Пандемиянинг салбий оқибатларини бартараф этиш масаласи ҳамон халқаро миқёсдаги энг долзарб масалалардан бири бўлиб турган бир пайтда Россия ва Украина ўртасидаги можаро, давлатларнинг ушбу қарама-қаршилик фонида ўзаро санкциялар қўллаш, маҳсулотлар импортига эмбарго қўйиш йўлини танлагани, логистикадаги қийинчиликлар дунё иқтисодиётидаги вазиятни янада мураккаблаштирди. Жумладан, жаҳон бозорида озиқ-овқат, нефть-газ ва бошқа маҳсулотларнинг нархи кескин кўтарилиб бормоқда. Ривожланган, ўзига тўқ давлатларда инфляциянинг кучайиши кузатилаётган бўлса, қашшоқ мамлакатларда, экспертларнинг фикрича, очлик муаммоси хавфи юзага келяпти.
Масалан, «Eurostat» маълумотларига кўра, май ойида евроҳудудда инфляция даражаси евро жорий этилган 1999 йилдан бери энг юқори кўрсаткич – йиллик 8,1 фоизга етди. Ягона валюта бирлигига аъзо давлатлар орасида нархларнинг энг тез кўтарилиши эса Эстонияда қайд этилди. Яъни бу ерда инфляция йиллик ҳисобда 20,1 фоизга тенг бўлди. Ушбу рақам Литвада 18,5, Латвияда 16,4, Буюк Британияда 9,1, Германияда 8,1, Мальтада 5,6 фоиз ва ҳоказо кўринишда кузатилди. Кўрсаткичларнинг бундай хилма-хиллиги асосий энергия етказиб берувчига турли даражада боғлиқликка дахлдордир.
«Кўҳна қитъа»да яшаш нархининг ошиши туфайли, табиийки, аҳоли ҳам одатий истеъмол тарзини ўзгартиришга мажбур бўляпти. Озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишда «камроқ сотиб олиш» тенденцияси кўзга ташланмоқда.
Америка Қўшма Штатларида эса бензин нархи тарихий рекордларни янгилашда давом этмоқда. «NBC News» телеканали хабарига қараганда, 4 июнда ушбу турдаги ёқилғининг бир галлони (3,785 литр) 4,76 долларгача кўтарилган бўлса, 11 июнга келиб 5 доллардан ошди. Чунки халқаро биржаларда нефть баҳоси ўсяпти. Хусусан, Лондоннинг «ICE Futures» биржасида «Brent» маркали «қора олтин»нинг бир баррели 124, Нью-Йорк биржасида эса «WTI» типидаги нефть нархи 122 доллардан ошиб кетди. Табиий газ бозоридаги аҳвол ҳам бундан кам эмас. АҚШда ушбу маҳсулот нархи охирги бир йилда 204 фоизга кўтарилди.
Кўпчилик Америкада ойлик даромад юқори, нархлардаги бундай ўзгариш унчалик ҳам сезилмайди деган фикрни айтади. Даромад юқорилиги тўғри, лекин умумий манзара ҳақидаги тасаввур нотўғри. Чунки халқаро бозордаги тебраниш АҚШнинг соҳа ва тармоқлари фаолиятига, пировардида аҳоли турмуши тарзига ҳам ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмаяпти. Мисол учун, жорий йилнинг март ойида мазкур давлатда инфляция даражаси 8,5 фоизни ташкил этган бўлса, апрелда нисбатан яхшиланиб, 8,3 фоизга қайтганди. Бироқ, май ойида инфляция кутилмаганда 8,6 фоизгача кўтарилди. Бу 1981 йилдан бери қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир. Яъни, бундан қарийб 41 йил олдин, декабрь ойида мамлакатда 8,9 фоизлик инфляция кузатилганди.
Мазкур ҳолат, табиийки, нархлар ошганини англатади. Дейлик, озиқ-овқат маҳсулотлари 10,1 фоизгача кўтарилди. Кўриниб турибдики, жаҳондаги вазият деярли барча давлатлар иқтисодиётида, одамлар ҳаёт тарзида сезилмоқда. Энг ёмони, халқаро экспертлар бу жараён ҳали узоқ давом этишини таъкидлашяпти.
