Мактаб директори қандай инсон бўлиши керак?

135

Наманган вилоятининг Норин туманидан ҳозирга қадар 21 нафар фан доктори, 151 нафар фан номзоди, 8 нафар академик етишиб чиққан. Уларнинг аксарияти республикамизда ва бошқа давлатларда юқори лавозимларда ­фаолият кўрсатишган ва кўрсатишмоқда. Ораларида атом соҳаси бўйича олимлар, вазир, суд раиси ва генераллар ҳам бор.

– Туман бундай иқтидорли кадр­лар масканига айланишида 1969 йили Фарғона водийсида ягона саналган таянч мактаби муҳим аҳамият касб этган, – дейди социолог олим, иқтисодчи ва публицист Абдурасул Абдумажидов. – Чунки бу билим даргоҳи директори илмпарвар, уни қадрлайдиган, ақл-заковатли ва ташкилотчи шахс эди. Шунга кўра, у бошқараётган мактабда юқори синф ўқувчилари томонидан собиқ иттифоқ даврида биринчи бўлиб фан академияси ташкил қилинган. Самараси чакки бўлмаган. 1970 йилги битирувчиларнинг 56 нафари пойтахтимиздаги, 16 нафари Москвадаги, 10 нафари водийдаги олий ўқув юртларига ўқишга кирган. Бироқ кейинчалик директор Тошкентга юқори лавозимга ишга олингач, ўрнига колхоз раиси тайинланди. У асосий ­эътиборни ўқувчиларни ғўзани ягана қилиш, пилла ва пахта териш каби ишларга жалб этишга қаратди. Оқибатда иқтидорли ўқитувчилар ва ўқувчилар камайиб, таянч мактаби аянч мактабига айланди. Бора-бора педагогик жамоа бунга кўникиб ҳам қолди. Улар мактабга расм ва чизмачилик, мусиқа, жисмоний тарбия ўқитувчиси ёки милиционер директор қилиб қўйилса ҳам, пинак бузмай, унга мослашиб олаверадилар.
Афсус, юқоридагига ўхшаш ҳолатлар юртимиздаги бошқа туман-шаҳарларда ҳам кўп кузатилади. Бунга кадр­лар танлашдаги лоқайдлик ва хатоликлар сабаб бўляпти. Ҳолбуки, ҳар қандай мактаб ёки коллеж директори билимли ва ташкилотчи, ақлий таълим билан жисмоний таълим услубларидан, фундаментал, ижтимоий ва гуманитар фанлардан қисман хабардор, айни чоғда, хушмуомалали ва назокатли бўлиши зарур. Бу ҳақда Президентимиз ҳам яқинда мактаб ва таълим-тарбия масаласига бағишлаб ўтказилган видео­селектор йиғилишида алоҳида тўхталиб ўтди.
Баъзи мутахассисларнинг айтишларича, мактаб директори йил давомида ўқитувчиларнинг камида 200 соат дарсига кириб, уларни таҳлил қилиши, ҳар бир педагогнинг фаолиятига холис ва ҳалол баҳо бериши, ижодкор, юксак билимли, касбига содиқ, ўқувчилари тақдирига жиддий қарайдиганларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши даркор. Акс ҳолда, педагоглар орасида обрў орттиролмайди, уларга қатъий топшириқлар беролмайди.
Мактабда фақат директор эмас, балки илмий бўлим мудири, синф раҳбарлари ҳам ўз ихтисосликларидан ташқари, ҳуқуқ, иқтисод, табиий фанлардан хабардор бўлишлари мақсадга мувофиқ. Ўқитувчиларнинг тоифасини ошириш учун газетада мақоласини чиқариш шарт эмас. Унинг фаолиятини ўқувчилари қўлга киритаётган муваффақиятларга қараб баҳоласа бўлади. Маоши оширилиши ҳам у эришган иш унумдорлиги, натижадорлиги, ижодкорлиги бўйича белгиланиши лозим. Қоғозбозлиги ва расмиятчилигига эмас, амалда бажарган ишига, эришган натижаларига асосан ҳақ тўлаш лозим.
Тан олиш керак, мамлакатимизда сўнгги 4-5 йилда салкам бир аср давомида эришилмаган ютуқлар қўлга киритиляпти. Том маънода Янги Ўзбекис­тон, янгича фикрловчи авлод пайдо бўла бошлади. Шунинг учун ҳам янгича ­фикрлаш, янги-янги ғоя-мақсадларни кўзлаш, ихтирочилик билан шуғулланиш, дунёвий билимларни пухта эгаллаш давр тақозосига айланяпти.
Мактаб директорлари ва ўқитувчилар зиммасига эса баркамол авлодга янада пухтароқ таълим-тарбия беришдек масъулиятли вазифа юклатилган. Ана шундай бир пайтда мен уларни турли-туман ортиқча тадбир ва йиғилишлардан озод қилиш тарафдориман. Шунинг­дек, ҳар бир ўқитувчи ва директорига фақат ўз вазифасини бажариб, қобилиятини намоён этиши ҳамда билими ва малакасини ошириб бориши учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратиб берилиши ҳам муҳим.

Йўлдош ИСОҚЖОНОВ,
Избоскан туманидаги 15-умумтаълим
мактабининг маънавий-маърифий ва
ижодий ишлар бўйича тарғиботчиси