Паркент туманида «Заркент» санаторийси фаолият юрита бошлади
Барчамиз кўриб-билиб турибмиз, сўнгги пайтларда мамлакатимиз росманасига қурилиш ва бунёдкорлик масканига айланди. Кунда-кунора юртимизнинг қайсидир ҳудудида янги бино-иншоотлар, мактаб ёки болалар боғчалари, хизмат кўрсатиш шохобчалари, оромгоҳу санаторийлар фойдаланишга топширилмоқда.
Бу жараёнда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳам ҳиссаси катта бўлмоқда. Ушбу ташкилот ишчи-ходимлар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг ва оила аъзоларининг соғлиқларини мустаҳкамлаш борасида кўплаб хайрли ишларни бажариб келмоқда.
Ҳозир Федерация тасарруфида 23 та санаторий ва битта дам олиш уйи бор. Улар юртдошларимизга ҳамда чет эллик меҳмонларга хизмат қилмоқда.
Куни кеча бундай масканлар сони яна биттага кўпайди. Аниқроғи, Паркент туманида муҳташам «Заркент» санаторийси фойдаланишга топширилди.
Унинг тантанали очилиши маросимида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раисининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва xорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов, шунингдек, вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, нуронийлар ва маҳалла фаоллари, устоз-мураббийлар ҳамда таниқли ижодкорлар иштирок этдилар.
Маросим аввалида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов ҳамда Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев санаторий боғига дарахт кўчатлари ўтқаздилар.
Сўнгра Қудратилла Рафиқов сўзга чиқиб, барчани, хусусан, паркентликларни ушбу янги иншоот билан муборакбод этди. Шу асно «Заркент» санаторийси директори Акром Эргашевга рамзий калит, «Ласетти» ҳамда «Дамас» автомашиналари калитларини топширди.
– Кўпчилигимиз дунёнинг турли мамлакатларидаги сиҳатгоҳларда бўлганмиз ва у ердаги шароитлар, тиббий жиҳозлар ва хизмат кўрсатиш сифатни кўриб, кўнглимиздан «Бизда ҳам шундай масканлар бўлармикин?» деган фикр ўтган ва буни орзу ҳам қилганмиз, – деди Қудратилла Рафиқов. – Мен бугун тўла ишонч билан айтишим мумкинки, мамлакатимиздаги санаторийлар эндиликда ўз рейтинги, даволаш процедуралари хилма-хиллиги, комплекс қулайликлари билан нафақат Марказий Осиёдаги, балки Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ва бошқа хорижий мамлакатлардаги санаторийлар билан бемалол рақобатлаша оладиган даражага эришди. Натижада кейинги йилларда Ўзбекистон санаторийларига чет эллардан дам олиш учун келувчилар кескин равишда кўпайди. Бу, ўз ўрнида, мамлакатимиз имижи халқаро миқёсда ошишига хизмат қилмоқда.
Энг муҳими, санаторийларга йўлланма нархи мамлакатимиз аҳли, ишчи-ходимлар, айниқса, касаба уюшмалари аъзолари учун жуда қулай ва арзон. Инсон қадрини улуғлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган диёримизда халқимизни, меҳнаткашларни рози қилиш борасида бунга ўхшаш талай имкониятлар яратилган.
Албатта, янгиланишлар ва бунёдкорликлар ўз-ўзидан бўлаётгани ёки четдан келиб, биров қилиб бераётгани йўқ. Уларнинг барчаси муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида, у кишининг шахсан топшириқлари ва кўрсатмалари асосида амалга оширилмоқда.
Тадбирда Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саид, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, ушбу марказ ходими, фалсафа фанлари доктори, профессор, сиёсатшунос Жамила Шермуҳамедова, шоира Сайёра Тўйчиева ва бошқалар ҳам сўзга чиқиб, бугун мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, «Инсон қадри учун» деган бош тамойил асосида кўплаб лойиҳалар амалга оширилаётганини фахр ва ифтихор ила эътироф этдилар.
– Касаба уюшмалари, ҳақиқатан ҳам, бугун энг савобли ишларда бошқа ташкилотларга намуна бўлмоқда, – деди Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев. – Хусусан, у томонидан охирги йилларда меҳнаткашлар саломатлигини тиклаш мақсадида бунёд этилаётган сиҳатгоҳлар мазкур ташкилот нақадар халқпарвар тузилмага айланганидан далолат беради. Бинобарин, бугун бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари савобли ва хайрли ишларда касаба уюшмаларидан ўрнак олса арзийди.
