Афсонадан ҳақиқатгача ‒ Харибулбул  

287

Ўзлигимизни англаганимиздан бери онгу шууримизга сингиб кетган муқаддас юрт номи бор ‒ Шуша! Муаззам тарихи, сирли табиати, фусункор флора ва фаунаси ила жаҳонга машҳурдир Шушамиз… Бу ҳаммаси эмас, Шушанинг тиллардан тилларга достон бўлган, афсона ва ривоятларга эврилган Харибулбули бор.

Харибулбул оддий бир гул ёхуд асрлар синовида тобланган халқнинг ғалаба рамзидир. Харибулбул оддий гулми ё Ватаннинг ўзи?

Харибулбул азаматлик, енгилмаслик демакдир. У ҳақдаги афсоналардан бири ҳақида тўхталмасдан илож йўқ. Унга кўра, кунлардан бир куни булбул ўз севгилиси билан кўришмоқчи бўлган пайтда, кучли шамол туради. Шамолнинг мақсади булбулнинг олдида гулни хўрлаш эди. Билъакс, у ўз кучига ортиқча баҳо бериб юборган эди. У бутун оламни чангга ўраб, ҳаракатлана бошлаган пайт, барча жонзотлар унинг олдида таъзим қилишди. Қаршилик кўрсатмоқчи бўлганларни тупроққа кўмиб ташлади. Қаршисида улкан чинорлар, улуғвор сарв, тиканли толлар эгилишга мажбур бўлдилар. Фақатгина нозик, чиройли, хушбўй атиргулгина шамолга, унинг тазйиқига бўйин эгмади. Буни кўриб, шамол ғазаб отига минди:

‒Эй нафис, эй заиф гул, сен нимангга ишониб менга бош эгмаяпсан? Сен бунча кучни қаердан олаяпсан?

Гул ишонч-ла жавоб берди:

‒Муҳаббатдан. Унинг кучи енгилмасдир. Ошиқ виқорли бўлади, ҳеч кимсага бош эгишни истамайди. Мен булбулни севаман. Унинг пок муҳаббати мени бош эгишимга йўл қўймайди.

‒Кўрамиз. Сен муҳаббатингни синайсан, мен эса кучимни…

Шамол шундай дея қаттиқ эса бошлади. Бу вақтда булбул севгилисини кўргани йўлга чиққан эди. Шамолнинг қаҳрига гул бардош бера олмай, япроғидан айрилди. Ғалабасидан сармаст шамол янада қаттиқ эса бошлади. Булбул шоша-пиша севгилиси томон ошиқди. Кўксини  секин-аста гулининг кўксига босди. Шамол янада ғазабланди. Булбул гулнинг эгилган қаддини ростлайди. Бироқ гулнинг хари (тикани) булбулнинг кўксига санчилади. Гулининг қадди эгилмаслиги учун ортига бир қадам ҳам жилмайди Булбул,  аммо жон таслим қилади. Шундан бери ўзини муҳаббати учун қурбон қилган булбулнинг номи Харибулбул бўлиб қолади.

Афсонадан маълум бўладики, гул шамол қаршисида асло эгилмайди ва Харибулбул вужудга келадики, бу қадди букилмас халқнинг ғалаба тимсолига айланади.

Харибулбул Ватаннинг, Она диёрнинг рамзидир! Эҳтимол, шу пайтнинг ўзида “Ватан боғи ол-алвондир, Харибулбул йўқ ичинда”, мисралари ёдингизга тушгандир. Келинг, ушбу мисралар тарихи билан танишсак, кўрайликчи, Ватан боғи қаерда экан?

Эрон шоҳи Қорабоғ хонлигига ҳужум қилади, уруш пайтида улкан йўқотишлар эвазига бўлса ҳам Оға Муҳаммад шоҳ Қажар Шушани эгаллайди. Бу ернинг ов-ҳавоси, фусункор табиати унга жуда хуш келади. Бироқ Шоҳ бу ерда узоқ яшай олмайди. 1797 йили Оға Муҳаммад шоҳ Қажар суиқасд-ла ўлдирилади.

Табиийки, ушбу ҳодиса Қорабоғ хонлиги ва Эрон орасидаги ихтилофни янада мураккаблаштирарди.

Оға Муҳаммад шоҳ Қажарнинг икки синглиси ҳокимиятга келган Фатали шоҳдан акасининг қасосини олиб беришни талаб қила бошлайдилар. Иброҳим Хон қайтадан қонли уруш бошланишининг олдини олишга интилиб, масалани тинч йўл билан ҳал этишга чақиради. Ва қизи Оғабегим оғани Фатали шоҳ никоҳига беришга рози бўлади, тўй бўлади ҳам.

Оғабегим оға 1801 йилдан 1832 йилгача ‒ умрининг сўнгги кунига қадар Ватан ҳасрати ила Теҳронда яшайди. Аммо бир озарбайжон қизининг Она юрт соғинчига мубтало бўлиши минглаб юртдошлари қони тўкилишининг олдини олади. Минглаб қиз-келинлар, муштипар онанинг кўз ёши тўкилмайди. Бироқ бир умрлик Ватан соғинчи, киндик қони тўкилган юртдан узоқда яшаш дарди унинг мисраларига кўчади:

 

Мен суйганим, қорабоғ,

Қора дастам, қорабоғ,

Теҳрон жаннатга айланса ҳам,

Ёддан чиқмас Қорабоғ.

