Бунёдкорлик насимлари

46

Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг тўрт қаватли биносига яқинлашганимда ҳайрон қолдим: салобатли иморат атрофида аввалги темир панжаралар йўқ!
Ижтимоий тармоқларда вилоят ҳокими бир ­нечта туман раҳбарларини ҳокимликлар бинолари тевараги темир тўсиқлар билан ўралгани учун танқид қилганини ёзишган эди. Шунда бир воқеа ёдимга тушди: бир куни Сурхондарё вилояти ҳокимлигига кирмоқчи бўлганимда икки-уч киши йўлимни тўсган, темир панжаралардан эса ошиб ўтишнинг иложи йўқ эди. Ўйланиб қолгандим: ичкарида ўтирганлар нега ўзларини халқдан бунчалик муҳофаза қилишади? Нимадан қўрқишар экан-а? Хафа бўлиб, изимга қайтган эдим…

Қаршига келганимда эса қувониб кетдим. Ҳокимлик идорасига бемалол кириб бордим.
– Китоб туманида туғилганман, – дейди вилоят ҳокимининг муовини Акбар Эшонқулов мени очиқ чеҳра билан кутиб олиб. – Кўп йиллар республика «Қишлоқ қурилиш банк»ига раҳбарлик қилдим. Менинг ҳам сиз каби китобга қизиқишим кучли. Тарихий асарларни, Амир Темур ҳақидаги романларни ўқиб чиқдим. Қашқадарёга келганимдан буён саноат, қурилиш, коммунал хизмат ва ободонлаштириш соҳаларида улкан ­бунёдкорлик ишлари амалга оширилишига бошқалар каби ҳисса қўшаётганимдан хурсандман.
Илгари ҳам Қаршига бир неча марта келгандим. Аммо, шаҳарнинг бугунги қиёфасини кўриб лол қоласан, киши. Қисқа вақт ичида юз берган буюк ўзгаришлар ҳайратингизни оширади. Кенг ва теп-текис кўчалар ёнидаги йўлакларда кетаётган инсонларнинг шодон кулгисию юзидаги табассум қувончингизга қувонч қўшади. Салкам уч миллионга яқин аҳоли яшайдиган воҳада одамларнинг кўнглини чоғ этиш, уларни рози қилиш осонми?
Автомобиль йўллари бошқармаси дарвозасидан кираётганимда ҳам мени тўхтатишмади. Айрим вилоятлардаги йирик ташкилотлар эшигига бош суққудек бўлсангиз, пойлоқчилик қилаётган одамлар сизнинг йўлингизни тўсишади, телефонингизни олиб қўйишади, ичкаридан рухсат олишгачгина, дарвозадан киришингизга изн беришади.
Бошқа баъзи вилоятлар бу соҳада ҳам Қашқадарёдан ўрнак олса арзир экан, дея ўйладим. Ва вилоят иқтисодиёти, фан, маънавият ва адабиёт соҳаларида фидойилик билан хизмат қилаётган ўнлаб кишилар билан гурунглашдим.
Қуйида суҳбатларнинг энг муҳимлари билан танишасиз.

Юракларга туташ йўллар

Файзулла ХУДОЙҚУЛОВ,

Қашқадарё вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси бош муҳандиси:
– Қашқадарёдаги минглаб километрга чўзилган каттаю кичик йўлларни вилоятнинг қон томирига қиёслаш мумкин. Бугунги кунда иқтисодий ва маданий соҳалардаги ислоҳотларни амалга оширишда автомобиль йўлларининг роли ва аҳамияти беқиёслигини тасаввур қилиш учун айрим мисолларни таъкидлаб ўтишни лозим топдик.
2021 йилда вилоятда 536,6 миллиард сўм маблағ ҳисобига 1205,1 километр автомобиль йўллари ва 43 та кўприк қайта қурилиши ҳамда таъмирланиши мўлжалланган, умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларини қуриш, қайта қуриш, тўла таъмирлаш, жорий таъмирлаш ҳамда сақлаш ишлари учун 181 миллиард сўмдан ошиқ маблағ ажратиш, бундан ташқари, йил давомида инвестиция дастури доирасида 30 миллиард сўм маблағ ҳисобига 12,7 километр узунликдаги автомобиль йўлларида қайта қуриш ишларини, тўла таъмирлаш дастури доирасида 30 миллиард сўм маблағ ҳисобига 30 километр узунликдаги автомобиль йўлида капитал таъмирлаш ишлари олиб бориш режалаштирилган эди.
Юқорида таъкидланган режалар ва мўлжалланган ишлар муваффақиятли амалга оширилганидан хурсандмиз.
Жамоамиз фаолияти хусусида гап кетганда, бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларни амалга ошириш ҳазилакам иш эмас. Аммо бошқармамиздаги ташаббускор ва жонкуяр кишиларнинг меҳнати туфайли ойлик ва йиллик режалар доимо ошиғи билан адо этилаётир.