Яқинда Жаҳон банки янгиланган прогнозларини эълон қилди. Унга кўра, 2022 йилда дунё иқтисодиётидаги ўсиш жорий йил январь ойида айтилганидек 4,1 фоиз эмас, балки ундан сезиларли даражада паст − 2,9 фоиз бўлади. Ҳатто 2023−2024 йилларда ҳам шунга яқин ҳолат сақланиб туради. Ваҳоланки, 2021 йилда жаҳон ялпи ички маҳсулоти ўсиши 5,7 фоизни ташкил этганди. Мутахассислар стагфляция хавфи ҳақида огоҳлантириб, глобал иқтисодиёт аллақачон заиф ўсиш ва юқори инфляция босқичига ўтганлигини таъкидламоқдалар. Стагфляция − бу иқтисодиётнинг турғунлик ҳолати. Бунда иқтисодий ўсиш ғоят суст кечади ёки юз бермайди, ишсизлик кўпаяди, инфляция кучаяди, ишлаб чиқариш қувватлари тўла ишлатилмайди, инвестиция жараёни сустлашади, ижтимоий беқарорлик ортади. Ўтган асрнинг 70-80-йилларида Ғарб мамлакатлари стагфляцияни бошдан кечирган эди. 90-йиллар бошларида эса собиқ Иттифоқ давлатларида худди шундай мураккаб вазият кузатилган.
Россия ва Украина можароси COVID-19 пандемияси етказган зарарни янада кучайтириб, глобал иқтисодиёт пасайишини тезлаштирди, дейилади Жаҳон банкининг ҳозирги вазиятга оид шарҳида.
Эътиборлиси, 2022-2023 йилларга мўлжалланган глобал иқтисодий истиқболлар бўйича ушбу ҳисоботда Ўзбекистоннинг 2022 йил учун ЯИМ ўсиши прогнози 4,3 фоизгача яхшиланган. Гарчи бу аввалги баҳолардан қисман пастроқ бўлса-да, умумий фонда ҳолат анча ижобий ҳисобланади. Шунингдек, Жаҳон банки экспертлари 2023 йилда Ўзбекистон учун 5,3 фоизлик прогнозни тақдим қилмоқда. Бу урушгача бўлган ҳисоб-китоблардан атиги 0,5 фоизга паст. 2024 йилда эса прогноз қилинган 5,5 фоизга қайтиш кутиляпти.
Мазкур нуфузли халқаро молия ташкилоти кутилмаларига мувофиқ, Ўзбекистон яқин икки йилда Марказий Осиё давлатлари орасида энг юқори иқтисодий ўсишни қайд этади. Европа ва Марказий Осиё минтақасида юртимиз Грузия (+5,5 фоиз) ва Венгриядан (+4,6 фоиз) кейин учинчи ўринни эгаллайди.
Албатта, бу жуда қувонарли. Лекин унинг омиллари нимада деган саволга ҳам изоҳ бериб ўтиш адолатдан бўлади, албатта. Чунки глобал миқёсда шундай оғир ва мураккаб вазият ҳукм сураётганда мамлакатнинг барқарор тараққиётга эришиши ўз-ўзидан бўладиган иш эмас.
Муваффақиятнинг асосий пойдевори, шубҳасиз, Президент Шавкат Мирзиёевнинг оқилона иқтисодий сиёсати, халқаро бозордаги вазиятни мунтазам таҳлил қилиб, ўз вақтида зарур чоралар кўриб бораётгани билан боғлиқ. Бу ўринда аҳоли бандлигини таъминлаш учун чорва ва паррандалар тарқатиш тизими йўлга қўйилгани, турли имтиёзлар жорий қилинаётгани, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» каби мутлақо ноёб тажриба ҳаётга татбиқ этилгани, тадбиркорлар қўллаб-қувватланаётгани каби кўпдан-кўп мисолларни келтирган бўлардик.
