Келажакка лоқайд бўлмайлик!

128

Ёхуд болалар соғломлаштириш оромгоҳларида аҳвол қандай?

Қизиқ ҳолат: ўтган чорак асрда мамлакатимиз аҳолиси қанчага кўпайди? Болалар-чи? Шу билан бирга, ёш авлоднинг саломатлигида муҳим аҳамиятга эга бўлган соғломлаштириш оромгоҳлари-чи?
Афсуски, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳолат ачинарли. Ўтган даврда кўплаб, жуда кўп­лаб оромгоҳлар йўқ бўлиб кетган. Баъзи ҳокимликлар, турли ташкилотлар эса, янги оромгоҳларни қуриш ҳақида-ку гапирмай қўя қолайлик, мавжудларини асраб қолиш тўғрисида ҳам жон койитмаган.
Энг қизиғи, оромгоҳлар масаласига ҳукумат даражасида эътибор берилиб, уларни сотиб юбормаслик, уларни ҳар жиҳатдан пухта таъмирлаб, мавсумга тайёрлаш талаб қилинса-да, қуйидаги айрим раҳбарлар бу топшириқлардан «бехабар» қолиб, ҳалигача билганича иш тутишмоқда. Яъни, ҳалигача оромгоҳлар сотиляпти…
Ҳадемай, яъни июнь ойидан болалар оромгоҳларига қабул бошланади. Хўш, айни кунларда ободонлаштириш, таъмирлаш ишларини якунига етказиш, зарур жиҳозларнинг кам-кўстини тўғрилаш, болажонларнинг ёзги таътилни қизиқарли ва мазмунли ўтказиши учун қай даражада тайёргарлик кўрилмоқда?
Афсуски, бу борада амалга оширилган ишлар, кўрилаётган чора-тадбирларни кўнгилдагидек деб бўлмайди. Бунга ўрганишлар давомида аниқланган ҳолатлар бўйича ёзилган танқидий мақолаларни ўқиб, ўзингиз амин бўласиз.
Таҳририят жамоаси оромгоҳларни ўрганишлар жараёнида аниқланган камчилик­лар, муаммолар ҳақида ва шунингдек, келгуси тақдири катта сўроқ остида қолаётган оромгоҳлар масаласига имкон қадар ойдинлик киритиш мақсадида ҳудудлардан туркум мақолалар тайёрламоқда.
Қуйида улардан иккитаси билан танишасиз.

ХАРОБАГА АЙЛАНГАН ОРОМГОҲЛАР

Нукус шаҳри чеккасидаги сўлим жойда жойлашган «Жеткиншек» (аввалги номи «Космос») болалар оромгоҳи фаолияти тугатилишига лоқайдлик сабаб бўлган.

