Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқовнинг «Сўх» болалар соғломлаштириш оромгоҳи очилиш маросимидаги табрик сўзи

185

Ассалому алайкум, азиз дўстлар!
Ассалому алейкум, дўстоне азиз!
Қадрли меҳмонлар!
Меҳмондўст ва орияти баланд Сўх аҳли!
Мен, аввало, том маънода афсоналар юрти, бағрикенг ва саховатпеша Сўх заминига келганимиздан бахтиёр эканимизни айтмоқчиман.
Янги Ўзбекистон меъмори, ҳаётимизнинг барча жабҳаларидаги бунёдкорлик ишларининг ташаббускори, муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг сиз азизларга, танти ва меҳнаткаш сўхликларга самимий ва меҳрли саломларини етказаётганимдан ғоятда хурсандман.
Азиз дўстлар!
Юртимизнинг энг сўлим ва мафтункор масканларидан бири – кўп асрлик тарихи бор Сўх тупроғига қадам босар эканман, фарғоналик атоқли шоир Фурқатнинг ушбу мисралари хаёлимдан ўтди:
Киши тўбию кавсар, жаннату ризвонни не қилсин,
Жаҳон айвонида ҳосил бу янглиғ анжуман бўлса.
Ҳақиқатдан ҳам, мана шундай мусаффо ҳавони, бетакрор табиатни, бу диёрнинг юртсевар ва одамохун инсонларини дунёнинг бошқа ҳеч ерида учратмаймиз.
Агар Сўх – Аллоҳнинг назари тушган жаннатмонанд юрт! – десам, бу ҳам айни ҳақиқатдир.
Кўҳна Сўхнинг шонли тарихи, ўзига хос бетакрор маданияти ва қадриятлари минг йилликлардан ҳикоя қилувчи алоҳида бир достондир.
Мен бугунги тадбирга тайёргарлик кўриш асносида Сўх тарихи билан қизиқдим. Бир қатор тарихий манбаларни ўқиб чиқдим. Билдимки, тарихий далилларнинг гувоҳ беришича, Сўхнинг тарихи эрамиздан олдинги бир неча минг йиллик­ларга бориб тақалар экан.

Биринчидан. Ўзбекистон археологларининг кўп йиллик қазишмалари натижасида Сўх воҳасининг шарқий қисмида жойлашган Селенғур ғорида тахминан 1,5 миллион йил муқаддам яшаган қадимги одамлар («Фергантроп») манзилгоҳи топилган.
Иккинчидан. Сўх дарёсининг қадимги ўзани, Обишир сойининг ўнг қирғоғидаги ғорлардан топилган бой ашёлар мезолит даврига мансуб бўлиб, улар бошқа ёдгорлик­ларни ўрганишда «эталон» сифатида хизмат қилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Сўхнинг тоғ ва тоғолди ҳудудлари ҳамда дарё соҳилларида мезолит даврига оид кўплаб ёдгорликлар мавжуд.
Учинчидан. Сўх воҳаси инсоният цивилизациясининг энг кўҳна битикларидан бўлмиш зардуштийликнинг муқаддас китоби «Авесто»да «Сухи Фардафшун» номи билан аталган.
Тўртинчидан. Биз Сўх ўғлонларининг мардлиги, чапдастлиги, баҳодирлиги ҳақида кўп эшитганмиз. Бу шунчаки, кўнгил учун айтилган гап эмас, балки ҳаётий ҳақиқатдир. Буюк бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг «Бобурнома» асарида 1493 йилда Сўх ва Хушёр қишлоқларига келганини ёзиб қолдирган. Бобур бобомизнинг жангларда муваффақиятларга эришишида, Ҳиндистонга бориб, қудратли салтанат барпо этишида айнан унинг ёнида биргаликда буюк мақсадлар йўлида жангу жадалларга кирган Сўхнинг қаҳрамон фарзандларининг муносиб ҳиссаси борлигига тарих гувоҳдир.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Ота-боболар қонида жўш урган бундай ғайрат-шижоат бугун бу азиз заминда яшаётган сўхликлар томирларида ҳам оқмоқда.
Замонавий Сўх тараққиётига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган, халқимизнинг қалбидан, юрагидан чуқур жой олган Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони Амирали Саидбеков, Ленинградни озод қилиш қаҳрамони Тешабой Одилов, халқ хўжалиги ривожи йўлида самарали меҳнат қилган Мўйдин Юнусов, Жамолиддин Дадокаримов, Давронбек Мамашарипов, Мирзо Бобоколонов, Мирзо Юнусов ва бошқаларни чуқур ҳурмат билан эсга оламиз.
