Мактабни тугатганимизга бир йил бўлибди. Бугун негадир хаёлимга ўқувчилик даврим келди.
Бундан бир йил олдин мен ҳам битирувчи бўлганман. 25 май санасида мен ҳам қалбимда ажиб бир ҳаяжон билан мактаб томон шошгандим. Елкамдаги таққан тасмам, кўксимдаги қўнғироқчам ўзимга гўё “Давлат мукофоти”дек бўлиб туюларди. Атрофимдагилар “Сен ҳам “БИТИРУВЧИ”мисан?” деб сўрашса, “Албатта” деб мағрурланиб қўярдим. Мактаб дарвозасидан кирар эканман, иштиёқ билан байрамга тайёрланаётган, ўзимга ўхшаган “Битирувчи” тенгдошларимга кўзим тушди. Бир четга ўтиб уларнинг ҳаракатларини кузатдим.
Кимдир айтиши керак бўлган шеърини такрорлаяпти, яна кимдур қолган синфдошларга қўнғироқча тарқатяпти. Xуллас, ҳар ким нима биландир шуғулланяпти. Шу пайт нарироқдан “Сафланинглар!” деган овоз эшитилди ва ҳамма ўз шериги билан туриб олди. Шундай қилиб “Хайр мактабим” қўшиғи бошланиши билан синфлар бирин-кетин чиқа бошлашди. Ўқувчилар билан тўлиб тошган, зар ва пуфаклар билан безатилган мактаб ҳовлисини айланар эканман, ичимда қандайдир туйғу пайдо бўлди. Орқамга, саф тортиб, турнақатор бўлиб келаётган синфдошларимга қарадим. Наҳотки шу кун келди?! Наҳотки бизнинг ҳам бу кошонани тарк этадиган пайтимиз бўлди. Кечагина “Бўлди, энди боғчага бормайман, мактабга бораман” деган қизалоқлигимга, биринчи партага ўтиришга, доскага чиқишга, “5” олишга талашган синфдошларим эса бугун келишган йигит-қизларга айланганига ишонгим келмайди. “Мактабга боргим келмаяпти” деб, турли баҳоналар топиб, дарс қолдирган кунларимни, “Қани энди, мактаб тезроқ тугаса-ю тезроқ шу синфдошларимдан, мактабдан қутула қолсам” деган гапларимга жуда ҳам афсусланяпман. Нима ҳам қила олардик?! Лекин бизнинг бу даргоҳ билан боғлиқ 11 йилллик ширин хотираларимиз ҳеч қачон ёдимиздан чиқмайди. Бугун мактабимиз бизни катта ҳаёт томон кузатмоқда. Энди бизни “ТАЛАБАЛИК” деган олтин давр кутиб турибди. Эҳ, қани энди яна бир йил муҳлат берилса-ю, дийдорингга озроқ тўйиб олсам….
Мана, қадрдон мактабимизни тарк этганимизга ҳам бир йил бўлибди. Вақтнинг ўтишини қаранг-а. Бу давр ичида кўпчилигимизга устозларимиз айтган “Олтин давр”нинг гаштини суриш бахти насиб этди. Ана шу бахтга эришган тенгқурларим орасида мен ҳам борлигимдан жуда бахтиёрман. Бу бахтга эришишимизда ўзларининг жонкуярлиги, фидойи хизматлари билан бизга таълим-тарбия берган ўқитувчи мураббийларимизга чексиз миннатдорлик билдираман. Иккинчи уйимизга айланган бу кошонага энди ўқувчи бўлиб қайта олмаслигимни биламан. Шундай бўлса ҳам ўқувчилик чоғларим ҳаётимнинг энг эсда қоларли ва энг беғубор даври бўлиб қолаверади.
Севинчой Қўчқорова,
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети
Қорақалпоқ филологияси ва журналистикаси
факультети 1- босқич талабаси



