Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси ходимлари бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси Қўриқлаш бош бошқармаси бошланғич касаба уюшмалари билан ҳамкорликда 1 июнь – Болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан “Ҳар бир фарзандга меҳр ва эътибор” шиори остида бир қатор маданий ва дам олиш тадбирлари уюштирди.
Тошкент вилояти Қўриқлаш бошқармаси ходимларининг фарзандлари учун Тошкент вилоятидаги тоғ ён бағрида жойлашган сўлим дам олиш масканларида “Болалар ҳаётимиз давомчилари ва келажагимиз эгаларидир” мавзусида спорт беллашувлари ташкил этилди. Ғолиб болажонларга эсдалик совғалари ва дипломлар топширилди.
Сана муносабати билан Қўриқлаш бўлимлари ходимларининг ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги мавжуд бўлган фарзандлари ҳолидан хабар олинди. Уларнинг кайфиятини кўтариш ва уларга байрам шукуҳини улашиш мақсадида кичкинтойларга совғалар улашилди.
Шунингдек, ота-она қармоғидан маҳрум бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда тизимида хизмат қилиб келаётган ходимларнинг фарзандлари учун Тошкент ҳайвонот боғига саёҳатлар уюштирилди.
Акмал Тилявов,
Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси ходимлари
бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси бош мутахассиси