Яъни, «Жеткиншек» болалар оромгоҳи «Қорақалпоқ машина-трактор парки» бирлашмасига қарашли «Тахиатош агротехмаш» ОАЖ балансида бўлган. Навбатдаги мавсумга болаларни қабул қилиш учун тайёргарлик кўриш керак, аммо таъмирталаб аҳволдаги оромгоҳга ташкилот маблағ ажрата олмайди. Шу орада Тахиатош шаҳридан бир тадбиркор оромгоҳга тегишли барча сарф-харажатларни ўз бўйнига олиш ташаббуси билан чиқади, лекин йўлланмаларни ўзи ташкил қилиш шартини қўяди. Бу таклиф ҳокимиятдагиларга ҳам, бирлашма раҳбарларига ҳам маъқул келади.
Кейин тадбиркор таъмирлаш ишларини бош­лаб юборади ва оромгоҳ мавсумга шай ҳолатга келади. Кейин… «тадбиркор»нинг қинғир ишлари фош бўлади. У болаларни дам олдиришни эмас, балки миссионерлик фаолиятни амалга ошираётган бўлиб чиқади.
«Жеткиншек» болалар оромгоҳининг фаолияти расман 2007 йилда тўхтатилган. 14,5 гектар ер майдонига эга, 80 ўринга мўлжалланган ушбу оромгоҳ атрофида 5 та болалар ёзги павильони, 5 та корпус, 1 та спорт зали, 1 та ёзги кино театр ва спорт майдончалари ҳамда 1 та фаввора мавжуд бўлган.
Бир вақтлар гуллаб-яшнаган, минглаб болаларнинг бахтли онларига гувоҳ бўлган оромгоҳ бугун хароб аҳволда. У яқин атрофда яшайдиган аҳоли моллари учун қўрага айланган.
Ҳозирда Нукус шаҳар ҳокимлиги балансида сақланиб келинаётган бу масканга кўз тикканлар ҳам кам эмас. Ҳокимлик вакилларининг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясининг бўлими ёки Қорақалпоғистон Республикаси Онкология диспансери бинолари шу жойда қад ростлаши эҳтимоли бор. Балки ЎзФА Қорақалпоғистон бўлимига берилар. Айни пайтда «Деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаларини ижарага беришнинг маъмурий регламенти»га мувофиқ, «Ҳар бир ёшга бир гектар» лойиҳаси бўйича бандлиги таъминланмаган ёшларга 1 гектардан ажратиб бериш ҳам мўлжалланётган экан.
Аммо, ўзига оҳанрабодек ром қиладиган сўлим гўша учун фақат болалар оромгоҳи ёки санаторий каби лойиҳалар мосдек туюлади.
«Қанийди, бу ерга ҳам Мўйноқдаги «Оқ кема» каби муҳташам болалар оромгоҳи қад ростласа. Қорақалпоғистонда болалар оромгоҳларига талаб катта. Масалан, ҳудудда 7-14 ёшдаги болалар сони 200 минг атрофида. Бир йилда шуларнинг атиги 5 минг нафаригина дам олдирилади. Бу 2,5 ошиб кетса, 3 фоиз дегани. «Инсон қадри учун» тамойили остида қанчадан-қанча янги ташаббуслар кўтарилмоқда. Биз ҳам болаларимиз келажагини ўйлашимиз керак. Оромгоҳлар ташкил этиш масаласи ҳукумат даражасида кўтарилиши лозим. Масалан, «Жеткиншек» болалар оромгоҳини қайта тикласак, йилнинг барча мавсумида болаларни дам олдириш ва соғломлаштиришни ташкил этиш мумкин», дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон кенгашининг Маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири Гулмурат Тлепов.
Хароб бўлган оромгоҳлар қаторига Нукус шаҳри шимолидаги Аччиқкўл қирғоғидаги «Жулдизша» болалар оромгоҳини ҳам киритиш мумкин. Ажойиб табиат бағрида бўлган оромгоҳдан ҳозирда асар ҳам қолмаган. Фақатгина собиқ иттифоқ даврига оид эсдалик-монументлар «қад ростлаб» турган бўлмаса, бошқа биноларнинг ўринлари текисланиб ташланган, қалин дарахтзордан эса ном-нишон йўқ.
«Жулдизша» оромгоҳи 1954 йилда қурилган бўлиб, 1,4 гектар майдонга эга, 80 ўринга мўлжалланган эди. 2005 йилдан буён фаолияти тўхтатилган оромгоҳда ҳар навбатда 80 нафар бола қабул қилинган. Оромгоҳда 2 та ёзги павильон, 1 та ошхона, 1 та тиббиёт хонаси, 1 та омборхона ва 1 та душ мавжуд бўлган.
Айни пайтда хусусий тадбиркорлик жамияти балансидаги ҳудуд келгусида сув спортини ривожлантириш учун мўлжалланмоқда.
Шунақа гаплар, агар оромгоҳларнинг эски альбомларда сақланган суратларини кўрсангиз, ҳавас қиласиз. Аммо уларнинг ҳозирги кундаги аҳволидан хабар топсангиз, чуқур хўрсиниб қўясиз…

Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»

АРХИВЛАРДА ҚОЛГАН НОМЛАР

Наманган вилоятида бир вақтлар корхона, ташкилот ва муассасалар тасарруфида 19 та болалар оромгоҳи бўлган. Шундан бугунги кунда саккизтаси амалда фаолият кўрсатади, иккитаси эса қайта қурилмоқда. Афсуски, қаровсиз ҳолатга келгач, сотиб юборилган ва бошқа мақсадларда фаолият кўрсатаётган оромгоҳларнинг аксарияти камида 20 йил олдин ёпилиб кетган.

Чуст туманидаги «Сўлим», «Дилшод», «Дўстлик», Янгиқўрғон туманидаги «Шаршара», «Ғунча» ҳамда Косонсой туманидаги «Қурувчи» оромгоҳлари шу кунгача хусусийлаштирилиб, фуқароларнинг мулкига айланиб бўлган. Ўз вақтида болаларни қучоғига олиб, уларга маънавий, руҳий ҳордиқ бера олган бу ёзги оромгоҳларнинг номи бугун архив қоғозлардагина қолган, холос.
Хўш, сўлим гўшаларда барпо этилган бу оромгоҳлар нега бирин-кетин ёпилиб кетган? Нега масъуллар бунга бефарқ қарашган?!.Ана шу бефарқлик туфайли бугун амалдаги оромгоҳларнинг эрта-индин ёпилиб кетмаслигига ким кафолат беради?!
Бу ҳолатга йўл қўймаслик учун ҳаракатни бугундан бошлаб, оромгоҳларни тубдан яхшилаш, мавжудларини сақлаб қолиш керак.
Айни пайтда вилоятда жами 8 та стацио­нар болалар соғломлаштириш оромгоҳи мавжуд. Янгиқўрғон туманидаги «Камалак» ҳамда «Лола», Норин туманидаги «Норин» оромгоҳлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилояти кенгаши тасарруфида бўлиб, ушбу масканлар бириктирилган вакиллар томонидан доимий назорат қилиб борилади. Бундан ташқари, Уйчи туманидаги «Уйчи умид ниҳоллари», Косонсой туманидаги «Олмазор» ва «Соҳил», Поп туманидаги «Офтобча» ҳамда Чуст туманидаги «Баркамол авлод» болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ҳам мавжуд бўлиб, ушбу оромгоҳлар тақдири кўп ҳолларда уларга эгалик қилувчилар қўлида қолиб кетмоқда.
Ҳудудлардаги ёзги оромгоҳларнинг бу йилги аҳволи, у ерда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида касаба уюшмалари вакиллари томонидан ўрганишлар олиб борилди. Ўрганишлар чоғида юқоридаги масканларнинг аксариятида кўплаб камчиликлар борлиги аниқланган.
Уйчи тумани ҳокимияти балансидаги 400 ўринга мўлжалланган «Уйчи умид ниҳоллари» оромгоҳида йил бўйи таъмирлаш ва кўкаламзорлаштириш ишлари умуман олиб борилмаганлиги маълум бўлди. Айниқса, ётоқхона жиҳозлари, ўриндиқ курсилар таъмирталаб аҳволда бўлиб, уларни янгиларига алмаштириш зарурати бор. Мазкур оромгоҳ учун бириктирилган касаба уюшмалари вакили Қодирхон Мавлоновнинг берган маълумотига кўра, ушбу маскан ўтган йили аукцион тизими орқали якка тартибдаги тадбиркорга ижара шартномаси асосида берилган. Ҳозирда тадбиркор томонидан оромгоҳнинг биринчи биносида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, ўрганиш­лар давомида илгари Поп ўрмон хўжалиги тасарруфида бўлган 140 ўринга мўлжалланган «Офтобча» болалар мас­кани ҳам мутлақо қаровсиз аҳволдалиги маълум бўлди. Айни пайтда бу ерда мавсумга тайёргарлик ишларига ҳатто қўл ҳам урилмаган.
Косонсой туманидаги «Олмазор» ҳамда «Соҳил» болалар оромгоҳларида мавсумга тайёргарлик ишлари бошланган. Аммо «Олмазор» оромгоҳида ҳали қилиниши керак бўлган ишлар талайгина эканлиги жойида олинган фотосуратларда ҳам яққол акс этган.
Бу йилги ёзги мавсумга ҳам кўп вақт қолмади. Афсуски, оромгоҳларни мавсумга, яъни болаларни қабул қилишга тахт ҳолатга келтириш ишлари кўнгилдагидек эмас. Ҳали ишлар кўп.
Маълумот учун, Наманган вилоятида бу йилги мавсумда жами 8000 нафар бола шаҳардан ташқаридаги оромгоҳларда соғломлаштирилиши режалаштирилган. Шундан 5400 нафари касаба уюшмалари маблағи ҳисобидан, қолган 2400 нафари эса шаҳар, туман ҳокимликлари ҳамда ҳомийлар маб­лағи ҳисобидан амалга оширилади.

Орзугул РУСТАМОВА,
«ISHONCH»