МУАММОГА ЕЧИМ БОРМИ?
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига!
Касбим пайвандчи. 34 ёшдаман. Вақтинча ишсизман.
Яшаш ҳудудим бўйича бандликка кўмаклашиш марказига борганимда, менга жорий йил бўйича бўш иш ўринлари рўйхати тақдим этилди. Аммо ўша иш ўринларининг ойлик маоши 600-800 минг сўмдан ошмайди. Хўш, бу арзимас маош билан вояга етмаган тўрт фарзандни боқиш мумкинми?
Чиқмаган жондан умид дея иш излашда давом этдим. Афсуски, маоши арзирли иш тополмадим. Шундан сўнг вақтинча ишсизлик нафақаси олиш учун улар сўраган ҳужжатларни йиғиб бердим. Махсус комиссия ҳужжатларимни ўрганиб чиққач, менга ишсизлик нафақаси тайинланиши мумкин экан.
Мана, икки ойдан ортиқ вақт ўтяпти ҳамки, комиссия хулосаси ҳақида менга хабар берилгани йўқ.
Мутасаддиларга саволим шуки, бандликка кўмаклашиш марказларида таклиф этилаётган бўш иш ўринларининг ойлик маоши нега бу қадар паст? Ишсизлик нафақаси олиш учун топширилган ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати қанча?
Мираъзам КАРИМОВ
Яшнобод тумани
ИМТИЁЗ БИЗГА ҲАМ ТААЛЛУҚЛИМИ?
Молия вазирлиги
ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига!
Президентимизнинг 2022 йил 17 февралдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, 1 апрелдан имконияти чекланган шахсларга бир хил миқдорда – 622 минг сўм нафақа тайинланиши белгиланди.
Ўзимдан келиб гапирадиган бўлсам, мен касб касаллиги бўйича 3-гуруҳ ногирониман. 60 фоиз меҳнатга лаёқатимни йўқотганман. Айни чоғда ишхонам томонидан соғлиққа етказилган зарар учун ойма-ой товон пули тўлаб келинмоқда. Менга ўхшаб иш билан боғлиқ ҳолатда минглаб кишиларга ҳам зарар тўланмоқда. Аммо бу миқдор жуда оз. Эндиликда бизга ўхшаб меҳнат жамоаларидан нафақа олаётган фуқароларнинг ҳам нафақа пули миқдори 622 минг сўмга етказиладими? Юқоридаги фармон бизга ҳам тааллуқлими?
Лола ЎРОЛОВА
Каттақўрғон шаҳри
МАЛАКАЛИ ҲАМШИРАЛАР ФАҚАТ ПОЙТАХТДАМИ?
Соғлиқни сақлаш вазирлигига!
Ўтган йили пойтахт шифохоналарининг бирида фарзандимда жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Турли қон таҳлиллари олинди. Бола ортиқча қийналмаслиги, муолажанинг тез ва ўз вақтида қабул қилиниши учун вена ичига катетер жойлаб қўйишди. Болажоним ҳеч қандай оғриқни сезмай, уколдан қўрқмай муолажаларни қабул қилди.
Яқинда эса Тошкент вилоятидаги болалар шифохонасида ҳам даволанишга тўғри келди. Табиийки, болада бемор инжиқлиги ва игнадан қўрқиш бор. Боз устига, ҳамширалар томирга тушолмади, қаерда томир кўринса, игна суқишга уриниб кўришди. Ҳар «укол»да қийналмасин деб катетер улашни талаб қилдим. Шифокорнинг жавобидан ёқамни ушлаб қолдим: «Булар венага жойлаш техникасини билмайди».
Бу турдаги игналар неча йил илгари пайдо бўлган, бунинг устига, болалар шифохонаси бўлса, наҳотки томирга катетер улашни ўзлаштиришмаган? Буни шифокор ҳам жимгина қабул қилиб қўя қолса…
Савол шуки, тиббиёт ҳамшираси малакаси қандай текширилади? Уларнинг билими, хизмат кўрсатиш уқуви қай тахлит ривожлантириб борилади?
Озода МАМАДАЛИЕВА
Бекобод тумани
МЕҲНАТИМИЗ ҚАДР ТОПАДИМИ?
Молия вазирлигига!
Меҳнат қонунчилиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва тармоқ ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ўртасидаги тармоқ келишувига кўра, навбатчилик асосида иш ташкил этиладиган соғлиқни сақлаш муассасаларида ходимларнинг 18:00 дан 22:00 гача бўлган даврдаги фаолияти учун 1,25, республикада ўрнатилган умумхалқ байрамларининг биринчи кунлари навбатчиликда ишлагани учун икки баробар ҳақ тўланиши керак.
Бироқ молия идоралари томонидан тегишли маблағлар ажратилмагани сабабли ушбу талаблар бажарилмаётир. Холбуки, байрам кунлари барча шоду ҳуррамлик қилаётган, вақтини оиласи ва яқинлари даврасида, саёҳатда хурсандчилик билан ўтказаётган паллада тиббиёт ходимлари ўз ҳаловатидан кечиб, халқ хизматида бўлади. Меҳнати қадрланмаётгани, фидойилиги учун қонунда белгиланган ҳақини ололмаётгани тиббиёт ходимларида ҳақли эътирозларга сабаб бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари тиббиёт ходимларининг иш ҳақларини 1000 АҚШ доллари баробаригача кўтариш ҳақида қайғураётган бир вақтда молия идораларининг қонун талабларини бажармаслигини қандай изоҳлаш мумкин?
