий қобилият даражаси, маънавий салоҳият. Жамият, миллат ёки шахснинг менталитети уларнинг ўзига хос тарихий анъаналари, урф-одатлари, диний эътиқодини ҳам қамраб олади. Ҳар бир миллатнинг менталитети унинг тарихи, яшаб турган шарт-шароити, ижтимоий фаоллиги ва бошқа бир қанча омиллар билан боғланган бўлади. Macалан, ўзбек миллати менталитетининг шаклланиш жараёни деярли уч ярим минг йиллик тарихга эга… Мустақиллик мафкураси олдида ўзбек халқининг ҳақиқий менталитетини тиклаш вазифаси турибди…».
Ўқиган сари саволлар туғилаверади: ўзбек халқининг ҳақиқий менталитети деганда нимани тушуниш керак, у ҳамон шаклланиш жараёнидами ёки аллақачон шаклланиб бўлганми? Қолаверса, менталитет қандай тикланади, унинг ўлчови, вазни, шакл-шамойили борми? Барча хислат ва фазилатлар менталитетимизу, барча иллатлар менталитетимизга ётми?
Конституциямизнинг 12-моддасида «Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас», дея белгилаб қўйилган бир пайтда мустақиллик мафкураси деган тушунча қайдан пайдо бўлган?
Аслида, менталитет атамасининг ўзи ҳам нисбатан янги эканини унутмайлик. Уни 1910 йили илк бор этнолог Леви-Брюль қўллаган. У қадимги ва замонавий кишиларни қарама-қарши қўйган ҳамда қабилаларнинг ўзига хос тафаккурини менталитет атамаси билан ифодалаган. Кейинчалик, 1920 йилларда Анналлар мактаби вакиллари уни илмий атама сифатида ишлата бошлаган. Аммо…
Жиддийроқ ўйлаб кўрилса, биз баҳслашаётган менталитетнинг ўзи аморф тушунчага, йўқ нарсага ўхшайди. Зеро, унинг яққол кўзга ташланиб турадиган белгилари йўқ. Менталитетнинг худо юқтирган, аввалги тарихий жараёнларда шаклланган, умуман ўзгартириб бўлмайдиган нарсадек қабул қилиниши ҳам хато ёндашувдек гўё! Билганимиз шуки, қадриятлар бор. Улардан маданият ҳосил бўлади. Қадриятлар ҳам, жамиятлар ҳам, маданиятлар ҳам ҳамиша ўзгаришда бўлади. Иқтисодий омиллар, умумий тараққиёт ёки аксинча, уруш, очарчилик, ҳар қандай салбий жараёнлар таъсирида юқорида санаб ўтган тушунчаларимиз гоҳ ижобий, гоҳ салбий томонга оғади.
Табиийки, бугунги глобаллашув ва ахборот асрида бу ўзгаришлар ҳар қачонгидан-да шиддатли кечмоқда. Муҳими бу эмас, муҳими – жуда кўпчилик турғун ва ўзгармас деб тушунадиган, халқлару элатлар ҳақида турли қолиплар асосида фикрлашга ундайдиган менталитет тушунчасининг мавжуд эмаслигида. Маълум бир вақт ва маконга мос қадриятлар асосида шаклланадиган ва доимо ўзгаришга мойил маданият бор, холос!
«Google»да «national mentality» сўзини териб кўринг-а? Қидирув жуда кам манбани кўрсатади. Борларининг ҳам муаллифлари асосан пост-совет давлатлари вакиллари эканига гувоҳ бўласиз. Демак, инглиз тилида сўзлашувчи мамлакатларда бу тушунча атрофида илмий изланишлар деярли олиб борилмаяпти. Лекин «национальный менталитет» деган сўзни терсангиз, бир қатор илмий изланишларга дуч келасиз. Хуллас, фикр қилишга, хулоса чиқаришга ундайдиган бир олам озуқа оласиз…
Нима бўлганда ҳам, «менталитет» сўзини ўйламай ишлатишга одатланганимиз рост. Ҳатто кўпчилик «миллий менталитетимиз шунақа» дейиш билан исталган мавҳум нарсани тушунтириб беришга ҳаракат қилади. Бир қарашда, бу илмий тушунчага ўхшайди: менталитет ҳақида гапиришади, уни ўрганишади, ҳатто илмий изланишлар олиб боришади. Лекин бугунга келиб, дунёда «ўзгармас ва монолит тафаккур тарзи» концепцияси шубҳа остига олина бошланди. «Менталитет» тушунчасининг ижтимоий тадқиқотларни ўта жўнлаштириб, юзакилаштириб юборадиган ноилмий концепция деяётган тадқиқотчилар сони борган сари ортиб бормоқда.
