Баҳонаси ўтмади

1032

ёхуд ноҳақ бўшатилган ходим ишга қайта тикланди

Нилуфар Охунова кўп йиллардан буён Тиббиёт ходимларининг малакасини ривожлантириш марказида фаолият юритиб келаётган эди. Аммо кутилмаганда иш берувчи уни ишдан бўшатди.

Сабаб эса иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномасининг муддати тугаши эди.
Шундан сўнг Н.Охунова Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига мурожаат қилди. мазкур ҳолат мутахассислар томонидан қонун доирасида ўрганиб чиқилди.
– Шикоят ўрганилгач, ходим ноҳақ ишдан бўшатилгани ойдинлашди, – дейди меҳнат ҳуқуқи инспектори Наргиза Асадова. – Аслида, Н.Охунова билан иш берувчи ўртасида муддатли меҳнат шартномаси тузилган. Меҳнат шартномасининг муддати тугагач, иш берувчи орадан уч ой вақт ўтиб, меҳнат шартномасини бекор қилган. Аммо Меҳнат кодексининг 105-моддаси иккинчи қисмида «Агар муддат тугагандан кейин ҳам меҳнатга оид муносабатлар давом этаверса ва тарафлардан бирортаси бир ҳафта давомида унинг бекор қилинишини талаб қилмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга узайтирилган ҳисобланади» деб белгиланган. Демак, бундан англашиладики, иш берувчи орадан шунча вақт ўтгач, ходимни бу тариқа лавозимдан озод этишга ҳақли эмас. Шундан келиб чиқиб, иш берувчига қонун бузилишини бартараф этиш тўғрисида кўрсатма юбордик. Шунга қарамай, иш берувчи ноқонуний равишда Н.Охуновани ишдан бўшатган.
Муроса йўли билан ҳал этилмаган иш охир-оқибат ­судгача етиб борди. Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг ҳал қилув қарорига асосан фуқаро ўз вазифасига тикланди ҳамда мажбурий прогул оқибатида бекор юрган кунлари учун унга иш берувчидан беш миллион сўм миқдорида маблағ ундириш белгиланди.

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«ISHONCH»