Шахсий фикр
Яқинда ўтган асрда олинган бир кинони кўрдим. “Келинлар қўзғолони”. Яхши фильм. Уни деярли ҳаммамиз кўрганмиз.
Ҳозир фильм ҳақида, санъат асарининг моҳияти ҳақида фикр юритмоқчи эмасман. Балки бунга билимим, малакам ҳам етмас. Қолаверса, бу ҳақда мутахассислар кўп гапиришган, шарҳлашган.
Мен айни дамда ундаги бугунги киноларимизда кўзга ташланмайдиган бир жиҳат ҳақида ўз фикримни билдирмоқчиман. Бу фильм қаҳрамонларининг касби.
Фильмда барча қаҳрамоннинг касби бор. Пенсияда бўлган Фармонбибининг етти ўғли ҳам ўз соҳасининг мутахассиси. Жумладан, келинлар ҳам. Кимдир, шифокор, кимдир, ички ишлар ходими, кимдир санъаткор ва ҳ.к. Ҳатто Боқивой амакининг ҳам…
Яна бир жиҳат шуки, кино мавзуси – маиший, оилавий муносабатлар. Шу билан бирга, унда меҳр, оила риштаси, муҳаббат, онага ҳурмат, муҳими, ҳар бир образнинг характери мавжуд.
Фильм томошасидан сўнг, бир жиҳатни англаб қолдим. Бугунги киноларимиздаги қаҳрамонлар учун касб етишмаётган экан.
Яқинда бир миллий сериални кўриб қолдим. Эркак-у аёллар бир бўлиб эрталабдан кечгача ғийбат қилиб ўтиришибди. Қизиқ, улар қандай яшашади, ниманинг ҳисобига? Аммо сериалда аниқ бўлдики, улар шоҳона яшашмоқда. Уйлари ҳам нақ қаср. Кийимлари эса энг замонавий, бренд. Аммо улар бу даражага қандай етишган? Бу ёғи энди ???
Умуман олганда, кино катта тарбия мактаби. Унинг қаҳрамонлари томошобин учун ўрнак бўлади. Ёшлар кино қаҳрамонларига тақлид қилишади.
Бугун жамиятдаги кўплаб муаммоларнинг илдизи ҳам айни шу кинолардаги характерсиз, касбсиз қаҳрамонлар таъсирида эмасмикан?
Умуман, мен жуда узоқ ўйладим, кўп кино ва сериалларни кўрдим. Аммо замонавий кино санъатимиздан ўзим учун идеал образ тополмадим.
Айтмоқчи бўлган фикрим шуки, ҳозирги киноларимиз ҳам катта меҳнат, чин истеъдод маҳсули бўлсагина томошабинлар қалбидан жой эгаллайди. Қандай мавзуда бўлмасин, кенг қамровли маъно, ижтимоий ҳаётимиз жонли акслантирса, бу ёшлар учун катта тарбия мактаби бўлар эди.
Истагим, образларда характер бўлса, бош қаҳрамонлар ўз касбига эга бўлса. Улардаги образлардан биз, ёш авлод ўрнак олиб, ҳаёт йўлларимизни тўғри белгиласак…
Рашида Норбоева,
Ўзбекистон жаҳон тиллари университети талабаси
