Фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судининг 2019 йил 29 ноябрдаги Сариосиё тумани «Галабута» МФЙ ҳудудидаги «Сардор Парвин» болалар оромгоҳига тегишли 3200 м2 ер майдонида ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ва хўжалик биноларини қарздор Х.Мелибоев ҳисобидан буздириш ва қарздорни низоли ер майдонидан мол-мулки билан мажбурий тарзда чиқариш тўғрисидаги ҳужжат бўйича
Бюронинг Сариосиё тумани бўлимида ижро иши юритилган.
Қарздор ижро варақаси ва ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарор билан таништирилиб, огоҳлантириш хатлари олганига қарамай, ҳужжат ижросини ихтиёрий муддатда таъминламаган.
Давлат ижрочиси томонидан 2021 йил 28 май куни мажбурий ижро ҳаракатлари тайинланиб, ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида суд қарорида кўрсатилган манзилга борилганда, талабномада кўрсатилган ташкилотлар ижро ҳаракатлари жойига келмагани ва қарздор тўсқинлик қилгани сабабли ижро ҳаракатлари кейинга қолдирилган.
Шундан сўнг, 2021 йил 25 июнь куни мажбурий ижро ҳаракатлари тайинланиб, ижро ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида суд қарорида кўрсатилган манзилга борилган ва 3200 м2 ер майдонида ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойни буздириш имкони бўлмагани сабабли ижро ҳаракатлари бошқа кунга қолдирилган.
2021 йил 10 декабрь куни яна мажбурий ижро ҳаракатлари тайинланиб, суд қарорида кўрсатилган манзилга борилганда, қарздор ижро ҳаракатларини амалга ошириш жойига келмагани сабабли ижро ҳаракатлари бошқа кунга қолдирилган.
Давлат ижрочиси томонидан 2022 йил 30 май куни ижро ҳаракатлари вақти ва жойи кўрсатилган ҳолда талабнома чиқарилиб, тегишли ташкилотларга юборилган.
Ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йил 2 июнь куни суд қарорида кўрсатилган Сариосиё тумани, «Галабута» маҳалласидаги қарздор Х.Мелибобоев томонидан ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ва хўжалик биноларини буздириш бўйича олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари вақтида тегишли ташкилотлар келмагани ҳамда қарздор ва бошқа шахслар томонидан тўсқинлик қилингани сабабли ижро ҳаракатларини амалга ошириш имкони бўлмаган ҳамда бу ҳақда белгиланган тартибда далолатнома расмийлаштирилган.
Мазкур ижро ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йилнинг 7 июнида суд қарорида кўрсатилган манзилга борилиб, ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ва хўжалик биноларининг бир қисми давлат ижрочилари томонидан мажбурий тартибда буздирилган.
Ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 14 июнь куни суд қарорида кўрсатилган манзилга борилганда, ундирувчи – «Сардор Парвин» болалар оромгоҳи директори Х.Зокиров бюронинг Сариосиё бўлими давлат ижрочиларига қарздор Х.Мелибобоев билан ўзаро келишгани ҳақида тилхат тақдим қилгани сабабли 14.06.2022 йилда ижро ҳужжати иш юритиши тугалланган.
Сурхондарё вилояти
прокурори ўринбосари Т.Қурбонов