Қолаверса, давлат раҳбари деярли ҳар бир соҳа, тармоқ бўйича видеоселектор йиғилишлари ўтказиб, мавжуд масалаларни атрофлича муҳокама қилмоқда. Муайян фурсат ўтгач эса унинг натижадорлигини сарҳисоб қиляпти. Жойларга ташриф буюрганда аҳоли, тадбиркорлар билан учрашиб, халқнинг дардига қулоқ солмоқда. Яъни ҳеч бир масала эътибордан четда қолаётгани йўқ.
Узоққа бормайлик: жорий йилнинг 31 март куни Президент раислигида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, бизнесни қўшимча қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Ана ўша йиғилишда давлат раҳбари «Ҳозир дунёда мураккаб давр давом этяпти, ҳар куни янги синовлар билан тўқнаш келяпмиз. Лекин, эртага нима бўлади, деб кутиб ўтириш ярамайди. Муаммоларни тезкор аниқлаб, ҳал қилиш ва янги имкониятларни излаб топишимиз керак», дея қатъий таъкидлади.
Ташқи хавф-хатарлар таъсирини камайтириш мақсадида тадбиркорларни қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди. Жумладан, банклар томонидан тадбиркорларга хомашё сотиб олиш ва айланма маблағлар учун қўшимча 10 триллион сўм «револьвер» кредитлар ажратиладиган, Давлат дастурлари доирасида мева-сабзавотчилик, оилавий тадбиркорлик, ипотека ва таълим кредитлари ҳажми ҳам, имтиёзли ставкалар ҳам сақлаб қолинадиган бўлди.
«Қанчалик оғир бўлмасин, ажратиладиган маблағларни камайтирмаймиз ва юкини оширмаймиз» деди мамлакат етакчиси. Шунингдек, солиқ маъмурчилигидаги янги механизмлар бўйича йил якунигача жарима қўлламаслик, божхона имтиёзларини қўллаш даврини узайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, аниқроғи, 2022 йил 8 апрелда давлат раҳбарининг «Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида»ги фармони эълон қилинди. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш, шунингдек, инклюзив ва барқарор иқтисодий ўсишга эришиш орқали камбағалликни икки баробарга қисқартириш, иқтисодиётда рақобатни таъминлаш, тадбиркорлик субъектларига тенг шароитлар яратиш, бозор муносабатларига тўлақонли ўтишни жадаллаштириш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини, хусусий инвестициялар ҳажмини кескин ошириш ҳамда бизнес доираларнинг ишончини янада мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинган ҳужжатда жуда кўп вазифалар аниқ белгиланган. Ва уларнинг самарали амалга оширилиши, албатта, мамлакатнинг янада жадал равнақини таъминлайди.
Кейинчалик Юртбошимиз хизматлар сифати ва қамровини, маҳаллабай ишлаш тизими натижадорлигини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш, товар-хомашё биржасида савдоларни ва унда маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш, нефть-газ хомашёсини қазиб олиш ва маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ҳудудларда махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари ташкил қилиш, уларни зарур инфратузилма билан таъминлаш, қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш масалалари бўйича ҳам қатор йиғилишлар ўтказиб, масъулларга аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берди. Уларнинг самаралари ҳам тез орада кўзга ташланади.
Ўзбекистоннинг бугунги иқтисодий сиёсати, янги шароитдаги ўзгаришлар жараёнини нафақат Жаҳон банки, балки бошқа халқаро ташкилотлар ҳам эътироф этмоқда. Албатта, муайян қийинчиликлар, ҳал этилиши зарур бўлган масалалар борлигини ҳам ҳеч ким инкор этмайди. Улар ечимини топиб бораверади. Аммо глобал миқёсдаги вазиятга нисбатан олганда, мамлакатимиздаги ҳозирги мавжуд барқарор ҳолат ва аҳоли учун мақбул шароитларни таъминлашга қаратилган чоралар танланган йўлнинг нақадар тўғри эканини яна бир карра тасдиқлаб, кўнгилда миннатдорлик туйғусини уйғотади.
Шавкат ОРТИҚОВ,
журналист
