Соҳибқирон замондошлари бўлган тарихчиларнинг эътироф этишича, Амир Темур юлдуз каби туғилди ва қуёш каби чарақладики, унинг тафтидан музга бурканган бутун Турон эли қайта тирилди ва жаҳонга ўз сўзини айтди. Соҳибқирон Амир Темур ибн Тарағай Баҳодир (1336-1405) асос солган бу йирик ва қудратли салтанат туркий элнинг азалий орзу-умидларини рўёбга чиқара бошлади. Дастлаб Мовароуннаҳр ва Хоразмда вужудга келган давлат 1380-1402 йиллардаги ҳарбий юришлари натижасида Эрон, Ироқ, Олтин Ўрда, Туркия, Озарбайжон ва Ҳиндистоннинг шимолий қисмигача ёйилди. Дарҳақиқат, Амир Темур мўғул отларининг туёғи остида эзилиб ётган юзлаб халқларни истиқлолга олиб чиқди. Чунончи, Мовароуннаҳрда давлатсизлик ва бошсизликдан бир-бири билан ёвлашиб, қирпичоқ бўлиб ётган пароканда амирларни ягона давлатга бирлаштирди.
Давлатчиликнинг темир қонунларидан бири – бу адолат тарозусини мувозанатда ушлаб туриш ҳисобланади. Шунинг учун Турон ҳукмдори ўзи учун “Куч – адолатдадир” деган шиорни давлатининг бош ғояси сифатида амалиётга татбиқ этган. Шунинг учун ҳам мазкур ғоя Турон давлатида ахлоқий ва маънавий мезонга айланди. Амир Темурнинг ушбу ғояси бугунги кунда ҳам долзарбдир. Дунёда кечаётган гибрид урушлар ва буларнинг асосий сабаби қилиб кўрсатилаётган ижтимоий портлашларнинг негизида ҳам аслида адолатсизлик ётади. Чунки инсон ҳар қандай камситиш ва хўрликларга дош бериши мумкин, лекин адолатсизлик одамлар қалбини парчалаб ташлайди.
Амир Темурнинг ҳукмдорлик қоидаларидан яна бири – давлат бошқарувида ор-номус ва иймон ўртага қўйилади. Яъни, давлатчилик ишлари ўта ҳалоллик билан юритилмоғи шарт, чунки адолатсизлик юз бермаслиги, бундан авом халқ озор чекмаслиги керак! Шунингдек, ҳар бир давлат амалдори ватанпарвар, иймонли шахслардан иборат бўлмоғи шартки, улуғ ишларни иймонли зотларгина уддалайди.
“Аждодларингиз ким бўлганини унутманг” , деган эди Уинстон Черчилль. Дарҳақиқат, Амир Темур шахси миллатнинг асл қиёфасини намоён этади. Бунинг учун замон талабларига жавоб берадиган ҳар томонлама кучли кадрларни тайёрлаш зарур. Бу кадрлар ахлоқи тоза, маънавияти юксак, иродаси мустаҳкам, билимдон, тафаккури теран шахслар бўлмоғи шарт. Зеро, айнан мана шу авлод вақти келиб, Амир Темурдан қолган бу давлатни бошқаради.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, Амир Темур давлатининг ҳар томонлама куч-қудратга эришуви ва гуллаб-яшнашида муққадас замин – Мовароуннаҳр элининг фидойилиги, жасорати жуда катта роль ўйнаган. Бугун ана шу тажриба Ўзбекистон давлатининг қудратини ҳар томонлама юксалтиришда амалий аҳамиятга эга бўлмоқда. Миллий давлатчиликни тараққий эттириш, мамлакат фаровонлигини ошириш, фарзандларимиз учун ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳаёт барпо этиш, ёшларни жисмонан, ақлан ва маънан юксалтириш борасидаги барча ислоҳотлар Амир Темур юритган давлатчилик сиёсатига моҳиятан уйғундир.
Аброр Қиличев,
Ижтимоий-маъанавий тадқиқотлар институти ходими,
Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)



