Табиб – табиб эмас, бошидан ўтган – табиб
Мана, салкам тўрт ойдирки, дўстлариму танишларим мендан қандай қилиб озганимни сўрашади. Мен бунинг учун танамни бамисоли компьютердек «перезагрузка» қилиб («қайта тиклаб»), ишга туширганимни айтаман. Аниқроғи, ичакларимни сурги дори воситасида обдон тозалаганимдан сўнг улар яхши ишлай бошлаганини ва вазним 110 килодан 93 килога камайганини, шу зайл соғлом турмуш тарзига қайтганимни тушунтираман.
Яна бир муҳим янгилик. Илгари пиёда сайр қилиш мен учун деярли бегона эди. Энди эса бир кунда 10 минг қадам босмасам, кўнглим тинчимайди. Бундан ташқари, аъзолари ҳар куни 7 чақирим юрадиган Пиёдалар клубини очдик. Ва яна, ҳафтада икки марта сув ҳавзасига бориб, 1000-1500 метр масофага сузаман.
Хўш, буларнинг самараси қандай бўлди? Шу вақт ичида менда нима ўзгаришлар рўй берди?
Аввало, юқори қон босими – гипертония касаллигим тузалди. Иккинчидан, қорним дам бўлиши йўқолди. Учинчидан, юрагим спортчиларникидай оҳиста ура бошлади. Тўртинчидан, жигарим тозаланиб, баландлаган ферментлари меъёрига тушди. Бешинчидан, қийшайган ўт қопим тўғриланаяпти…
Тунов куни ишхонамга дўстим Аслиддин Алимардон келди. У 4 ойча бурун менга «Одам икки-уч кун овқатланмагани билан озмайди. Қўлимиздан келадиган ишни қилайлик», деганди. Бу сафар эса мен унга семириб кетганини, соғлом ҳаётга ўтиши зарурлигини эслатдим. Эвазига «Йилда бир марта сиз каби 14-15 кило озаман. Кейин яна семираман. Ҳали қараб туринг, бир йилга бормай, сизда ҳам шунақа бўлади», деган жавобни эшитдим. 0ртиқча тортишиб ўтирмай, «Буни вақт кўрсатади», деб қўя қолдим. Чунки қайта семирмаслик ўзимга боғлиқлигини яхши билардим ва бунга қаттиқ ишонардим…
Уйимиздаги жўмракдан сув яхши оқмай қолса, дарҳол уни тузатишга киришаман. Шунда пластмасса қувурнинг ичи чиқиндига тўлиб қолганини кўраман. Инсон вужуди ҳам мана шу қувурга ўхшайди. Ичаклару қон томирлари йиллар оша хилтлару холестеринга тўлади. Уни вақти-вақти билан тозалаб турган маъқул. Акс ҳолда, еган овқатимиз керакли жойга етиб бормайди. Оқибатда турли касалликлар пайдо бўлади.
Яқинда стоматолог Алишер Саидмуродов билан соғлом турмуш тарзи ҳақида анча суҳбатлашдим. Унинг айтишича, узоқ яшашнинг тўртта омили бор. Улар тўғри овқатланиш, кўп ҳаракатланиш, экология ва ташқи муҳитдан иборат. Узоқ умр кўришнинг асосий икки омили ўзимизга, қолгани бошқа сабабларга боғлиқ бўлар экан.
Шифокор Алижон Зоҳидий ҳар ўн кунда сурги дори ичиб, танасини тозалаши ҳақида ёзди. Биз ҳеч бўлмаганда ойда бир марта танамизни тозалаб турсак, у бизга камида 100 йил хизмат қилиши аниқ!
«Бу ҳақда бутун Ўзбекистонга жар солинг!»
Ўтган йили 140/100 бўлган қон босимим, 4 ойдирки, 120/80. Аммо рўза кунлари бошим бироз айлангандай бўлди. Ўлчатсам, қон босимим 90/60 бўлиб чиқди. Сабабини аниқлаш учун поликлиникага бордим. Бу сафарги кўрсаткич иккала қўлимда ҳам 110/80 бўлди.
Кейин юрагимни кардиограмма қилдирдим. Қисқаришлар сони 53 чиқди. Бу брадикардио дегани. Оддий одамларда унинг меъёри 60 дан 80 гача бўлар, кашандалар, асабийлар, тажанглар, семизлар, холестерини кўплар, кофехўрлар, энергетик ичимликлар шайдолари, қони қуюқларда ошар экан. Спортчилар, пиёда кўп юрувчиларда эса, аксинча, тушаркан. Уларда меъёр 48 дан 58 гача. Бу оралиқда урган юрак русчада «спортивная сердца» дейилади ва киши умрини узайтиради.
Демак, мени озганим, сузганим, ҳар куни 10 минг қадам юрганим фойда бера бошлабди. Юрак қисқаришлари сони пулсоксиметрда 60 чиқди, сатурациям 97 фоиз. Юрагимнинг барча деворларида туя ўркачидай тепалик пайдо бўлибди. Семиз пайтларим улар йўқ эди.
Хуллас, қон босимим магний сулфат ва лимондан тушиб кетган экан. Уни новвотли кофе билан кўтардим.
