Китоб беминнат дўст, ҳар бир инсон келажагининг мустаҳкам устуни. Уни ўқиб, уқиш катта марраларга қанотдир. Бу қанот билан юксакларга парвоз этиш учун эса кишидан қунт ва меҳнат талаб этилади.
Пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги 131-сонли умумтаълим мактабида «Энг яхши китобхон ўқувчи» кўрик-танловининг шаҳар босқичи бўлиб ўтди. Унда ўқувчилар тўртта шарт асосида ўзаро баҳслашдилар. Дастлаб хаяжон билан чиққан иштирокчилар билимлар беллашувида бор имкониятларини намоён этишди. Танлов якунида Сергели тумани 301-мактабнинг 5-синф ўқувчиси Райҳона Норова бош совринни қўлга киритди.
Учтепа туманидаги 129-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Абдуллоҳ Абдухалилов ҳамда Мирзо Улуғбек туманидаги 121-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Дилноза Акбаровалар биринчи ўринни эгаллашди.
Олмазор туманидаги 243-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Хумора Кенжаева ва Чилонзор туманидаги 183-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Дилрабо Шайдуллаевалар иккинчи, Яккасарой тумани 160-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Бекзод Ҳусаинов, Яшнобод туманидаги 307-мактабнинг 6-синф ўқувчиси Убайдуллоҳ Собиржоновлар эса фахрли учинчи ўринларга муносиб деб топилди.
Азиз ота-оналар! Фарзандларингизни кутубхонага олиб боринг. Китоблар совға қилинг! Бу бир кун албатта ўз ҳосилини беради.
Дилафруз АГЗАМОВА,
Олмазор туманидаги 243-мактабнинг
кутубхона мудираси



