Устюртда махфий аэродром бўлганми?

118

Ўтган асрнинг охирги ўн йилликларида Устюрт саҳролари узра ҳарбий самолёт ва вертолётлар изғиб юрган. Энг ҳайратланарлиси, улар ерга пастлаган ­пайтда бирдан кўзга кўринмай қолган. Ўша атрофда яшаётган ва ишлаётган одамлар бунга кўп бор гувоҳ бўлишган, лекин учоқлар қаерга ғойиб бўлганини билишмаган…

1980 йилларда Устюрт жануби-шарқида, Жаслиқ посёлкасига яқин жойда кимёвий қуроллар ва уларга қарши ҳимоя воситаларини синашга мўлжалланган «8-сонли кимёвий мудофаа станцияси» номли ҳарбий ўқув полигони бўлган. Ундаги ишлар Нукусдаги ҳарбий қисмлар мажмуаси – 23-сонли давлат илмий-тадқиқот полигони (ДИТП) томонидан бошқарилган. У потенциал душманнинг ўт­очар қуролларидан ҳимоя қилиш учун қўшинларни тайёрлаш маркази деб ҳам юритилган.
Мустабид тузум таназзулга учраб, Ўзбекистон мус­тақилликка эришгач, полигон фаолияти ҳам тугатилди ва ҳарбийлар тарқатиб юборилди. Нукусдаги ҳарбий қисмлар мажмуаси ўрнига эса Ўзбекистон ҳарбий кучлари жойлаштирилди.
ДИТП иккита ҳарбий қисмдан – кимёвий синов полки ва кимёвий қуроллардан ҳимояланиш воситаларини яратиш марказидан ташкил топган. Кимёвий синов полки Устюртда фаолият юритган. Пастлаб учиб, ер остига кириб кетадиган самолёт ва вертолётлар ҳам шу полкка қарашли бўлган.
Жаслиқда яшайдиган Қурбонбой исмли чўпон ўша полигонда хизмат қилган зобитлар билан яхши таниш бўлиб, тез-тез ўзаро гурунглашиб турган. Бир сафар ҳалиги ҳарбийлар «Сизга битта қизиқ нарсани кўрсатсак, майлими?», деб сўрашади. Чўпон рози бўлади. Унинг кўзларини яхшилаб боғлаб, бир муддат пиёда юришади. Манзилга етгач, кўзларига боғланган латтани ечишади. Қурбонбой атрофига боқиб, лол қолади: катта ер ости саройи чироқлар нуридан чароғон, ҳар куни тепасидан учиб ўтадиган ҳарбий техникалар эса бир чизиқда тизилиб турарди. Лекин Қурбонбой қаерда эканини билолмайди. Зобитлар унинг кўзини қайта боғлаган ҳолда, яйловга элтиб қўйишади. Бориб-келишга кўп вақт кетмаганидан чўпон бу сирли аэродром ўзи яшаётган жойдан йироқда эмаслигини англаб етади ва бўлган воқеани ҳамқишлоқларига айтиб беради. Улар марҳум отахоннинг ҳикоясини ҳозир ҳам унутишмаган.
Жаслиқлик Қазий оғанинг эслашича, ўша дамлар қуйидагича ҳолат кузатилган: самолёт пастлаганда ер очилади ва у катта ғор ичига кириб кетади. Эшиклар ёпилгач, бояги жойда ҳеч қандай белги қолмайди. Ўсимликлар ўсаётган майдон остида ҳаёт қайнаётгани одамнинг хаёлига ҳам келмайди.
Очиқ маълумотларга қараганда, посёлкадан 9 километр шимоли-ғарбда 40 йилча бурун қурилган бу ҳарбий аэродром ҳам «Жаслиқ» номини олган, инглизча манбаларда Beleuli North деб қайд этилган. Мазкур иншоотни барпо этишдан мақсад кимёвий қуролларни синаб кўришдан ва улардан ҳимоя воситаси сифатида фойдаланишдан иборат бўлган. Полигонни авиацион таъминлаш учун Нукус аэродроми базасида жойлашган 287-махсус синов авиация эскадрилияси (АН-26 самолётлари ва Ми-8 вертолётлари)дан фойдаланилган.
1990 йил бошларида полигон ва аэродром ёпилади. Келаси йили собиқ ҳарбий шаҳарча ва аэродром ҳудудида «Жаслиқ» қамоқхонаси (УЯ 64/71 колонияси) очилади. 2019 йил 3 август­да эса Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг «Қорақалпоғис­тон Республикаси ички ишлар вазирлигининг 19-сонли ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида»ги қарори билан қамоқхона фаолияти ҳам тугатилади.
Айрим манбаларда «8-сонли кимёвий мудофаа станцияси» ҳарбий ўқув полигонида «Новичок» ­кимёвий қуроли синовдан ўтказилган, деган маълумотлар пайдо бўлгач, у янада кўпроқ тилга олинадиган бўлди. 2019 йили ушбу полигонга келган россия­лик блогер Алексей Старков муқаддам Жаслиқ полигонида хизмат қилган, кейинчалик қамоқхонага айланган бинони суратга олаётганида қандайдир тушунарсиз шарпалар унга халақит бергани, оқибатда туя ва автомобиль аниқ-тиниқ тасвирга тушгани, бино эса мутлақо кўринмай қолгани тўғрисида ёзган эди.
Алқисса, Жаслиқ аэродроми сири ҳамон ёпиқлигича қолмоқда. «8-сонли кимёвий мудофаа станцияси» ҳарбий ўқув полигони қолдиқлари эса Орол денгизининг Устюрт чинки билан туташган жойида учраб туради. Шу ердаги бетон йўл Орол денгизи соҳилигача тушган. Харобага айланган казармалар деворида аскарларнинг исмлари ва хизматда бўлган йиллари ҳақидаги маълумотларни кўриш мумкин. Қолаверса, бу ерда ҳам сир-синоат кўп, чунки Устюрт чинки портлатилганга ўхшайди. Маҳаллий аҳоли ўтган асрнинг 90-йиллари бошларида ўша томондан кучли шовқинлар эшитилганини таъкидлашади. Эҳтимол, полигон фаолияти тугатилаётган вақтда қандайдир изларни йўқотиш мақсадида шундай йўл тутилгандир?..
Афсуски, ҳозирча бу ҳақда ҳеч ким тайинли гап айтмаяпти.

Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»