Илмсиз келажак йўқ

Дамин ТЎРАЕВ,

Қарши давлат университети профессори:
– Қашқадарёдан дунёга танилган олимлар, фан, маданият, адабиёт ва санъат арбоблари етишиб чиққанидан фахрлансак арзийди. Бугунги кунда ҳам вилоятимизда маънавият ва маърифат тараққиёти йўлида билим ва маҳоратини ишга солаётган инсонлар оз эмас.
Истиқлол турли тармоқлар сингари фан соҳасида заҳмат чекаётганларга ҳам истиқбол йўлларини очиб берди. Буни биргина ўзимнинг фаолиятим мисолида очиқ-ойдин кўриб турибман. Бир неча йиллик изланишларим натижаси – «Маънавий олам талқинлари» адабий-танқидий мақолалар тўпламим нашр этилди. Ундан бугунги наср ва шеъриятдаги ўзига хосликлар ҳақидаги тадқиқотларим ўрин олди. Бундан ташқари, «Рангин тасвирлар жилоси» деб номланган монографиям ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинганидан мамнунман.

Маънавият ва иқтисод – икки қанот

Ҳусниддин КАМОЛОВ,

Қашқадарё вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғининг муовини:
– Жамоамизда 2 мингдан ошиқ киши меҳнат қилаётир. Белгиланган дастурлар ҳамда ҳар ойга белгиланган режалар ортиғи билан уддаланаётгани туфайли иқтисодий соҳада муаммолар деярли йўқ. Ишчилар ва инженер-техник ходимлар ҳар ойда маош­ларини олиб туришибди. Бундан ташқари, иш сифати ва самарадорлигига эришаётган кишилар моддий жиҳатдан рағбатлантирилаётир. Меҳнат аҳлининг самарали ишлашлари учун қулай шароитлар яратилгани диққатга сазовордир. Бу борада касаба уюшмасининг роли беқиёсдир.
Инсон ҳаётида иқтисодиёт ва молиявий жиҳатнинг роли муҳимлиги сир эмас. Аммо мен аҳамияти бундан-да кам бўлмаган маънавият ҳақида сўзламоқчиман. Тўғри, ходимларимиз миллионлаб сўм маош олишаётир. Аммо, иқтисодиёт билан бир қаторда, маънавиятни ҳам ёддан чиқарганимиз йўқ. Жамоамиз раҳбари Бекмурод Раҳимовдан тортиб Шаҳрисабз­лик ҳамкасбим Убайдулла Азизовгача маънавий-маърифий ишларни янада яхшилашга жиддий ­эътибор билан қараётир. Жойларда маънавият хоналари ташкил этилган. Ундан китоблар, журналлар ўрин олган. Шу йилнинг ўзидаёқ маънавият ва маърифат хонаси учун бир неча миллион сўмлик бадиий асарлар сотиб олишни режалаштирганмиз. Мақсадимиз – яхши меҳнат қилган киши асарлардан завқ олсин, театрга тушсин, санаторийларда дам олсин, юртимизнинг қадимий шаҳарларига саёҳатга чиқсин, санъатдан маънавий озиқ олсин, хуллас, яхши ҳордиқ чиқарсин. Жамоа­мизда бу каби ишлар яхшиланишида касаба уюшмасининг роли ва аҳамияти катта бўлаётганини алоҳида қайд этиш керак.

