Жаслиқ посёлкасига яқин жойдаги йўл четида бир қабртош бор. У ерга зиёратчилар гул эмас, идишларда сув олиб келишади.
Мазкур қабртошда «Покорители Устюрта», «Здесь 19-VII-1956 г. погибла студентка ГГУ Елена Серебровская» деб ёзилган.
Қабртош қошидаги лавҳда эса «Елена!!! Мы продолжили твоё дело, освоение Устюрта. В/Ч Оренбурга. 01.09.2007 г.» деган ёзувлар битилган.
…1956 йили Устюртда нефть-газ конларини қидириш ҳамда темир йўл ётқизишга бутун собиқ Иттифоқдан талаба ёшлар келади. Улар орасида Горький давлат университети (ҳозирги Нижегород давлат университети) талабаси Елена Серебровская ҳам бор эди.
Бепоён ва бераҳм саҳро ҳазил нималигини билмайди. Саҳро сирини биладиган йўловчи Устюртга кун қизиган пайтларда сув захирасини ғамламай чиқмайди. Аммо қизиққон ёшлар буни қайдан ҳам билсин?
Икки талаба битта «Газик»ка ўтириб йўлга чиқади. Йўловчиларнинг бири Елена эди. Июль ойи Устюртнинг усти худди тандирга ўхшайди. 50-60 даража иссиқда қуёш остида бир дақиқа чидаб туриш осон эмас. Атрофда соя бўладиган на дарахт, на иншоот бор. Шу пайт улар минган автомашина бузилиб қолади. Машинани ўт олдиришга армонсиз уриниб кўрган икки йигит ахийри Еленани машинада қолдириб, бошқаларни ёрдамга чақириш учун йўлга пиёда отланади. Ўзларига керакли сувни олиб, қизга ҳам етарлича қолдирар экан, «Мабодо сув тугаса, радиатордан олиб ичарсан», дея уқтириб кетишади.
Орадан қанча вақт ўтгани номаълум, ёрдам кучини чақиришга кетганлар қайтиб келганида, қиз автомобилда бўлмайди. Узоқ қидирувдан кейин қизнинг жонсиз танаси битта ўрадан топилади. Қиз бечора сув қидириб қўли билан ерни кавлайвериб, тирноқлари синиб, қонаб кетган экан…
Саҳрода сув излаб вафот этган божхона ходимининг тақдири ҳам шунга ўхшаш. Хизмат сафари билан Устюртда чегара ҳудудларини назорат қилиб юрган Қорақалпоғистон Божхона бошқармаси ходими автомобилининг ёнилғиси тугаб, аҳоли яшайдиган яқин ҳудудга пиёда бормоқчи бўлиб, йўлга чиқади. Икки кунга мўлжаллаб олиб чиққан суви тугаб қолади. Яқин атрофда одам боласи кўринмасди. Тўртинчи куни божхона хизмати майори Аман Қидиров сувсизликка чидай олмай, тақирда тўпланиб қолган шўр сувни ичиб қўяди. Лекин ёнидаги йўлдошига бермайди: «Йўқ, ичма, ўласан!» дейди. Шўр сув Аманнинг соғлиғини ёмонлаштиради ва у кўп ўтмай ҳаёт билан видолашади. Омон қолган божхоначи эса бор кучи билан олға силжийверади.
Нукусдаги офисда қолганлар касбдошларининг белгиланган вақтда келмаганидан хавотирланиб, изидан қидириб чиқади ва уларни олтинчи кун деганда базўр топади – биттасини жонсиз, иккинчисини чалажон ҳолда.
Саҳрони яхши биладиганлар, биринчи навбатда, сув танқислигини ўйлайди. Масалан, сув захираси ҳамда бир нечта катта товоқ ва целлофан олиб юради. Товоқ ва целлофаннинг сувга нима алоқаси бор, дерсиз?
Товоқ юзига целлофан кийдирилса, кун давомида товоқ ичига анча сув йиғилиб қолар экан. Иссиқхона ичи буғланиб, тепадан сув томчилаб туради-ку, бу ҳам худди шундай экан.
Овчиларнинг усули эса бошқача. Устюртга чиққанда, улар белгиланган жойларга сув қуйилган идишларни яшириб кетишади. Бирор кор-ҳол юз берса, шу сувлар мадад бўлади. Куннинг мис қайнайдиган даражадаги иссиқларида ҳам офтоб урмаслиги учун бошига, устига қалин кийимлар кийиб олишади. Қишлоқдошларига овга кетаётганини айтиб, «Агар фалон куни қайтиб келмасам, қидириб чиқарсиз», дея йўналишларини кўрсатиб кетади.
Мабодо бешафқат саҳрода транспорти бузилиб қолиб кетгудек бўлса, шу жойда бурканиб ётиб қолади. Қачон изидан одам келмагунча, битта жойдан қимирламайди. Ҳа, бу Устюртда сувсиз қолиб кетганда қўлланиладиган усул.
Юриб кетсанг – тамом. Юрган одам чанқайди, офтоб уради, йўлдан адашади ва ваҳима босади. Ваҳима эса жуда қаттиқ чанқатади…
Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»



