Тошкент шаҳрининг шимоли-шарқий томонида Ғарбий Тяньшань тоғининг гўзал ён-бағирларида юртимизнинг энг кўҳна қўриқхоналаридан бири – Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси фаолият кўрсатади.
1947 йили ташкил этилган, умумий майдони 45 минг гектарни ташкил этадиган қўриқхона икки қисмдан иборат: Бошқизилсой ва Майдонтол. Бошқизилсой Паркент туманида бўлса, Майдонтол Бўстонлиқ тумани таркибига киради. Бошқизилсой Чотқол оралиғидаги жануби-ғарбий қисмида 1100-3247 метр баландликда, Майдонтол эса 1200-3800 метр баландликда, яъни чиқиш қийин бўлган шимолий қияликларда жойлашган.
Қўриқхона ҳудудида ўсимликларнинг 1200 га яқин тури мавжуд. Уларнинг 68 таси биологик туркум оилаларга мансуб бўлса, 200 дан ортиғи доривор ўсимликлар ҳисобланади.
Қўриқхонанинг ҳайвонот олами ҳам бой. Бу ерда қушларнинг 200, сутэмизувчиларнинг 33, судралиб юрувчиларнинг 11, балиқларнинг 4 та турини учратиш мумкин.
Бу ерда ноёб ҳайвонлардан – кўк суғур, яъни мензбирлар яшайди. Мазкур ҳайвонлар денгиз сатҳидан 2200-3800 метр баландликда ҳаёт кечиради. У Қизилнура ҳудудининг намли, қорликларга яқин, тоғ қояларининг этакларида яшайди. Тадқиқотчиларнинг айтишича, мензбир суғури фаол оила бўлиб ҳаёт кечиради. Баъзан колониялар ҳосил қилади. Ўз уяларига беркиниб олиб яшайди. Қишни ҳам ўша ерда ўтказгани сабабли уларни учратиш анча мушкул.
Камёб ҳайвонлар сирасига кирувчи қор қоплони, оқ тирноқли айиқ, пакана бургут ҳам қўриқхонанинг бойлиги ҳисобланади. Булардан ташқари, бу ерда умуртқасиз ҳайвонларнинг мингдан ортиқ тури ҳаёт кечиради. Бургут, тасқара, оқбош, қумай, илонхўр бургут ва қарчиғай каби йиртқич қушлар ҳам мазкур қўриқхонанинг ноёб жонзотларидир.
Тераклисой қирғоқларида – денгиз сатҳидан 2000 метр баландликда эрамиздан олдинги 1-2 минг йилликлардаги тошга битилган қадимий расм (петроглиф)лар, Ревашти – Қорабулоқсой дарёларининг бўлиниш жойида бронза буюмлар ҳамда қалъа қолдиқлари қўриқхонанинг бебаҳо бойлигидир. Унинг юқори қисмлари яшил тусдаги арчазорлардан иборат. Янада юксакроғида эса доимий қорлар ва баланд чўққилар ҳукмронлик қилади. Пастки қисмини кенг баргли дарахтлар ва буталар эгаллаган.
Мазкур қўриқхона табиат муҳофазаси билан шуғулланадиган илмий муассасалар билан алоқа ўрнатган. Илмий тадқиқот институтлари олимлари соҳадаги янгиликлар юзасидан фикр алмашадилар, юзага келаётган муаммолар ечимини излашади.
Наботот ва ҳайвонот оламининг ҳар бир тури табиатнинг ўзига хос, такрорланмас ўрнига эга. Чотқол қўриқхонаси фаолияти ана шу ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини табиий ҳолича кўз қорачиғидай асраб ва уни ўрганиб, келажак авлодларга етказиб беришдан иборатдир.
Содиқ МЎМИНОВ