Ифтихор

Жумақул ҚУРБОНОВ,

«Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти бирлашган касаба уюшмалари қўмитаси раиси ўринбосари, ёзувчи:
– Узоқ йиллардан буён касаба уюшмаси соҳасида хизмат қилаётган бўлсам-да, адабиётга ихлосим баланд. Айрим ҳолларда жойларга бориб, ижодий кечалар, вилоятлардаги юзлаб мухлислар билан қизғин суҳбатлар ўтказиб тураман. Учрашувларда таниқли адиб ҳамкасбларимнинг ижод хусусидаги қизиқарли гурунгларини мароқ билан тинглайман.
Кўп йиллардан буён насрда ижод қилиб келяпман. «Қоракўз», «Чорраҳа», «Дард» сингари қисса ва ҳикоялар китобларим чоп этилди. Бундан ташқари «Сардоба» роман-трилогия­­ни нашр эттиришга муваффақ бўлдим. Айни пайтда ҳам турли жанрлардаги бадиий асарлар яратиш устида ишлаяпман. Шу билан бирга, сиёсий фанлар номзоди сифатида турли маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этяпман.
Ҳозирги пайтда мен истиқомат қилаётган вилоятда фидойи инсонлар ташаббуси билан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганидан, ўнлаб ижодкорлар ҳамда фан ва маданият арбоблари билан мазмундор учрашувлар ўтказилаётганидан қувониб кетаман.

Эътибор ва эътироф

Ўроз ҲАЙДАР,

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими масъул ходими:
– Сўнгги йилларда вилоятимизда адабий муҳит, ижодий жараёнлар анча жонланди, Қашқадарёда яшаётган шоир-ёзувчилар бир-биридан сара, бадиий жиҳатдан пишиқ-пухта асарлар яратишди, яратишмоқда. Қолаверса, вилоят ҳокими Муроджон Азимов ижод аҳлига ўзгача эътибор қаратиб келмоқда, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Ҳокимлик ташаббуси билан қашқадарёлик адиблар ижоди жамланган икки жилд­лик «Зумрад воҳа насимлари» номли баёз нашр этилгани ижодкорлар учун ажойиб туҳфа бўлди.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида Қарши шаҳри марказида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, респуб­лика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда вилоят Нуронийлар кенгаши учун янги ва замонавий кўринишдаги бино фойдаланишга топширилди. Унда барча шарт-шароитлар яратилган. Ростини ­айтсам, мазкур бинони уюшманинг вилоят бўлими жойлашган аввалги маскан билан солиштирганда, ер билан осмонча фарқи бор, десам ҳечам муболаға бўлмайди.
Адабиётга эътибор – келажакка эътибордир. Мазкур сўзларнинг амалий ифодасини бугун кўриб ва ҳис қилиб турибмиз.

* * *

…Қашқадарёдан қайтаётганимда қадим Чироқчининг, ­сўнгра эса Шаҳрисабз ва Китобнинг кенг ва равон йўлларидан ўқдек учиб бораётган машина ойнасидан атрофга кўз югуртирдим. Ҳамма жойда янгиланиш, яшариш. Ҳатто қишлоқлар ҳам қурилиш майдонига айланган. Воҳанинг меҳнат аҳли ҳар бир соҳада фаоллик кўрсатишаётгани, бунёдкорлик ишларини бир зум ҳам сусайтирмасдан давом эттиришаётгани қувонарлидир.
Иқтисодиёт ва маънавият Қашқадарё воҳасининг ҳам қон томирларига айланган. Бу қон томирлари эса воҳанинг бутун вужудига ҳаёт бахш этаётир. Фидойи инсонлари билан гурунг­лашиб қайтар эканман, истеъдодли шоир Рустам Мусурмоннинг қуйидаги шеъри ёдимга тушди.

Ҳаводан олача тўқийди қуёш,
Томчилардан маржон ясайди ёмғир.
Юрагини лола этар тоғу тош,
Кўпкари чопади ер-қора бағир.
Бандидан узилар узум олтин бош,
Ҳўкизнинг шохига қуйилар чоғир.
Бодомни абадий севар харсанг тош,
Кўпкари чопади ер-қора бағир.

Жовли ХУШБОҚ,
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси