ёхуд бўлиши мумкин эмас, дейишга шошилманг
Учкўприк туманининг Ҳошимдашт қишлоғидаги 342 нафар ўқувчи таҳсил олаётган 53-умумтаълим мактаби кутубхонаси қишлоқнинг эски масжидида жойлашган.
Ишонаверинг, бу – рост. Чунки мактабда кутубхона учун хона йўқ.
1972 йилда дастлаб боғча сифатида фойдаланишга топширилган мазкур бино кейинчалик мактабга айлантирилган. Муассаса ҳудуди 22 сотихдан иборат. Таълим даргоҳида 8 та синф хонаси бор, 15 та синф ўқувчилари икки навбатда таҳсил олади.
Бир қарашда муассаса рисоладагидек кўринса-да, синф хоналаридаги манзара киши кўнглини хира қилади.
Парта ва стуллар кам. Масалан, 11-синф хонасини олайлик. Хона жуда тор. Бу синфда жами 19 нафар ўғил-қиз таҳсил олади, аммо синф хонасидаги парта ва стуллар 16 нафар ўқувчига етади, холос. Агар ўқувчилар дарсга тўлиқ келса, ўқувчилар дарсга кам келган синфлардан стуллар олиб чиқилиб, 1 та партага уч киши ўтиришар экан…
Бу ҳам етмагандек, парталарнинг ҳам, стулларнинг ҳам баланд-пастлиги ҳар хил. 4-синф хонасидаги стуллар шу қадар кичкинаки, худди болалар боғчаси учун мўлжаллангандек гўё…
5-синфдаги парталар эса анча «қадимий». 1-синф ўқувчилари ўқийдиган синф хонасидаги парталар ҳам аллақачон хизматини ўтаб бўлган. Айнан шу синфда тушдан кейин 4-синф ўқувчилари билим олишади. Бироқ парталар 4-синф ўқувчиларига мос келмайди.
Ажабланарлиси, мактабда директор, унинг ўринбосарлари ва ўқитувчилар учун хона йўқ. Ошхона, мажлислар зали, мусиқа, спорт зали ва ўқув-лаборатория хоналари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Каталакдек хона ҳам қоровулхона, ҳам ўқитувчилар хонаси, ҳам ошхона, ҳам тиббиёт хонаси, ҳам ўқувчиларнинг кийим алмаштириш хонаси ўрнида фойдаланилади.
– Кўриб турибсиз, мактабда ўқувчилар учун ҳам, ўқитувчилар учун ҳам шароит йўқ. Хоналар етишмайди. Шу сабаб туман ва вилоят ҳокимликларига ҳошимдаштлик ўғил-қизлар учун янги мактаб зарурлиги ва мактаб қурилиши учун ер майдони ажратишда кўмак сўраб кўп маротаба мурожаат қилдик, – дейди маҳалла фаолларидан бири Ўлмасхон Отабекова. – Ўтган йили ёзда мактаб қурилишига ер ажратиш бўйича шахсан вилоят ҳокими билан учрашганмиз. Ҳоким бу масалани ўринбосари Файзулло Қосимовга топширганди. У киши Ҳошимдаштга бориб, мактабни кўришини ва ер майдони ажратилишида кўмак беришини айтганди. Мана, орадан шунча вақт ўтса-да, ундан дарак йўқ.
– Тунов куни вилоят ва тумандан мутасаддилар келиб, янги мактаб қурилиши учун жой йўқлигини баҳона қилиб, мактаб ҳовлисида 2 қаватли 220 ўринли ўқув биноси қурилишини айтишди, – дейди яна бир суҳбатдошимиз Мапиратой Абдураҳимова. – Бу, албатта, яхши янгилик. Лекин, ўйлаб кўринг, ўзи мактаб ҳудудининг жами майдони 22 сотих бўлса, унинг ярмини ўқув биноси эгаллаган бўлса, унга яна қандай қилиб мактаб қуриш мумкин?
– Мактабдан 150 метр нарида мактабнинг 20 сотихли стадиони бор. Унинг ёнида боғ ва фермер хўжалигига қарашли ер бор, – дейди Абдуҳамид Раҳмонов. – Масъул идора вакиллари янги мактабни шу ерга қурамиз дейишганди. Аммо нима бўлди-ю, бу фикрларидан қайтишди. Агар мактаб ҳовлисида янги ўқув биноси қурилса, «нафас» олишга ҳам жой қолмайди-ку! Наҳотки, мактаб қуриш учун бошқа ер йўқ бўлса? Ерни мактаб учун, келажак авлод учун сўраяпмиз, ахир?
Дарҳақиқат, ҳошимдаштликларнинг куйинганича бор. Бу жумбоқни ким ечади? Масалага мутасаддилардан изоҳ кутиб қоламиз.
Жамшид ЭРГАШЕВ,
«ISHONCH»
