Шу йилнинг май ойи бошида дунё ҳамжамиятини янги эпидемия хавфи ларзага солди. Кўплаб мамлакатларда даҳшатли суръатларда тарқалаётган маймун чечаги вируси «COVID-19»дан кейин иккинчи пандемияга сабаб бўладими? Қандай профилактика чоралари касалликни юқтирмасликка ёрдам беради? Ушбу турдаги вирусга қарши вакцина борми?
Шу ва бошқа саволларга Ўзбекистон вирусология илмий-текшириш институти бўлим мудири, тиббиёт фанлари номзоди Умид ИСМОИЛОВ жавоб беради.
– Aввало, маймун чечаги кўпчиликка маълум бўлган табиий чечак вирусидан нимаси билан фарқ қилишини аниқлаб олсак…
– Маймун чечаги – Ортопоксвирус (Orthopoxvirus)лар турига мансуб ўз ичига ДНКни олган вирус келтириб чиқарадиган, кам учрайдиган юқумли касаллик ва у 1980 йилда бутун дунёда енгиб ўтилган табиий чечак вируси билан жуда кўп ўхшашликларга эга.
Aйни пайтда Aфрикадан ташқарида, биринчи марта инфекция ҳолатлари аниқланган мамлакатларда уни юқтирганлар сони, вирус топилганидан бери (1970 йилдагидан) кўпроқ. Касалликнинг динамикаси чечак белгиларига, яъни тошма пайдо бўлишига ўхшайди. Ягона яхши хабар шундаки, маймун чечаги, табиий чечакдан фарқли ўлароқ, кўп ҳолларда беморда енгил ва ўртача даражада ўтади.
– Маймун чечаги қандай юқади? Инсон вирусни юқтиришдан ўзини қандай ҳимоя қилиши мумкин?
– Маймун чечаги зооноз касаллик бўлиб, одамларга кўпроқ хасталанган ёввойи ҳайвонлардан, масалан, кемирувчилардан, қон ва биологик суюқликлар билан бевосита алоқа қилиш, уларнинг тишлаши ёки етарлича қайта ишланмаган гўштни истеъмол қилиш орқали юқади. Одамдан одамга балғам, ҳаво томчилари, биологик суюқликлар, бемор томонидан ишлатиладиган уй-рўзғор буюмлари орқали юқиши мумкин, аммо бу ҳолларда касалликни юқтириш учун касал одам билан узоқ муддатли яқин алоқа талаб қилинади. Вирус шиллиқ қават, нафас олиш органлари ва ҳатто теридаги кичик яралар орқали танага кириши билан хавфлидир.
– Ёз – таътиллар вақти. Чет элга дам олиш учун кетишга тайёрланаётганлар нималарни билиши керак?
– Ушбу касалликнинг тарқалиши қайд этилган мамлакатларга боришни режалаштирганлар бу вируснинг ташувчиси бўлиши эҳтимоли бор ҳайвонлар (кемирувчилар ва приматлар) билан алоқадан қочишлари лозимлигини эсда тутсин. Улар истеъмол қилмоқчи бўлган гўшт маҳсулотлари эҳтиёткорлик билан ҳамда яхшилаб пиширилган бўлиши керак. Агар таомнинг сифатига шубҳа қилинса, уни истеъмол қилмаган маъқул. Вирус юқтиришнинг олдини олишнинг энг яхши усули – шамоллаш аломатлари бор одамлар билан алоқа қилганда ниқоб тақиш ва қўлларни тез-тез тозалаб туриш. Aйниқса, агар улар маймун чечаги касаллиги тасдиқланган мамлакатдан келганини билсангиз.
– Касаллик қандай ривожланади?
– Унинг инкубация даври 5-21 кун, ўртача 6-13 кунни ташкил этади. Баъзида касаллик симптомларсиз кечади ва фақат махсус тадқиқотлар давомида аниқланиши мумкин. Баъзи беморларнинг инфекцияланган ҳайвонни ушлаган қўлларида фақат тошмалар пайдо бўлади ва уларда иситма кузатилмайди. Бошқаларда, аксинча, иситма, титроқ, доимий бош оғриғи, шунингдек, мушакларда оғриқ ривожланади. Кучли ҳолсизлик бўлади, лимфа тугунлари катталашади. Ўртача, биринчи аломатлардан 2-3 кун ўтгач, макуляр тошма, яъни текис қизил доғлар пайдо бўлади. Улар кўпинча юз, кафт ва оёқларда, камроқ ҳолларда оғиз, жинсий аъзоларнинг шиллиқ қаватларида ва конъюнктива – кўзларнинг бириктирувчи қаватида кузатилади. Тошма турли босқичлардан ўтади ва охир-оқибат қобиқ ҳосил қилади. Вақт ўтиши билан у аста-секин кўчиб тушади ва шу пайтдан бошлаб бемордаги касаллик юқумли деб ҳисобланмайди. Касалликнинг кечиши тананинг умумий ҳолатига боғлиқ. Жиддий асоратлар қаторига бронхопневмония, энцефалит ва сепсис, ҳомиладор аёлда бола тушиши ёки унинг ўлик туғилиши киради.
– Вирусни юқтириш бўйича хавф гуруҳига кимлар киради?
– Касалликнинг оғир кечиши кўплаб омилларга боғлиқ. Бу беморнинг ёши ва унда сурункали касалликларнинг мавжудлиги, энг муҳими, юқтирилган вируснинг штамми: Европа ва AҚШда тарқалган Ғарбий Aфрика тури Конго (Марказий Aфрика) штаммига қараганда осонроқ кечади. Вирус, айниқса, болалар, ҳомиладор аёллар ва иммунитети паст бўлганлар учун хавфлидир.
– Табиий чечак вирусига қарши эмлаш орқали маймун чечагидан ҳимояланиш мумкинми?
– Ушбу касалликни махсус даволаш усули ёки унга қарши вакцина мавжуд бўлмаса-да, чечакка қарши эмлашни маймун чечагининг юқори самарали профилактикаси деб ҳисоблаш мумкин. 1980 йилгача туғилган Ўзбекистон аҳолиси, яъни юртимиздаги деярли 50 фоиз одамлар чечакка қарши эмланган. Бундай вазиятда касаллик бизнинг юртимизда эпидемия характерини олмаслигига ишонса бўлади.
Вирусни юқтириш ҳолатида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти табиий чечакни даволаш учун рўйхатга олинган вирусга қарши дори препарати бўлмиш «Тековиримат»ни касалликка қарши самарали кураш воситаси сифатида тан олади. Aнтибиотик терапияси ҳам симптомларни енгиллаштириш имконини беради. Чунки асосий вирус фонида кўпинча юқумли касалликлар ривожланади. Одатда касаллик аломатлари икки-тўрт ҳафта ичида йўқолади ва махсус муолажани талаб қилмайди.
Суҳбатдош:
Оксана КАДИШЕВА,
журналист
