«Ishonch» газетасининг 1 мартдаги 26-сонида «Низом кодексдан устунми?» сарлавҳали савол эълон қилиниб, мутасаддилар эътиборига ҳавола қилинган эди. Мазкур мақолага Адлия ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари
вазирликлари қуйидагича муносабат билдирди:
ТАКЛИФЛАР БЕРИЛГАН
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 234-моддасига мувофиқ, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонунчиликда белгиланган тартибда нафақа тўланиши белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Молия вазирлигининг 2002 йил 18 февралдаги № 588, 35-сонли қарори билан тасдиқланган «Ишловчи оналарга бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича ойлик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низом ишлаб чиқилган. Мазкур низомда бюджет корхонасида ишловчи оналарга татбиқ этилмайди, деб белгиланган.
Шу билан бирга, Халқаро Меҳнат Ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), БМТнинг Ривожланиш дастури, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда аҳолига кўрсатиладиган давлат ижтимоий ёрдами самарадорлигини янада ошириш мақсадида 2021-2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегиясининг концепцияси лойиҳаси тайёрланган ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган. Мазкур концепция доирасида ижтимоий суғурта тизимини қайта кўриб чиқиш назарда тутилган.
Шунингдек, 2021-2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегияси лойиҳасини тайёрлаш давомида аҳолини, шу жумладан, оналар ва болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг амалдаги тизими қайта кўриб чиқилмоқда.
Юқоридагиларга асосан бюджет корхонада ишловчи аёлларга нисбатан бола парваришлаш таътили даврида
нафақа тўланиши бўйича таклифлар берилгани
маълум қилинади.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари
вазири ўринбосари
Б.Умурзаков
МЕҲНАТ КОДЕКСИГА ЗИД ЭМАС
Меҳнат кодексининг 234-моддасига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонунчиликда белгиланган тартибда нафақа тўланиши лозим. Ишловчи оналарга бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича ойлик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда (рўйхат рақами 1113, 2002 йил 14 март) ишловчи оналарга бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича ойлик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби белгиланган.
Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сонли қарори (ҳужжат кучини йўқотган) билан тасдиқланган «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низомда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби назарда тутилган. Ушбу низом фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бола парвариши бўйича нафақа тайинлаш ва тўлаш қисмида амал қилади, корхона ва ташкилотларда ишлаётган ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мазкур корхона ёки ташкилотлар маблағлари ҳисобидан нафақанинг ушбу тури тўланаётган оналарга татбиқ етилмайди.
Шундан келиб чиқиб, ишловчи оналарга бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича ойлик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни ҳукуматнинг юқоридаги қарорига мувофиқлаштириш мақсадида мазкур низом муқаддимасининг иккинчи хатбошисига тегишли ўзгартириш киритилиб, бунда низомнинг бюджет ташкилотларида ишловчи оналарга татбиқ этилмаслиги белгиланган.
Бунда ушбу қоида бюджет ташкилотларида ишловчи оналарга бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича ойлик нафақа тўлашни алоҳида қонунчилик ҳужжатларида белгилаб беришни назарда тутади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, низом бюджет ташкилотларида ишловчи оналарга татбиқ этилмаслиги ҳақидаги қоида Меҳнат кодексига зид ҳисобланмайди.
Қайд этиш жоизки, амалдаги қонунчиликда бюджет ташкилотларида ишловчи оналарга нафақа тўланмаслиги ҳақидаги қоида мавжуд эмас. Мазкур жавоб хатидан норози бўлсангиз, судга
мурожаат қилиш ҳуқуқингиз мавжудлиги
тушунтирилади.
Адлия вазирлиги
бошқарма бошлиғи
Ў.Назаров
