«Тарбия – ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир». Абдулла Авлонийнинг бу ҳикматли сўзлари ҳалигача долзарблигини йўқотгани йўқ ва йўқотмайди ҳам.
Маълумки, ҳар бир бола тарбияни энг аввало, оиладан, кейин ижтимоий муҳитдан олади. Лекин ҳар бир оила етарлича тарбия бериш салоҳиятига эгами? Ота-она ҳар доим фарзандининг ёнида бўла оладими? Ота оилани боқиши учун ишлаши керак. Бугунги кун аёлларининг кўпчилиги ҳам ишлаб, турмуш ўртоқларига кўмаклашади. Ва бундай ҳолларда болага етарлича вақт ажратишга имкон бўлмайди. Бола кўп вақтини энагада, боғчада, кейин мактабда ўтказади. Бу – боланинг ахлоқий тафаккури шаклланишида унга энага, боғча ва таълим муассасаларининг таъсири катта бўлади, дегани. Демак, жамият ўз аъзоларини тарбиялашда ана шу таълим-тарбия муассасаларидан фойдаланиши мумкин.
Шахсни тарбиялашда таълим тизими оиладан кейинги ўринда, айрим ҳолатларда ундан ҳам устун поғонада туради. Президентимиз «Янги Ўзбекистон стратегияси» асарида боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, кейинги таълим босқичларидаги профессор-ўқитувчи ва илмий-ижодий зиёлиларни бежиз Янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устунига айлантириш лозимлигини қайд этиб ўтмади. Бу мақсад остида бизнинг таълим тизимимиздаги шарқона ва миллий қадриятга айланган «тарбия асосида таълим бериш» тамойили намоён бўлиб турибди.
Таълим ва тарбия бир-бири билан узвий боғлиқ. Демак маърифат ва маънавиятни ҳам ажратиб бўлмайди. Айрим «арбоблар»нинг эса Учинчи Ренессанснинг асосий устуни сифатида фақат маърифатни кўраётгани, ўрта таълимда тарбия дарсларининг камлиги, олий таълимда эса мутахассис фанларнинг ўзи билангина етук малакали кадр етиштириш мумкин, дейиши ғалати. Уларнинг ижтимоий-гуманитар фанларни ўқитишдан воз кечиш, ёки уларни қисқартириш ғояси билан чиқаётгани таълимни тарбиядан ажратиб олиш демакдир.
«Миллий маънавиятимизни ривожлантириш, уни халқимиз, айниқса ёшларимиз ҳаётига сингдиришда ижтимоий-гуманитар фанлар тизимининг (эътибор қилинг: фанларнинг эмас, фанлар тизимининг!) аҳамияти катта», деб таъкидлайди Президентимиз. Лекин таълим тизимидаги бир раҳбар ўз интервьюсида, ёшларга ватанпарварлик туйғусини ижтимоий-гуманитар фанларсиз ҳам сингдириш мумкин, деган фикрни ўртага ташлаганда, бу қандай тарғибот бўлди, деб ўйлаб қолдим. Маънавий қашшоқлик давлат ва жамиятни заифлаштирадиган энг катта куч эмасми? Давлат ва жамият заиф бўлган жойда илмни қандай ривожлантириш мумкин? Ёки у ривожланган тақдирда ҳам, ёшлар бу илмни давлат ва жамият манфаатларига қарши ишлатмайди, деб ким кафолат бера олади?
Ёшларга ватанпарварликдан, миллий ва умуминсоний ахлоқдан ким сабоқ беради? Ким уларда миллий ғурур шаклланишига кўмаклашади, ким уларни миллий ғоя билан қуроллантиради? Афсуски, таълимни мафкуралаштириш ва миллий ғоя билан қуроллантириш ўртасидаги фарқни билмайдиган раҳбарлар ҳам бор экан.
