Онлайн фирибгарлик

50

Биз нималардан эҳтиёт бўлишимиз керак?

Оддий изоҳ: Фириб сўзи алдаш, йўлдан оздириш, ­макр-ҳийла маъноларини билдиради. Шу ишни қилган ёки буни касбга айлантириб олган кимсага эса фирибгар дейилади.

Энди моҳиятга келсак, ҳамма замонларда ҳам фириб ва фирибгарлик бўлган. Кейинги пайтда эса фирибгарлик ҳам «замонавийлашди». Шунчаки, ҳамма интернетга ва ижтимоий тармоқларга кўчиб ўтган замонда улар ҳам ўз макр тўрларини шу ерда ёя бошлади.
Бугун онлайн бизнес ривожланмоқда, ва афсуски, онлайн фирибгарлик ҳам…
Ахборот технологиялари орқали амалга оширилаётган фирибгарлик­лар – хайрия маблағлари учун ташкил қилинган пластик карталардан пул ечиб олиш ҳолатлари, ер, уй олди-сотдиси кабиларни ташкил этади. Кўп учрайдиган фирибгарлик ҳолатларидан яна бири бу чет элга ишга жўнатиш, хориждаги учинчи шахс­-лардан сизнинг маълум миқдордаги пул мукофотини ютиб олганингиз ҳақидаги келадиган хатлардир. Фирибгарликнинг яна бир тури – молиявий пирамида. Молиявий пирамиданинг кенг қулоч ёйиши ва унинг хизматига аҳолининг ёппасига қизиқиши қуйидаги омилларга боғлиқ: ишсизлик ва даромаднинг пастлиги, молиявий ва ҳуқуқий саводсизлик.
Фирибгарлар мақсадини амалга ошириш йўлида ҳеч нарсадан қайт­майди. Айниқса, ахборот-коммуникация технологиялари жадал тараққий топиб бораётган бир вақтда фирибгарлар интернет тармоқларидан кенг фойдаланиб, одамларни алдаб чув тушириб кетишга уринмоқдалар.
Статистик маълумотларга кўра, 2021 йилнинг 10 ойи давомида ­компьютер технологиялари орқали содир этилган фирибгарликлар тури 32 тага етган. Чет элга жўнатиш билан боғлиқ товламачиликлар тури эса 37 тани ташкил этган. Ўқишга ва ишга киритиб қўйиш ҳақидаги алдовлар сони ҳам «ўсиш»дан тўхтамаяпти. Ачинарлиси, ўтган йили фирибгарлик ҳолатларини содир этганларнинг 463 тасини аёллар ташкил этган. 511 таси муқаддам судланганлар, 1277 таси эса ишламайдиганлар томонидан амалга оширилган.
Хўш, фирибгарларнинг тузоғига илинмаслик учун нималарга эътиборли бўлиш лозим.
Мутахассислар бунинг учун, энг аввало, шахсий маълумотларга эҳтиёт бўлиш зарурлигини таъкидлашади. Ижтимоий тармоқларда кўрсатилган шахсий маълумотларнинг ўзи жиноий гуруҳлар қурбони бўлиш учун етарлидир.
Шундай экан, шахсий маълумотларни бировга юборишдан аввал чуқур ўйлаб кўриш керак. Ҳозир онлайн-харид соҳасида, тўлов картаси билан, онлайн-насия бериш соҳасида телефон қўнғироқлари ва SMS хабарномалардан фойдаланган ҳолда маблағни ўзлаштириб олиш ҳоллари кўпайиб кетган.
Шу боис, барчамиз интернетдан фойдаланганда эҳтиёт бўлишимиз керак. Виртуал оламда яхши ниятда кезаётганлар ҳам, қабиҳ мақсадда юрганлар ҳам бор.
Тўғри, қонунчиликда ҳозирги вақтда авж олаётган ва жуда кўпчилик арз қилаётган онлайн фирибгарлик ва ўғрилик жиноятлари учун жазо чоралари мавжуд. Аммо шуни унутмаслик керакки, аввало, ўзимиз эҳтиёткор бўлишимиз, бундай ҳолатларга имкон қолдирмаслигимиз даркор.

Шаҳло АБДУРАҲМОНОВА,
«ISHONCH»