Пойтахтдан қарийб 60 километр узоқликда жойлашган ушбу янги санаторий Заркент қишлоғининг «Қўрғон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Заркент бобо» ҳамда «Қуш қўнмас» номлари билан машҳур бўлган зиёратгоҳлар қошида барпо этилди. Жойлашув ҳудуди, иқлими, табиати шифобахш хусусиятларга эгалигига кўра, «Заркент» санаторийси нафас йўллари ва асаб тизими касалликларини даволашга ихтисослашган. Умумий майдони 2,8 гектар бўлган бу муассаса саломатликни тиклаш ва турли касалликларнинг олдини олишга хизмат қилувчи замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ва унда даволаш-ташхислаш хоналари ташкил этилган. Дам олувчилар бу ерда физиотерапия, жисмоний тарбия, массаж, сув билан даволаш муолажалари, фитотерапия, лазерли терапия, психотерапия каби даво усулларидан фойдаланишлари мумкин.
– Бугун юртимизнинг қай бир гўшасига борманг, мана шундай беқиёс бунёдкорликларга рўбарў келасиз, – дейди Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир. – Айниқса, кўплаб ижодкорлар, олимлар, давлат арбоблари туғилиб ўсган Паркентда бундай гўзал масканнинг қад ростлаши ниҳоятда катта шодиёна бўлди. Илоҳим, келгусида ҳам табиати гўзал ва об-ҳавоси тоза Паркент туманида кўплаб шунақа сиҳатгоҳлар қурилсин.
150 ўринга эга тўрт қаватли мажмуада барча қулайликлар бир жойнинг ўзида, яхлит ҳолда ташкил этилган. Яъни, ётоқхона, даволаш бўлими, ошхона, клуб, кутубхона, маъмурий бўлим, лаборатория ва бошқа хизматлар битта бинода жойлашган. Барча хоналар энг замонавий мебель ва анжомлар билан жиҳозланган.
– Кўп йиллар касаба уюшмалари тизимида фаолият юритдим. Аммо ўша кезлар бирон марта «Профсоюз санаторий, оромгоҳ қурибди», деган гапни эшитмадим. Имтиёзли йўлланма асосида ушбу санаторийга келиб, англадимки, мен билган аввалги касаба уюшмалари билан ҳозиргисининг орасида ер билан осмонча фарқ бор экан, – дейди меҳнат фахрийси Тошпўлат Худойбердиев.
Янги сиҳатгоҳ ҳудудида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам олиб борилиб, ихчам гулзор барпо этилди. Санаторийнинг ишга туширилиши юзга яқин янги иш ўрни яратилиши билан ҳам аҳамиятлидир.
Қурилиш ишларини олиб бориш, канализация тармоқларини тортиш, иситиш тизимларини ўрнатиш, сув минораси қуриш, тиббий жиҳозлар ва қаттиқ инвентарларни харид қилиш учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 50 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
– Мен бир умр қурувчилик қилдим, – дейди Жиззах вилоятининг Бахмал туманидан келган меҳнат фахрийси Қосим Шодмонов. – Шу боис яхши биламанки, тоғ ёнбағрида бундай муҳташам иншоот бунёд этишнинг ўзи бўлмайди. Лекин инсоннинг қўли гул, астойдил ҳаракат қилса, чўлни ҳам бўстонга айлантиради. Бунинг исботини мана шу сиҳатгоҳ тимсолида кўриб турибмиз. Бу ерга келган илк кунимданоқ ўзимни бошқача ҳис эта бошладим. Таърифлашганича бор экан. Айниқса, тоза ҳавоси дилни яйратади. Бизга шундай шароитлар яратиб берган мутасаддиларга катта раҳмат!
– Буюк шоир ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг «Яхши одам юрт тузар, ёмон одам юрт бузар», деган пурмаъно ҳикмати бор. Шубҳасиз, у пурвиқор тоғлар бағрида мана шундай ҳашаматли биноларни бунёд этган одил кишиларга аталган. Мамлакат равнақи, фуқаролар фаровонлиги йўлида хизмат қиладиган раҳбарлар кўпайсин, – дейди яна бир меҳнат фахрийси Саиджон Ашуров.
Маросим чоғи қурилиш жараёнида фидойилик кўрсатган бир гуруҳ қурувчилар меҳнати эътироф этилиб, уларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан зарбоф тўнлар кийдирилди.
Тадбирга санъат усталари дилрабо куй-қўшиқлар билан янада файз киритдилар.
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«ISHONCH»