Яна бир раҳбар талабанинг устозига савол бераётганда ўрнидан туришни истамаганини эркинлик, деб таърифлади. Қаранг-а… Эртага ўғлимиз «дада, туринг, тўрда мен ўтираман!», қизимиз эса «Она, танишинг, бу куёвингиз, биз фарзанд кутяпмиз» деса, шуни ҳам эркинлик, деб қабул қиламизми?
яқинда устозларимдан бири айтдики, америкалик олимлардан бири уларга «сизларнинг ютуғингиз-ижтимоий гуманитар фанларни сақлаб қолганингизда. Биз улардан воз кечганимиз туфайли фарзандларимиз ахлоқини ҳам йўқотдик», деган экан. Биз кўпинча «оммавий маданият ғарбдан кириб келди» деймиз ва гўёки бу «маданият» ғарбда азалдан мавжуддай қараймиз. Мен яқинда инглиз адиби Шарлотта Бронтенинг «Жейн Эйр» асарини ва яна бир қанча ғарб адабиётига оид асарларни рус тилидан ўзбек тилига ўгирдим. Маълумки, ҳар бир давр адабиёти ўша вақтдаги ижтимоий муҳит, ахлоқий-тарбиявий қадриятлар ва миллий хусусиятларни ҳам акс эттиради. Мен мана шу асарларда тасвирланган икки-уч аср олдинги ғарб ҳаётида бугунги «оммавий маданият» унсурларини кўрмадим. Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, ғарб ёшларининг бугунги «эркин» қиёфаси азалдан келмаяпти, у айнан тарбия таълимдан узиб қўйилгани туфайли пайдо бўлган.
Эркинлик, демократия нима ўзи? У хоҳлаган гапини гапириб, хоҳлаган ишини қилиш деганими? Афсуски, кўпгина ёшларда мана шу тушунча шаклланиб боряпти. Шу боис улар устозларига ўринларидан турмай, стулда ялпайиб ўтирганча савол беряпти. Шу боис ўсмир қизларимиз ўқитувчи доскага ўгирилганда бемалол деразадан сакраб чиқиб кетишяпти. Бу ҳам етмагандай, қолган ўқувчилар ўқитувчи устидан кулишяпти. Бизчи, биз, нима қиляпмиз? Ўқитувчининг бу қизга берган танбеҳини муҳокама қиламиз, уларга ота-оналар олдида узр сўратамиз, ижтимоий-гуманитар фанлар қисқаришига кўмаклашамиз. Бунга шу фанлар ўқитувчиларининг порахўрлигини сабаб қилиб кўрсатамиз. Бу бургага аччиқ қилиб кўрпа ёқиш эмасми?
Яқинда «Ахлоқ фалсафаси» дарсида талабалар билан кичик дебат ўтказдим. Ўртага ташланган савол қуйидагича эди: «Ҳамма йўналишда таҳсил олаётган талабалар учун ижтимоий-гуманитар фанлар керакми?»
Тан олиш керак, уларнинг орасида бир-икки нафари «бизнинг мутахассислик учун бу фан керак эмас», дейишди. Аммо 90 фоиздан ортиқ талабалар бу фанлар албатта ўқитилиши лозимлигини айтишди. Айниқса, бир талабанинг ушбу фикрлари диққатимни тортди:
«Биз ғарбдаги «бир жинслилар никоҳи» каби ахлоқсизликларнинг демократия оқими остида бизга ҳам кўчиб ўтиши мумкинлигини ҳозир тасаввуримизга ҳам сиғдира олмаймиз. Аммо, ким билади дейсиз, агар миллий тарбияни йўқотсак, 40-50 йиллар ўтиб, биз ҳам бу ҳолни ғарбдагидай хотиржам қабул қилармиз?»
