Имтиёз нега амалда эмас?

110

Сирдарё «Мурувват» ногирон аёллар учун интернат уйида «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун ҳамда жамоа шартномаларидаги бандлар ижроси юзасидан ўрганиш ўтказилганда ишловчи ходимлар учун белгиланган имтиёз бажарилмай, меҳнат ҳуқуқлари поймол бўлгани аниқланди.

Гап шундаки, тиббиёт ходимлари махсус кийим – халат ва қалпоқ билан таъминланмай, чиқимдор бўлишларига йўл қўйилган.
Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 217-моддаси, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддаси ҳамда вазирлик ва тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши ўртасида тузилган «Тармоқ келишуви»нинг 6.6-бандида соғлиқни сақлаш ва тиббиёт ишлаб чиқариш ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларини бепул бериш назарда тутилган. Қолаверса, муассасанинг амалда бўлган жамоа шартномасида ҳам бу имтиёз белгиланган.
Ушбу камчиликларни бартараф қилиш бўйи­­ча интернат уйи директори номига ёзма кўрсатма киритилди. Шундан сўнг 36 миллион 270 минг сўмга тиббий халат ва тиббий қалпоқ харид қилинди ва 130 нафар тиббиёт ходими махсус кийим билан таъминланди.

Аброр ҒАНИЕВ,
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши Сирдарё вилояти бўйича меҳнат техник инспектори