 

Қорабоғдан келиб Теҳронда шоҳ завжаси бўлган Оғабегим оғани кўра олмайдиган кимсалар ушбу байтларни  Фатали шоҳга етказишади, устамонлик билан дейишадики, қорабоғли бу “қизалоқ” Теҳронда яшаб, уни ёқтирмайди. Бундан ранжиган шоҳ Оғабегим оғани ҳузурига чорлайди. Шоира ҳозиржавоблик ила шоҳ фикрини чалғитишга ҳаракат қилади:

‒ Мен бундай демадим, Шоҳим! Сизга бошқача хабар беришибди, мен бундай дегандим:

 

Мен суйганим, Қорабоғ,

Шеки, Ширвон, Қорабог.

Теҳрон жаннатга айланади,

Ёддан чиқар Қорабоғ.

 

Бу ҳозиржавоблик Фатали Шоҳга хуш келади, айни пайтда Оғабегим оғанинг кўзларидаги ғам-андуҳни кўради. Уни янада кўпроқ ҳурмат қилган ҳолда, бу қайғуни камайтиришни истайди:

‒ Қорабоғга қайтишдан бошқа нимаики тилагинг бўлса, унга етказаман.

Оғабегим оға бир фурсат мулоҳазадан сўнг, жасоратини тўплайди:

‒ Шоҳ соғ бўлсин! Қўрқаманки, арзим сизни ранжитиб, уни амалга оширишдан бўйин товларсиз.

‒ Фатали шоҳ бир оз такаббурла:

‒ Бирор марта сўзимни қайтариб олганманми ё сенинг сўзингни ерда қолдирганманми? ‒ дейди.

‒ Бўлмаса, ижозат беринг, Ота юртимдан келтирган қийматли тошларни, жиҳозларни сотай.

Фатали шоҳ ҳайронла жавоб беради:

‒ Менинг хазинамдаги пул камлик қилиб, шону-давлатим сенга камлиқ қилдими? Бутун Эрон мамлакатининг бор давлати сенинг қўлингда бўлгани ҳолда, отанг сенга совға қилган жиҳозларни нега сотмоқчисан?

Оғабегим оға яна ақлли жавоби ила шоҳни ҳайрон қолдиради:

‒ Шоҳим, мен сизнинг саройингизда яшайман, кийган кийимимда, еган нонимда сизники. Бас, унда отам давлатидан келтирилган безак-жиҳозлар менга не керак? Қачон сиз менга туҳфа қилган тош ва қошлар ила безанаман? Сизнинг совғаларингиз отам менга берганларидан каттароқ ва чиройлироқ. Ҳар сафар устимдаги безакларга кўзингиз тушганда, сизнинг ёдингизга кўҳна адоват, менинг ёдимга марҳум Отам, Ватаним Қорабоғ тушади. Менинг ўтмиш хотирам сизга оғирлик қилганидек, сизнида қайғуга ботирган қадим изтироблар менга оғир ботади. Бу изтиробдан бир умрга халос бўлиш маъқул эмасми, шоҳим?!

Фатали шоҳ бир муддат ўйга толади, ушбу ҳақ сўзларга жавоб топишга қийналиб, рози бўлишга мажбур бўлади. Аммо бир нарсадан хавотирда эди:

‒ Агар сенинг безаку тақинчоқларингни сотаётганингни билиб қолишса, мен нима деган одам бўламан? Мени халқ орасида шарманда бўлишимни истайсанми?

‒ Хотиржам бўлинг, шоҳим! Сиз мендан нонкўрлик кўрмадингиз, бундан кейин ҳам кўрмайсиз. Иншааллоҳ, бу сирни ерда фақат иккимиз ва Аллоҳ билажак.

Лекин Фатали шоҳ ҳамон иккиланарди:

‒ Пул сенга нима учун керак? Нима етишмайди? Сенга нима лозим бўлса, қанча пул керак бўлса, мен бера оламанку. Бутун хазинам ҳамиша сенинг хизматингда бўлса!

Оғабегим бу сўзлардан шоҳнинг юмшаётгани сезиб, тезда жавоб қайтарди:

‒ Ҳақсиз шоҳим. Эртадан бошлаб бутун саройга менинг ўзим учун хазина очаётганингизни эълон қиласиз. Мен эса хазина эвазига тош-қошларимни, жиҳозларимни сотиб, ўзим учун бир боғ барпо қилишни истайман. Шундай боғ-ки, у ерда фақат ўзим кезай. Бу боғ фақат менга тегишли бўлсин, ундаги ҳар бир гул, ҳар бир дарахт менинг хоҳишим-ла экилсинким, ҳеч кимса ишимга аралашмасин.

