Сўхда болалар ёзги таътилни оромгоҳда ўтказади

81

Сўх туманида илгари болалар оромгоҳи ­фаолият кўрсатган бўлиб, 1999 йилгача ишлаб, кейин буткул ёпилган.

Шу боис Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан туманда замонавий болалар оромгоҳи қурилишининг бошланиши катта воқеа сифатида кутиб олинди.
Сўх туманининг «Истиқлол» маҳалласида қурилаётган, қиймати салкам 30 миллиард сўмлик оромгоҳда айни пайтда ишлар жадал суръатлар билан давом этмоқда. Кимдир пардозлаш ишлари билан, кимдир манзарали дарахт экиш ишлари билан машғул.
– Бу хайрли ишнинг бошланиши катта-ю кичикни суюнтириб юборди, – дейди Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Сўх тумани кенгаши раиси Муҳаммаджон Суюнбоев. – Нега ҳам суюнтирмасин, болаларни дам олдириш учун туманимиздан анча узоқда бўлган Қўқон шаҳридаги «Коинот» болалар оромгоҳига олиб борар эдик-да, ахир. Энди сўхлик ўғил-қизлар ҳам ёзда барча шароитларга эга оромгоҳда мириқиб ҳордиқ чиқариш бахтига муяссар бўладилар.
– Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари бош­чилигида Сўх туманида жуда катта ўзгаришлар рўй бермоқда, – дейди нуроний отахон Субҳиддин Шарофиддинов. – Мана бу оромгоҳ ҳам кенг кўламли саъй-ҳаракатларнинг давоми. Хуллас, болажонларнинг орзулари ушаладиган бўлди. Энди улар ёзги таътилни кўркам гўшада мароқли ва мазмунли ўтказишади.

Ўз мухбиримиз