Талаба ҳақ эди. Тарбияга оид фанлар аниқ фанлар сингари натижани бир кунда, бир ойда ёки бир йилда кўрсатмас. Лекин биз бу фанларни сиқиб чиқарадиган бўлсак, натижани йигирма ё ўттиз йиллардан сўнг талаба айтган даражада кўрсак… Бу даҳшат эмасми?! Умуман, талабаларга демократик маданиятни, демократик тамойилларнинг миллий қадриятларсиз амал қилиши миллий ўзлик емирилишига олиб келишини қайси фанлар ўргатади? Аниқ фанларми?..
Тарбияга оид фанларни номутахассислар учун керак эмас, деб ўйлайдиган раҳбарлар жамият ва унинг келажаги учун хавфли, назаримда.
«Узлуксиз таълим тизимида маънавий тарбия асосларини кучайтириш лозим ва бунда ўсиб келаётган авлоднинг ёш хусусиятлари ва интилишларини ҳисобга олиш зарур. Маънавий-маърифий ишларни ташкил қилишда ана шу қоидага амал қилинмаяпти», дейди Президентимиз ўзининг «Янги Ўзбекистон стратегияси» асарида. Таълим тизимидаги узлуксиз маънавий тарбия ижтимоий-гуманитар фанлар ўқитилишининг ҳам узлуксизлигини тоқазо этади. Яъни, тарбияга оид дарсларни 1-синфдан то 11-синфга қадар, олий ўқув юртларида ҳам 1-курсдан охирги курсгача кетма-кетликни мувофиқлаштирган ҳолда таълим дастурларига киритиш керак. Бу бугунги куннинг олдимизга қўяётган талабларидан бири.
Глобаллашув ва интеграция кучайиб бораётган ҳозирги даврда маънавий ҳаётимизга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Чунки глобаллашув билан боғлиқ ахборот хуружлари, турли ғоявий-мафкуравий таҳдидлар айнан миллий ўзлик ва миллий маънавиятга чанг солади. Ёшлар ҳаётига адабиёт, санъат ва ижтимоий тармоқ орқали «оммавий маданият» ниқоби остида «оломон маданияти»нинг кириб келаётгани бугунги глобал муаммо. Буни бир сўз билан миллий маънавиятга таҳдид дейиш ҳам мумкин. Бундай таҳдидларга қарши қуролланиш фақат таълимни тарбия асосида бериш орқали амалга ошади.
Хулоса қилиб айтганда, жамият тараққий этиши учун биринчидан, таълим ва тарбия уйғунлигини таъминлаш лозим. Бунда тарбиянинг миллий асоси бўлмиш миллий қадриятларимиздан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Иккинчидан, ўрта ва олий таълимда тарбияга оид фанларнинг ўқитилишининг узвийлигини йўлга қўйиш зарур. Учинчидан, жамиятда устоз-муаллимларга нисбатан юксак эҳтиромни шакллантириш чораларини кўриш керак. Бу чоралар ичига ўқитувчи малакасини ошириш ҳам, уларга моддий шароит яратиш ҳам, рағбатлантириш ҳам, уларнинг ҳуқуқ ва шаънларини ҳимоя қилиш ҳам киради. Тўртинчидан, маънавият ва маърифат марказлари ва уларнинг бўлимлари фаолиятини таълим тизими билан уйғунлаштириш лозим. Яъни, таълим муассасаларида тарбиявий ишлар бўйича раҳбар ўринбосарлари (уларни ёшлар ишлари бўйича, деб аташ шарт эмас, чунки уларнинг ёшлар билан ишлаши ўз-ўзидан аён) фаолияти марказларнинг ҳудудий бўлимлари билан бирга мувофиқлаштирилиши лозим.
Ҳазрат Навоий шундай деган эканлар:
Менга не ёру не ошиқ ҳавасдур,
Агар мен одам эрсам, ушбу басдур.
Бу худди «Олим бўлма, одам бўл» деган нақлни эслатади. Биз ҳам фақат олимни эмас, ҳам одам-у, ҳам олимни тарбияласак, айни муддао бўлар эди.
Шаҳло АҲРОРОВА,
фалсафа доктори(PhD),
Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти катта илмий ходими

