Миллий матбуот марказида “Ўзметкомбинат” акционерлик жамиятининг раҳбарияти иштирокида “Металлургия соҳасида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳамда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида “Яшил йиллик” уммуммиллий тадбирида амалга оширилган ишлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда “Ўзметкомбинат” акционерлик компаниясининг бошқарув раиси биринчи ўринбосари, тараққиёт бўйича директори Санжар Ғуломов, Умумий мақсадлар бўйича директор ўринбосари Акмал Шарипов, Экология ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш бўлимининг бошлиғи Ҳусниддин Мақсудов ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда комбинатда, йирик инвестицион 770 млн сўмлик лойиҳа “Қуюв прокат мажмуаси” амалга оширилган бўлиб, шу тариқа халқаро молия корпорациялари, халқаро конвенциялар талаблари тўлиқ бажарилади. Шунингдек, ҳаво атмосферасига чиқадиган газсимон моддаларнинг меъёрий миқдорини ўрганиш, уни таҳлил қилиш, ўсимлик дунёси ва тупроққа зарар етказилишининг олдини олиш, комбинатнинг Санитар муҳофаза ҳудудида экологик мониторинг ишларини ўтказиш борасидаги муайян ишлар ҳозирданоқ ўз самараси бера бошлади.
Комбинат ички логистика самарадорлигини ошириш ва юк автомобилларининг тузлуксиз оқимини таъминлаш мақсадида “Далварзин” канали орқали янги кўприк ҳамда 6-сон янги назорат ўтказиш пункти қурилди. Бекобод шаҳри остонасидан комбинат ҳудудига элтувчи, 1,2 километрлик бўлган янги автомобиль йўли қурилиши тўлиқ якунига етказилиб, фойдаланишга топширилди.
Лойиҳа доирасида иссиқ ҳолда прокатланган лист ўрамларини ички бозорда сотишнинг таҳлил ҳажми умумий ишлаб чиқариш ҳажмининг 90 фоизини ташкил этади. Қўшни мамлакатларга экспорт ҳажми эса 10 фоиз ёки 104 минг тонна миқдорида режалаштирилган бўлиб, маҳсулотнинг қолган қисмини биржа савдоларида ички талабни қондириш учун реализация қилиш мўлжалланган.
Комбинат томонидан асосан арматура, пўлат, зомин шарлари ишлаб чиқарилади. 2021 йилга қадар мазкур маҳсулотларнинг 95 фоизи Афғонистонга экспорт қилинган бўлса, айни дамда Қозоғистон, Тожикистон, Чехия, Литвага ҳам юборилмоқда. Ички бозордаги талабни тўла қондириш мақсадида хом-ашё маҳсулотларидан асосан темир рудаси Россия давлатидан олинмоқда.
Анжуманда жорий йилда комбинат ҳудудида 15 000 дона манзарали дарахт ва 8 000 дона мавсумий гул кўчати экилиб, яшил ҳудудни томчилатиб суғориш режалаштирилаётгани ҳам таъкидланди.
Тадбир якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.
Шаҳло Абдураҳмонова,
ishonch.uz



