Талабларга мувофиқ эмас

40

«Probuild Generation» МЧЖда туппа-тузук ишлаб юрган Б.Тўйчибоев иш берувчи ташаббусига кўра ишдан бўшатиб юборилди.

Унинг арзи Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Наманган вилояти кенгаши томонидан ўрганиб чиқилди.
Маълум бўлишича, у билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 3-бандига мувофиқ бекор қилинган.
– Бу ўринда ходим меҳнат вазифасини мунтазам бузгани, аввал ҳам интизомий ёки моддий жавобгарликка тортилгани важидан ишдан бўшатилган бўлишига қарамай, иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилишда белгиланган тартибга зид равишда буйруқ расмийлаштирган, – дейди юрист Баҳром Раҳимбердиев. – Бўлиб ўтган судда ишдан бўшатишда иш берувчи томоннинг бир қатор камчиликлари кўрсатиб ўтилди. Судда иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишувга асосан ишдан бўшатилган ходимга уч миллион сўм компенсация пуллари ундириб берилди ва мазкур меҳнат низоси келишувга мувофиқ якунланди.
Айрим раҳбарларнинг меҳнат қонунчилигини етарли даражада билмагани сабабли яна бир ташкилотда меҳнат муносабатларини расмийлаштиришга доир бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Наманган вилояти ногиронлар учун минтақавий реабилитация маркази ҳамширалари М.Дадабоева ҳамда Н.Мунированинг касаба уюшмаларига ёзган даъво аризаси бунга яққол мисол бўлади. Улар ташкилотда бир неча йилдан буён ишлаб келишаётгани, аммо пенсия ёшида эмасликларига қарамай, иш берувчи улар билан тузилган меҳнат шартномасини МКнинг 100-моддаси 2-қисми 7-бандига мувофиқ бекор қилган.
Шу ўринда иш берувчи ходимлар билан меҳнат шартномасини бекор қилишда белгиланган талабларга амал қилмаган. Бундан ташқари, меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинишидан олдин касаба уюшма қўмитасининг розилиги олинмаган.
Мазкур камчиликлар бартараф этилиб, ходимлар ўз ишларига тикланди.

Орзугул РУСТАМОВА,
«ISHONCH»