Бундан сал олдин Самарқанд вилоятида тери ва жун маҳсулотларини қайта ишлашга жиддий киришилгани анча овоза бўлганди.
Жумладан, биргина ўтган йили вилоятнинг Самарқанд, Пахтачи, Нуробод, Каттақўрғон, Жомбой ва Қўшработ туманларида 10 та лойиҳа доирасида ушбу маҳсулотларни қайта ишлаш, гранулали омихта ем тайёрлаш ва бўрдоқичилик комплексларини фойдаланишга топшириш режалаштирилгани айтилди. Қўшимча қувватлар эвазига 1,1 минг тонна жун, 4,5 минг дона тери, 900 тонна гўшт етиштириш ҳамда 3,9 миллион долларлик қоракўлчилик маҳсулотларини экспорт қилиш мўлжалланди. Энг муҳими, ушбу соҳани ривожлантириш орқали 11 минг кишини иш билан таъминлаш кўзда тутилди.
Хўш, бу режалар нечоғли уддаланди? Ишқилиб, эзгу орзу-ниятлар қоғозда қолиб кетмадими? Умуман олганда, ҳозир вилоятда тери ва жунни қайта ишлаш қай аҳволда?
Биз ушбу саволларга аниқ жавоб топиш мақсадида соҳага дахлдор бир неча бирлашма ва уюшмада бўлиб, ҳақиқий аҳвол билан танишдик.
Хулосамиз эса қуйидагича бўлди: белгиланган режаларнинг аксарияти ҳамон амалга ошмаган. Айни кезларда жами 1603 нафар киши меҳнат қилаётган 132 та чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасининг барчаси хомашё сифатида сунъий чармдан фойдаланмоқда. Қорамол терисини қайта ишлашга ихтисослашган ва вилоятда ягона ҳисобланган «Каттақўрғон чарм» корхонаси ҳам ўз маҳсулотларига хориждан харидор излашга мажбур бўлмоқда.
– Самарқанд туманида 6 гектар, Ургут туманида 2,2 гектар майдонда терини қайта ишлаб, чарм-пойабзал ва мўйна маҳсулотлари тайёрлашга ихтисослашган кичик саноат зоналари ташкил этилади, – дейди «Ўзчармсаноат»нинг Самарқанд вилояти уюшмаси бошлиғи Алишер Шомирзаев. – Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш мақсадида Самарқанд шаҳридаги «SAM SUNI DERI» қўшма корхонасига сунъий терига ишлов берадиган, қиймати 100 минг долларга тенг янги ускуна келтирилди. Шу асно 10 та янги иш ўрни яратилди.
Соҳа мутасаддиси режалар ҳақида тушунча берди. Аммо улар ҳали қоғозда. Булунғур ва Пастдарғом туманларида қўй терисини қайта ишлашни йўлга қўйиш ҳам мўлжалланаётган экан.
Ҳақиқий аҳвол шуки, тизимда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг жами саноатдаги улуши 1,1 фоизга, ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши эса 0,4 фоизга тўғри келмоқда. Бундан-да ачинарлиси, вилоятда қўй жуни ва терисини сўрайдиган одам йўқ ҳисоби. Чорвачиликка ихтисослашган Нуробод, Қўшработ ва бошқа туманларда бу маҳсулотлар чиқинди сифатида ташлаб юборилмоқда.
– Эчки териси ва жунига харидор бор, лекин қўйникига топилмайди, – дейди қўшработлик Қаҳрамон Садриддинов. – Эллик бош қўйим бор, жунларини ҳар йили икки марта оламиз, аммо унга харидор йўқ. Бу салкам 100 кило жун ҳайф кетади, дегани бўлади.
– Самарқанд шаҳри биқинидаги Чархин қишлоғида яшайман, – дейди Достон Ҳамидов. – Кўкламу кузда дала ва зовурлар ёқалари қўй жунига тўлиб кетади. Яна денг, ҳавода учиб юриб, атроф-муҳитга катта зарар келтиради. Ҳолбуки, улардан талай маҳсулотлар тайёрлаш мумкин. Биз шуни била туриб, бу ноёб ашёни увол қилаяпмиз.
Самарқанд вилояти қоракўлчиликни ва яйлов хўжаликларини ривожлантириш уюшмаси бошлиғи Аҳмат Бозоровнинг айтишича, бу ташкилот таркибида 7 та хўжалик, 4 та кластер хўжалиги, уларнинг ихтиёрида салкам 328 минг бош қўй-эчки бор. Улардан 2920 тонна жун олиниб, 2900 тоннаси экспорт қилинган.
– Аҳоли чорвасига қайси тизим масъул? – сўрадик уюшма раҳбаридан.
– Улар кластер хўжаликлари қамровига олинган, – дея талмовсирагандек бўлди у.
Суҳбатдошимиз тилга олган рақамларга кўз ташлаб, ҳайратимиз баттар ошди. Чунки вилоятдаги хўжалик ва аҳоли парваришидаги ушоқ моллар сони у келтирган рақамларга нисбатан ўн баробар кўп эди. Масалан, Нуробод туманида, жорий йил ҳолатига кўра, 594739 бош қўй-эчки бор. Шундан 450718 бошини аҳоли, 73832 бошини эса фермерлар парваришлашмоқда. Қўшработ туманидаги аҳоли ва чорвадор хўжаликлари қўтони ҳам бўш эмас.
Хуллас, икки туманда бир миллион бошдан зиёд қўй-эчки бор. Қолган ўнта туман ҳам баҳоли қудрат ҳисса қўшганда, терини, майли, қўя турайлик, жами жун миқдори бир неча миллион тоннани ташкил этиши мумкин. Уларнинг неча фоизи фойда келтираяпти-ю, қанчаси исроф бўлаяпти, афсуски, буни чўтга соладиган валломат ҳозирча топилгани йўқ.
Давлатимиз раҳбари 2020 йил 2 сентябрда «Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга, 2021 йил 8 июлда эса «Республикада мавжуд яйловлардан унумли фойдаланиш, ипак ва жунни қайта ишлашни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорга имзо чекди. Уларда жун қирқиш ва йиғиш шохобчаларини ташкил этиш алоҳида вазифа сифатида белгилаб берилди. Вилоятда тери ва жунни қайта ишлашга дахлдор бирлашма ва уюшмалар кўп бўлса-да, уларни қабул қиладиган бирорта ҳам шохобча йўқ. Биз уюшма четга экспорт қилаётган жун ҳам асосан эчки қили эканлигини аниқладик.
– Анави тахмондаги кўрпачаларнинг ичига пахта эмас, жун солганман, – дейди пайариқлик Норхол момо. – У яхшилаб саваланса, пахтадан ҳам майин бўлади. Соғлиққа ҳам фойдали. Ер захрини қайтарадиган тўшама бўлади. Афсус, одамлар ялқов бўлиб кетишди. Кўпчилик қўй жунини уюм-уюм қилиб, ахлатга ташлаётир. Бу исрофгарчиликдан ўзга нарса эмас!
Мулоқотлар жараёнидан англашимизча, тизимни оёққа турғазиш осон иш эмас. Чорвачиликка тааллуқли соҳалар, фермерлар уюшмалари ҳам бу ишга бош қўшмасалар, «арава» ҳали-вери жойидан жиладиганга ўхшамайди.
Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»