Фатали шоҳ рози бўлди ва эртаси куни Оғабегим оғага хазинасини очганини эълон қилди. Саройга дунёнинг етти иқлимидан моҳир боғбонлар таклиф этилади. Оғабегим оға уларга ўз фикрини баён қилади: “Шундай боғ бўлсинким, Шушада ўсган ҳар бир ўсимлик, дарахт ва гул бу ерда ўссин”.

Иш бошланиб, Шушанинг тоғ-дараларидан карвон-карвон тупроқ келтирилади. Шушада битган ҳар бир ўт-алаф, гул-чечак, дарахт ушбу боғга экилиб, парвариш қилинади. Ва ниҳоят, боғ тайёр бўлади, шоиранинг истагига кўра унга “Ватан боғи” дея ном қўйишади. Ҳаммаси рисоладагидек бўлгач, Оғабегим боғга қадам ранжида қилади. Боғ чиндан-да гўзал эди. Маҳоратли боғбонлар бу ерга гулу чечаклардан ташқари, худди Шушанинг тоғ-дарасининг ҳавосини, атрини-да келтирмишлар эди.

Шоира боғни кезиб-айланиб, ҳар нарса унинг дидига мос эканига амин бўлади. Лекин ҳар қанча кезмасин, боғдан Харибулбул гулини топа олмайди. Боғда ишлаган жами боғбонларни тўплаб, уларга муаммони баён айлайди. Боғни барпо этган қўли гул боғбонлар ишни қайтадан бошлаш кераклигини англашади. Аммо ҳар қанча уринишмасин, “Ватан боғи”да Харибулбул кўкармайди. Борган сари боғбонларнинг машаққатли меҳнати ошар, Харибулбул Шушадан Теҳроннинг “Ватан боғи”ига обкелинар… Оғабегим оға бундан ҳасрат-ла нола қиларди:

 

“Ватан боғи” ‒ алвондир,

Харибулбул йўқ аросинда

Ҳар ери ол-алвондур,

Бағрим қондур, сари булбул.

 

Айнан шу вақтдан бошлаб Ватан ва Харибулбул номлари бирга қўлланилади.

Харибулбул ҳақида айтилмиш барча сўзлар унинг гўзаллиги, фусункорли сабабидандир. Гулнинг қоқ ўртасида гўё булбул ўтиргандек. Булбул елкасида икки кичик қанот борки, гулнинг ўз барглари рангидан бироз тўқроқ тусда. Барглардан хийла кичикроқ. Шуни билингки, бу булбулнинг қанотларидир.

Харибулбулнинг яна бир номи Кавказ Қош Саҳлабидир. Бу, уруғлар билан етиштирилган кўп йиллик ўсимлик демак. Харибулбул Орхидеялар оиласидан бўлиб, Офрис (лотинча Опҳрйс) жинсига мансуб. Офрис сақлабкимлар оиласидаги ўсимликлар турига киради. Офриснинг 50 дан ортиқ тури мавжуд (“Опҳрйс” юн. – “қош”). Харибулбул асосан Шушанинг Жидир текислигида ўсади. Апрель ойининг охири ‒ Май ойининг бошларида, тахминан 15-20 кун гуллайди.

Асосий нуқтага ҳам келдик! Ўтган асрнинг 90 йилларидан бошлаб, яъни Қорабоғни истилочилардан томонидан босиб олингандан буён “Харибулбул” номи қайғу, алам ва ранж ила эсланарди. Аммо 2020 йилининг 27 сентябрьıдан бошлаб, улуғ ғалабадан сўнг бу номни биз мағрурлик ҳамда ифтихор ила эслаяпмиз. 44 кунлик муҳорабанинг ҳар кунида “Атринг келар, Харибулбул” дея ғалабадан умид қилдик. Ва жасур ўғлонларимиз жасорати ила 8 ноябрда Шушамиз, Харибулбулимиз озод қилинди. Шу тариқа Харибулбул Ватан учун курашнинг рамзига айланди. Ҳамда ўша кундан буён Харибулбул биз учун Ватан учун бўлган жанггда шаҳид бўлган ўғлонлар порлоқ хотирасини ёд этиш куни ҳамдир.

Бизнинг Харибулбулимиз Муборизларимиз, Пўлатларимиз қони ила камол топган. Бундан кейин ҳеч ким уни биздан тортиб ололмажак. Ватан боғи ол-алвондир, Харибулбул бор аросинда!

Ёзиб олувчи: Малейка Мирзали

Озарбайжон тилидан Давронбек Орипов таржимаси.

 

Малейка Мирзали Азер қизи 1999 йилда Озарбайжоннинг Боку шаҳрида туғилган.  2021 йилда Боку давлат университетининг филология факультетини Озарбайжон тили ва адабиёти ўқитувчиси мутахассислиги бўйича тамомлаган.  Ҳозирда шу университетнинг туркология (тилшунослик) йўналиши бўйича магистратура босқичида таҳсил олмоқда.  Озарбайжон ва турк тилларида кўплаб илмий ва публицистик мақолалар муаллифи.  Шунингдек, 2020 йилда Халқаро Туркий Академия кўмагида ўтказилган “и Туркшунослик талабалари конгресси”нинг асосчиси ва Боку давлат университети туркология тўгараги раҳбари.