Сўх таълим соҳаси жонкуярлари Мирзажон Хўжамов, Субҳиддин Шарофиддинов, қалами ўткир журналистлар Фарҳод Миршаропов, Содиқжон Тоҳировларни алоҳида ҳурмат билан тилга оламан.
Спортнинг бир неча турларида мамлакат, Осиё ва Жаҳон мусобақаларида зафарли ўринларни қўлга киритиб келаётган Расулбек Давронов, Абдураҳим Қозиев, Фарҳод Исоев, Суҳробжон Қориев, Насим Муҳиддинов, Рустам Казаров каби спортчи ёшларимизнинг номи бугун нафақат водийликлар, балки бутун халқимизнинг қалбини ифтихорга тўлдирмоқда.
Шу фурсатдан фойдаланиб, нафақат Сўхнинг, балки мамлакатимизнинг фахрига айланган шу азиз ўғил-қизларимизни бир олқишлаб қўйсак, нима дейсизлар?
Ҳурматли меҳмонлар, тантанали маросим қатнашчилари!
Маълумки, Сўх анклав мақомидаги ҳудуддир. Биз мустақилликнинг ўтган қарийб чорак асрлик тарихида айни шу омил сабаб кўплаб муаммоларга дуч келганимизни ҳаммамиз яхши эслаймиз.
Юртбошимиз Шавкат ­Миромонович Мирзиёев Президентликка сайланганларидан кейин мафтункор Фарғона водийсининг бетакрор тарихий қисми бўлмиш Сўхга муносабат тубдан ўзгарди.
Буни ҳар бир сўхлик ўз ҳаётида кўриб турибди. Ҳозирги кунда ўртадаги географик узилиш Сўх ва сўхликларни Янги Ўзбекистонимиз тақдирига, мамлакатимизда бўлаётган бунёдкорлик ишларига дахлдор бўлиб яшашига, унинг ривожига енгни шимариб астойдил ҳисса қўшишига ҳеч ҳам халақит қила олмайди.
Чунки ҳеч ким четдан келиб, сўхликлар муаммосини ҳал қилиб бермайди. Ҳеч ким! Фақат ўзимиз ва яна бир бор ўзимиз мавжуд муаммоларни ҳал қилишга жавобгармиз. Ва фақат ўзимиз бу масалаларни ҳал қилишга қодирмиз.
Буни биз кейинги йилларда Сўх аҳолисининг эришаётган зафарлари мисолида кўриб турибмиз. Ўтган беш йил ичида мамлакатдаги ҳеч бир ҳудуд Сўхчалик муҳтарам Юртбошимизнинг эътибор марказида бўлган эмас.
Давлатимиз раҳбарининг Сўхга ва унинг Сиз – меҳмондўст ва меҳнаткаш халқига меҳри ўзгача. Сўхдаги тарихий янгиланишлар бу фикримни тўла исботлайди.
Муҳтарам Президентимизнинг 2020 йил 8 августдаги «2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги тарихий қарори ҳамда унинг ижроси натижасида амалга ошаётган кенг кўламли ўзгаришлар ана шу тарихий ишларга дастуруламал вазифасини ўтамоқда.
Келинг, айрим мисолларга эътибор қилайлик. Бундан атиги беш-олти йил илгари кимдир Сўхга вилоят марказидан авиарейслар қатнови йўлга қўйилади, сўхлик ёшлар учун олий таълимда махсус грантлар ажратилади, турли имтиёзлар берилади, шу ерда замонавий болалар оромгоҳи бунёд этилади, деса биров ишонармиди?!
Қилса бўлар экан-ку!
Буларнинг бари Юртбошимизнинг сиз азизларга бўлган қайноқ ва самимий эҳтиромининг ёрқин бир ифодасидир!
Муҳтарам дўстларим!
Энди бугун сизу биз тантанали очилиш маросимига йиғилган ушбу муҳташам ва замонавий кўринишда бунёд этилган иншоот – Сўх болалар оромгоҳи ҳақида қисқача тўхталмоқчиман.
Бу оромгоҳнинг бошқаларидан катта фарқи бор. Фарқ шундаки, ушбу оромгоҳ ғояси, муаллифи, меъмори ва ташаббускори шахсан Шавкат ­Миромоновичнинг ўзларидир.
Иншоотнинг чизмасидан тортиб, токи болаларимиз ихтиёрига топширилишигача бўлган давр шахсан Юртбошимизнинг назоратида бўлди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бу муаззам оромгоҳ Сўх аҳлига, шу табаррук замин фарзандларига Юрт отасининг меҳри ва эътибори рамзи, муносиб совғасидирки, барчангизни ушбу бетакрор совға билан муборакбод этаман.