Молия идоралари қачон қонун талаблари асосида фаолият юритади? Қачон шифокорлар меҳнати қадр топади?
Байрамларда эл хизматида бўладиган тиббиёт ходимлари қонунчиликда кўрсатилган ҳақларини олишларига ишонса бўладими?
Юнусбек РЎЗМЕТОВ
Урганч шаҳри
ЭЪТИБОРСИЗЛИК БОИСИ НИМАДА?
Сариосиё туманидаги «Сурхон сифат текстиль» МЧЖ раҳбарига!
Сиз раҳбарлик қилаётган «Сурхон сифат текстиль» МЧЖ корхонасида 1200 нафар хотин-қиз ишлайди. Афсуски, ташкил этилганига 4 йил бўлганига қарамай, корхонангизда касаба уюшмаси тузиш ишлари пайсалга солиб келинмоқда.
Айтинг-чи, корхонангизда ишчи-ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ким ҳимоя қилади?
А.Қўзимуродов,
Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Сурхондарё вилояти бирлашган
қўмитаси раиси
СИМЁҒОЧЛАР ЯНГИЛАНАДИМИ?
Энергетика вазирлигига!
Электр энергияси таъминотидаги узилишлар борган сари камроқ учрамоқда. Бугун юртимизнинг энг чекка қишлоқлари ҳам куну тун чароғон. Аммо электр энергиясидан тежаб-тергаб фойдаланишда ҳар қадамда бошбошдоқликка дуч келинмоқда. Истеъмолчиларни-ку, қўя турайлик, айнан шу соҳага масъул ташкилотлар томонидан ҳам тежамкорликка амал қилинмаётганига нима дейсиз?
Айтишларича, узатилаётган электр энергиясининг маълум қисми тармоқлардаги носозликлар туфайли ҳавога совуриларкан. Биргина Самарқанд вилояти мисолида олиб кўрадиган бўлсак, аксар ҳудудлардаги воситалар эскирган. Хусусан, симёғочларнинг ўртача ёши 55-60 йилни ташкил этади. Аллақачон чириб, тўнкага айланган симёғочлар ўз муддатини ўтаган бўлса-да, алмаштирилмаяпти. Қайси ҳудуд аҳли маъмурларга аризабозлик қилсагина алмаштирилади, аксар ҳолатларда эса…
Ўйлаб қоласан киши, вазирликнинг жойлардаги мавжуд аҳволдан хабари бормикин?
Нурилла ШАМСИЕВ
Самарқанд шаҳри
МАСАЛА ҚАЧОН ЕЧИМ ТОПАДИ?
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига!
Архив тизими ходимлари чанг-ғубор қоплаган бир неча йиллик архив ҳужжатлари билан ишлайди. Табиийки, бу ходимлар саломатлигига жиддий хавф туғдиради.
Бизга маълум бўлишича, уларнинг саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида чангдан муҳофаза қилувчи воситалар, махсус кийимлар ва сут-қатиқ маҳсулотлари билан мунтазам таъминланиши учун бюджет ҳисобидан маблағ ажратиш масаласи узоқ йиллардан буён муҳокама қилинмоқда.
Шунга қарамай, мазкур масала нега ҳозиргача ўз ечимини топмаяпти?
Дилдора ИБРОҲИМОВА
Бухоро шаҳри
ҲАКАМ БЎЛИШ УЧУН ҚАЕРДА ЎҚИШ КЕРАК?
Ўзбекистон футбол ассоциациясига!
Гарчи ҳозирга қадар футбол бўйича миллий терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқолмаган бўлса-да, ҳамюртимиз Равшан Эрматовнинг мундиалларда энг кўп ўйин бошқаргани бизга фахр-ифтихор бахш этади.
Менинг тўрт нафар ўғлим бор. Улар ҳам футболга қизиқишади. Фарзандларимдан бири ҳакам бўлиш орзусида. Аммо яқинда матбуотда ўқиб қолдим. Ўзбекистонда ҳакамлар тайёрлайдиган мактаб ҳозирда фаолият юритмас экан. Наҳотки шу рост бўлса?..
Футбол бўйича Ўзбекистон суперлигаси баҳсларини кузата туриб, рефериларнинг баъзи хатоларидан ҳафсаламиз пир бўлмоқда. Айниқса, улар VAR тизимига мурожаат қилишганда, бир қарорга келгунларича, ўйин анча вақт тўхтаб қоляпти. Баъзи қарорларидан сўнг мухлисларнинг норозилиги кузатиляпти. Бу ҳам тажрибасизлик туфайли-да, шундай эмасми?
Равшан Эрматов каби довруғи дунёга ёйилган ҳакамларимиз кўпайиши учун ҳакамлар тайёрлаш мактабини янада мукаммал тарзда ишга тушириш режаси борми?
Мустафо ЭРГАШЕВ
Чироқчи тумани
