«Ёддан кўтарилган» кафолат хати

221

ёки пенсионерлар нега судлашдилар?

Яқинда андижонлик 14 нафар пенсионер бир пайтлар ўзлари ишлаган корхона маъмуриятини судга берди. Гап шундаки, «Universal tex» масъулияти чекланган жамиятида фаолият кўрсатган бу ишчи-ходимлар турли даврларда ё касб касаллигига чалиниб, ё бахтсиз ҳодисага йўлиқиб, касбий меҳнат қобилиятидан айрилганлар. Хуллас, ҳолат тегишли тамойиллар билан исботини топгач, корхона уларга зарар тўловларини ойма-ой тўлаб бориш мажбуриятини зиммасига олган.

Ўтган йилнинг кузига келиб, МЧЖ негадир тўловларни тўлашни тўхтатиб қўяди. Бу борадаги мурожаатлардан сўнг эса иш берувчи томонидан «бир ой сабр қилинглар, муаммони бартараф этамиз, ундан кейинги тўловларни ҳам ойма-ой бериб борамиз», деган мазмунда кафолат хати тақдим этилади. Ваъда қилинган маблағдан эса ҳадеганда дарак бўлавермайди.
Таомни ҳидлаганга қорин тўймагани каби, «эртага бўлади, индинга бўлади», деган қуруқ ваъдалар билан ходимларнинг рўзғори бут бўлиб қолармиди? Айниқса, улар мурувват эмас, ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилаётган бўлишса?
Хуллас, пенсионерлар арзи ҳол қилгач, масалага Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилояти кенгаши масъуллари аралашишига тўғри келди. Кенгаш К.Жарқинова ва бошқаларнинг манфаатини кўзлаб, фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро судига касбий меҳнат қобилиятини йўқотганлик учун ойма-ой тўланадиган мажбурий тўловларни ундириш тўғрисида даъво киритди.
Федерациянинг Андижон вилояти ­бўйича меҳнат техник инспектори Музаффар Азимхўжаевнинг қайд этишича, ходимнинг меҳнат жараёнида майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки у ўз меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача тарзда ­шикастланиши сабабли етказилган зарарни иш берувчи тўлиқ ҳажмда тўлаши шарт. Зотан, айни мавзуда судга мурожаат қилинганининг сабаби ҳам шунда.
Даъво суд раиси Эркинжон Собиров томонидан ўрганиб чиқилди ҳамда уни қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинди. Яъни собиқ ходимлар фойдасига – кимгадир 600 минг сўм атрофида, бошқасига 1,5 миллион сўмдан зиёдроқ, яна бировига салкам 10 миллион сўм – хуллас, 14 нафар ҳақдорга зикр этилган санага қадар ҳисобланган қарзларни жавобгардан тўлиқ ундириш хусусида тўхтамга келинди.

Нурилло НЎЪМОНОВ,
«ISHONCH»