Кардиолог Дурдона опа «Дори ичмасдан озиш, соғлом турмуш тарзи, тиббий маданиятни ошириш билан ҳам гипертонияни даволаш мумкин. Бу ҳақда бутун Ўзбекистонга жар солинг!» деди хурсанд бўлиб. «Қоринбой ва семизларни сафингизга қўшинг! Улар еяётган таомларнинг 70 фоизи оқсил, 30 фоизи клечаткадан иборат. Соғлом одамда бунинг акси бўлиши керак», деб сўзини якунлади.
Бу гапда жон бор. Чунки мен ҳам семизлигимда тўйганимни билмасдим. Энди кўп овқат емаяпман. Ошқозоним кичрайди. Жигаримни тез-тез УТТ аппаратида текширтираяпман: аввалгидай катталашиш йўқ, аммо ҳали ёғли гепатоз бор экан. У асосан бетартиб овқатланишим, кам ҳаракатим туфайли пайдо бўлган. Сўнг семирдим, ёғ жаноблари жигаримга меҳмон бўлди.
Энг ёмони, ёғли гепатоз тобора ривожланиб жигарни яллиғлантирар экан. Жигарда нерв ҳужайралари йўқлиги боис касалланганида оғримайди ва биз ҳам сезмаймиз. Шу боис жигарни доим текширтириб туриш керак. Негаки, унга путур етса, тана ишдан чиқади.
Мен касалликни ҳайдаш учун турмуш тарзимни ўзгартирдим: ёғли ва хамирли овқатлардан воз кечиб, кўкатлар, мева-сабзавотлар истеъмол қилишни кўпайтирдим.
Хаста жамият юксалмайди
Соғлом ҳаёт ҳақида Президентимиз ҳам бир неча бор гапирди. Зеро, бу жиддий масала. Палапартиш овқатланиш, семизлик, кам ҳаракатлилик миллат дарди ва юрт фожиасидир. Хаста жамият эса равнақ топмайди, ўзидан соғлом насллар қолдирмайди, алалоқибат таназзулга учрайди.
Давлатимиз раҳбари Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўнгги пайтларда ҳаммамиз учун ўта зарур бўлган соғлом турмуш тарзига яна тўхталиб, шундай деди: «Аҳолимизни қийнаётган жиддий муаммолар ва одатлар ортиқча вазн, нотўғри овқатланиш, кам ҳаракатлилик. Булар билан жиддий курашадиган пайт келди. Қашқадарёликлар гўштни яхши кўришади. Энди қашқадарёликлар тандир ва жизни кўпроқ меҳмонларга бериб, ўзлари кўкатларга ва бошқа фойдали маҳсулотлар истеъмолига эътибор қаратсалар, жуда яхши бўларди».
Дарвоқе, бундан бу ёғига гўштли, ёғли ва хамирли таомларни, ширинликларни, газли, кимёвий, спиртли ичимликларни ўйлаб тановул қилайлик. Кўкатлар ва мева-сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилишга ўрганайлик. Касалликлар биздан нари бўлишини ва узоқ яшашни истасак, тўғри овқатланайлик, кўп ҳаракатланайлик, ортиқча вазндан холи бўлайлик. Шунда жисмонан ва руҳан соғлом-бақувват, маърифатли ва ақлли миллатга айланамиз. Бундай миллат эса қудратли давлат қуришни уддалай олади.
Соғлом ҳаёт юрти қаерда?
Вақти-вақти билан эндокринолог кўригидан ўтиб турибман. Унинг қабулида дастлаб февраль ойида, вазним 101 килолигида бўлгандим. Ўшанда тана массаси индекси 33 чиққанди, сўнгги боришимда 31 бўлибди.
Тана массаси индекси – инсоннинг бўйи ва вазни мослигини баҳолашга имкон берувчи катталик бўлиб, вазн етишмаслигини, меъёрда эканлигини ёки ортиқчалигини аниқлашда ишлатилади. Даволаш кўрсатмаларида муҳим ўрин тутади. Унинг кўрсаткичи белгиялик социолог ва статист Адолф Кетле томонидан ишлаб чиқилган.
Шифокорнинг айтишича, ҳозир мен семизликни енгаяпман. Яъни, ортиқча вазн ва семизлик чегарасидаман. 30 дан пастласам, семиз бўлмаган ортиқча вазнли киши саналар эканман. Бунинг учун оғирлигим 90 килодан пасайиши керак. Ёшим 37 да бўлгани сабабли 88 кило вазн норма экан. Бинобарин, яна 12 кило озишим даркор. Шуни эсда тутиб, ўзимга ўзим «Ҳаракатларингни кўпайтир, асло сусайтирма! Чунки олдинда сени Соғлом ҳаёт юрти кутаяпти. Қолаверса, бошқа замондошларинг сени кузатиб туришибди, тағин уларнинг олдида уялиб қолма!» дейман. Ортиқча вазнли кишиларга айтар сўзим эса қуйидагича: «Тез орада сафингизни тарк этаман ва сизларни Соғлом ҳаёт юртида кутаман».
Ҳа, айтганча, Соғлом ҳаёт юрти қаерда ўзи?..
У ўзимизда – ичимизда!
Фозил ФАРҲОД
