Қишлоқ аёллари учун тренинг

40

 “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Германиянинг халқаро ҳамкорлик бўйича Жамғарма кассалари фонди билан биргаликда янги лойиҳани амалга оширишга киришди. Унда қишлоқ хўжалигида банд бўлган ёки ушбу соҳага қизиқувчи хотин-қизларнинг молиявий саводхонлигини ошириш, уларга ахборот ва молиявий ресурслардан фойдаланиш сир-асрорлари ҳақида маълумотлар бериш кўзда тутилган. Шунга кўра, Тошкент, Жиззах, Самарқанд вилоятлари ва Қорақалпоғистонда семинар-тренинглар уюштириш режалаштирилган. Бу жараёнда махсус сертификатга эга икки нафар тренер уч кун мобайнида қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган ёки хусусий томорқасида ўз бизнесини бошлашни хоҳлаган 20 нафар хотин-қиз учун микробизнес бўйича амалий машғулотлар ўтказади.

– Семинар иштирокчилари маркетингга оид билимлардан ташқари бозор динамикаси, рақобатни англаш, бухгалтерия ҳисоби ва назорат қилишнинг асосий тамойилларини тушуниш, микро молия ташкилотлари билан мижозлар ўртасидаги ҳамкорлик, кредитдан самарали фойдаланиш хусусида ҳам зарур маълумотларга эга бўлишади, – дейди ассоциация раиси Гулнора Маҳмудова. – Шунингдек, бўлажак фермерларнинг молиявий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш учун махсус тайёрланган симуляция-ўйинлар давомида тадбиркорона фикрлашга ўргатувчи тренинглар ҳам ташкил этилади.

– Машғулотларда муваффақиятли қатнашганларга ташкилотчилар томонидан махсус сертификатлар берилади, – дейди “German Sparkassenstiftung” халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Матиас Ванглер. – Келгусида улар имтиёзли кредитлар олиш, оилавий тадбиркорликни бошлаш, мавжуд бизнесларини ривожлантириш имконига эга бўлишади. Ушбу лойиҳага икки давлатнинг дўстона муносабатлари асос қилиб олинган. Асосий мақсад  Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигига кўмаклашишдан иборатдир.

 Комила БОЙМУРОДОВА.

“ISHONCH”