Ўзбекистон миллий матбуот марказида юртимиз ер ресурсларининг Миллий ҳисоботи ҳамда Кадастр агентлиги тизимида аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматлари тўғрисида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Кадастр агентлиги мутасаддилари республикадаги ер ресурсларининг ҳолати, соҳада рақамли иқтисодиётнинг жорий этилиши, аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматлари борасида маълумот беришди.
Агентликнинг Давлат кадастрларини юритишда ҳудудлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қобил Бобожонов тизимда шаффофликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб, хусусий секторда ер участкалари сотуви ва ижараси электрон аукцион савдоларда амалга оширилаётганини таъкидлади. Сотувлар рақобат тамойиллари асосида ташкил қилинади ва ўз навбатида, иштирокчилар аукцион жараёнларини мониторлар орқали кузатиб боришади.
Агентлик мутасаддилари ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларига жавоб беришди. Тизимда коррупциянинг олдини олиш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар, айрим ҳудудларда хатловга тушган уй-жойларнинг ҳолати, ноқонуний қурилган объектлар юзасидан берилган саволларга қониқарли жавоблар олинди.
Умида Худойберганова,
“ISHONCH”



