«Ishonch» газетасининг шу йил 23 апрелдаги сонида чоп этилган «Масала қачон ечим топади?» сарлавҳали мақолада архив тизими ходимларини чангдан муҳофаза қилувчи воситалар, уларни махсус кийим-бош ва сут-қатиқ маҳсулотлари билан мунтазам таъминлаш хусусида сўз юритилган эди.
Мақолага Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси қуйидагича муносабат билдирди:
– Маълумки, 2016 йил 22 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилинган.
Мазкур қонуннинг 18-моддасида: «Меҳнат шароитлари ноқулай ишларда банд бўлган ходимлар белгиланган нормалар бўйича сут (шунга тенг бўлган бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари), даволаш-профилактика озиқ-овқати, газланган тузли сув (иссиқ цехларда ишловчилар учун), махсус кийим-бош, махсус пойабзал ҳамда бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан бепул таъминланади. Бундай ишларнинг рўйхати, уларни бериш нормалари, улар билан таъминлаш тартиби ва шартлари жамоа шартномалари ҳамда келишувларида белгиланади, агар улар тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан ходимларнинг вакиллик органи билан келишувга кўра, қонунчиликда белгиланган нормативларга мувофиқ белгиланади», деб кўрсатилган.
Шундан келиб чиқиб, «Ўзархив» агентлиги ўз тизимидаги ходимларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш учун бундай ишларнинг рўйхати, уларни бериш нормалари, улар билан таъминлаш тартиби ва шартларини жамоа шартномалари ҳамда келишувларида белгилаши, агар улар тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан ходимларнинг вакиллик органи билан келишувга кўра, қонунчиликда белгиланган нормативларга мувофиқ белгилаши лозим бўлади.
Шунингдек, қонуннинг 16-моддасига мувофиқ меҳнатни муҳофаза қилиш учун иш берувчи томонидан маблағлар ажратиш, шунингдек, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича жамғармаларни ташкил этиш ва уларнинг маблағларидан фойдаланиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси иштирокида белгиланиши кўрсатиб ўтилган.
Фуқаро Дилдора Иброҳимова, Сизга мамлакатимизда олиб борилаëтган ислоҳотларга бефарқ эмаслигингиз ҳамда ташаббускорлигингиз учун миннатдорлик билдирамиз.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси М.Ходжаева