Ушбу оромгоҳ ҳудуди 5 гектардан иборат бўлиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига муҳтарам Президентимизнинг шахсий топшириқлари асосида давлат бюджетидан ажратилган салкам 28 миллиард сўмга яқин маблағ ҳисобига оромгоҳ қад ростлади.
Оромгоҳ 200 ўринга мўлжалланган, мавсум давомида 1000 нафардан зиёд ўғил-қизларнинг мароқли дам олиб, саломатлигини мустаҳкамлашларига мўлжалланган.
Айни чоғда мен Сиз – меҳридарё сўхликларнинг самимий юз-кўзларингизга қараб, расмиятчиликдан ҳоли бўлиб, кўнгилдаги гапларни рўй-рост айтиб, суҳбатлашишни маъқул кўряпман.
Тўғриси сизларнинг шу топдаги бу хурсандчилигингиз, меҳрингиздан руҳландим, бу бизга ҳам чексиз хурсандчилик ва мамнуният бахш этмоқда.
Дарҳақиқат, қувонишга арзирли сабаблар етарли, зеро, айни замонда болалар учун оромгоҳлар қураётган давлатлар дунёда кўп эмас. Ёки ўзингиз айтинг, шу замонда қайси давлатда болалари учун қайғураётган, уларга шодлик ва бахт улашаётган Президент борлигини биласизми?
Очиғини айтганда, мен азиз болажонларимизга ҳавас қиляпман. Чунки уларни ўйлаб турган, улар учун қайғураётган, улардан ҳеч қачон оталик меҳрини аямаган ва аямайдиган Президентимиз, Юртбошимиз бор!
Шу маънода, бу маскан йиллар ўтиб, Сўх фарзандларининг азиз бир гўшасига айланишига ҳеч ҳам шубҳам йўқ!
Энди бу оромгоҳ сизларники, сиз азиз сўхликларники! Бу ерда ўғил-қизларимиз нафақат мириқиб ҳордиқ чиқаради, шу билан бирга, жисмонан чиниқади ва керакли билимларни олади.
Ишончим комилки, бу маскан Сўхнинг эртасини бунёд этишга қодир бўлган, чин ватанпарвар ёшларимизнинг етишиб чиқишида муносиб ҳисса қўшадиган мўътабар даргоҳга айланади.
Сўх халқида шундай бир ажиб шиор бор:
Ману ту зодаи куҳи баландем,
Ба мо пасти наме зебад бародар!
Меҳмонлар учун таржимасини ҳам айтиб ўтаман:
Биз баланд тоғлар фарзандимиз,
Бизга пастлик ярашмайди!
Мен мана шундай гўзал диёрни обод ва фаровон маконга айлантириб турган Сўхнинг қадди баланд халқига тинчлик ва омонлик тиламоқчиман!
Шу билан бирга, мана шундай мустаҳкам ва муҳташам бино бунёд этган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги Капитал қурилиш бошқармаси ҳамда қурилиш ишларига яқиндан амалий ёрдам кўрсатган Фарғона вилояти ҳокимлигига шахсан ўзим ҳамда барчамизнинг номимиздан чуқур миннатдорчилик билдираман!
Фурсатдан фойдаланиб, шуни мамнуният ва ифтихор билан айтмоқчиманки, муҳтарам Юртбошимиз азиз сўхликларнинг бахтли ва фаровон яшаши учун барча ишни қилишга, туманни катта бунёдкорлик, ишлаб чиқариши ривожланган ҳудудга айлантиришга бел боғлаб, жуда улкан режалар қилаётганлик­ларини етказиб қўйишимни тайинладилар.
Демак, биз ҳали Сўхга кўп яхши кунларда яна келамиз, сизларни бундай қувончли тадбирларда кўп бор муборакбод этамиз.
Барчамизни ўша кунларга етказсин!
Шу кўркам масканда бугун мириқиб дам олаётган ёшларимиз она Ватанимизнинг эртанги кунига ҳамиша камарбаста бўладиган инсонлар, юртнинг фидойилари бўлиб етишишсин!
Сўхда истиқомат қилаётган нурли онахонларимиз ва нуроний отахонларимиз, оқсоқолларимиздан шу азиз юртимиз ривожи учун, халқимизнинг мард ва жасур ўғлони бўлган Президентимиз ҳақига дуода бўлишларини сўраб қоламан.
Илоҳим, юртимизга кўз тегмасин, муҳтарам Юртбошимиз халқимиз бахтига ҳамиша омон бўлсинлар!
Эътиборингиз учун раҳмат!