Хусусан, Россия Олий иқтисодиёт мактаби миллий илмий-тадқиқот университетининг Оммавий онгнинг қиёсий тадқиқотлари лабораторияси илмий ходими Максим Рудневнинг фикрича, «менталитет» тушунчаси қандайдир одамлар гуруҳи (кўпинча, мамлакат аҳолиси) танлаган, бошқа гуруҳдагилардан тубдан фарқланадиган ва узоқ вақт ўзгармай келаётган нарсалар ҳам тушунилади. Аммо шу билан бирга, ҳеч қандай фактларга асосланмаган «ўзига хос йўл» ёки «анъанавий қадриятлар» ҳақидаги фикрлар кўпинча демагогияга ва ҳатто ташвиқот қуролига айланиши муқаррар.
«Эмпирик маълумотлар билан ишлайдиган тадқиқотчилар, яъни ўз фикрларидан ташқари, аҳоли сўровлари ва бошқа манбаларга таянадиганлар алал-оқибат одамларнинг хоҳиш-истаклари ҳатто қисқа вақт оралиғида ҳам доимо ўзгариб туради ва бу истаклар мамлакатлар ҳамда маданий гуруҳлар орасида тенг тақсимланади, деган хулосага келади, – дейди Руднев. – Қолаверса, биз ва бошқа тадқиқотчилар турли мамлакатларда яшовчи халқлардан кўра, битта мамлакат ичида яшаётган одамларнинг истаклари, эътиқодлари ёки қадриятлари кўпроқ фарқланишини аниқладик. Бу эса менталитет ғоясини тўлиқ рад этади».
Таниқли олим, сиёсатшунос Екатерина Шульманнинг бу борадаги фикри ҳам эътиборга молик. «Мен «менталитет» атамасига қаршиман. Чунки у ижтимоий маконда кўпинча кўпчиликка хос хатти-ҳаракатлар йиғиндиси билан бир қаторда авлоддан-авлодга ўзгармай ўтиб келаётган қадриятлар ва хулқ-атворни ҳам англатади. Бу эса ўз-ўзидан жамиятни турғунликка етаклайди, – дейди у. – Гап шундаки, инсониятга қарши қаратилган барча назариялар – сексизмдан тортиб ирқчиликкача айнан шу ўзгармас, боқий ғояларга асосланган. Ваҳоланки, инсон табиати ўзгарувчан. Биз ижтимоий мавжудотлармиз. Қандай шарт-шароитлар яратилган бўлса, биз ҳам шундаймиз. Биз ижтимоий муҳитни ўзимизга мослаштирамиз, аниқроғи, биз унинг таъсирида ўзгарамиз, шаклланамиз. Шу боис муҳитнинг, чегараларнинг ўзгариши ижтимоий амалиётни ҳам ўзгартиради».
Шульманнинг сўзларида жон бор. Бунга кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Қаранг, Жанубий ва Шимолий Корея фуқаролари ўртасидаги бугунги фарқни сезиш қийин эмас. Бу икки мамлакат маданияти, қадриятлари ҳам бир-бирининг аксидек гўё. Ваҳоланки, улар – битта халқ. Яъни жамият яратилган шарт-шароитлар, мавжуд қадриятлар асосида ўзгаради, одамлар шунга мослашади.
Келинг, узоққа бормайлик. Сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсати жамиятимиз ҳаётини тубдан ўзгартиргани бугун рад этиб бўлмас ҳақиқатга айланди. Энг кўзга ташланарлиси шуки, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар бугун бир пайтлар ватандошларимиз пичирлаб айтишга ҳам қўрққан масалаларни бемалол кўтариб чиқмоқда. Одамлар ўзгаряпти, тафаккур ўзгаряпти. Бундан 15-20 йил аввал аёлларнинг автомобиль бошқариши жамиятимизда урф бўлмаган эди. Бугун эса бу одатий ҳолга айланди. Қолаверса, жамиятимизда гендер тенглиги масаласига жиддий эътибор бериляпти. Бугун аёлларнинг жамиятдаги, давлат бошқаруви органларидаги роли тобора ортиб боряпти. Агар биз назарда тутаётган ўзгармас «менталитет» нуқтаи назаридан олиб қараганда, буларнинг ҳеч бири рўй бермаслиги керак эди, аслида.
Айни пайтда дунё олимлари аниқ бир шахс, шахслар гуруҳи ёки ҳаётнинг маълум бир соҳасига тегишли «mindset» (тафаккур тарзи) ҳақида сўз юритмоқдалар. Америкалик психолог Кэрол Двекка кўра, «growth mindset» (ўсиш тафаккури) шундай фикрлаш тарзики, унда инсон ҳамма нарсага ўз иқтидори билан эмас (бу турғун тафаккур (fixed mindset)га мисол), балки ўз ҳаракати, меҳнати билан эришади. Mindset – бу ҳаёт ҳақидаги ўта барқарор фикрлар. Бироқ бундай фикрлаш тарзини, дейлик, китоб мутолааси буткул ўзгартириб юбориши мумкин.
Хуллас, маънавиятимизни, қадриятларимизни бугунги замон нуқтаи назардан тафтиш қилиш, ривожлантириш заруратини инобатга оладиган бўлсак, биз «менталитет» тушунчасига муносабатимизни ўзгартиришимизга тўғри келади.
