Бебилиска бойлик васвасаси

109

ёхуд онлайн қимор қармоғига кимлар илиняпти?

 

«1xBet» аталмиш онлайн қимор тури ҳақида эшитган чиқарсиз? Таваккалчиликка асосланган ўйинга бор-будини тикиб, хонавайрон бўлаётганлар ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали озмунча хабарлар тарқаляптими, ахир? Каттагина маблағни бой бериб, иложсизликдан ўз жонига қасд қилиш кўпаймоқдаки, бу муаммо яқинда пайдо бўлганига қарамай, маддалаб-шишгани, кўлами эса тахмин қилганимиздан анча катта эканини билдиради.

Афсуски, шу ҳақда гап очилганда, «Бу масала кўпам баҳсга арзимайди. Атрофимизда шундан бошқа бонг урадиган муаммолар йўқми? Ўлчовни баландроқ олсангиз-чи», дея эътироз билдирувчилар ҳам йўқ эмас. Бир қарашда, уларнинг фикрида ҳам жон бордек: қиморга пул тикаётган одам ёш боламас, ақли-ҳуши жойида, демакки, хатти-ҳаракатининг оқибатини яхши билади. Ўйинда ютқаздими, зиён-заҳмати ўзига ва оиласига. Шундай бўлгач, бош қотиришга ҳожат бормикин?
Келинг, аввал ўйинга муккасидан кетган уч йигит тақдири хусусида сўз юритсак, сўнг юқоридаги баҳсли саволга жавоб изласак.

1-ҳолат

Балиқчи туманида яшовчи Д.Отахон (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) «1Хbet» тузоғига илинишдан аввал, гарчи мавсумий ишлар билан шуғулланса-да, топиш-тутишида барака, оиласида ҳаловат бор эди. Қиморга ўралашиб, бир йиллик «стаж» орттиргач, фикри-зикри нима қилиб бўлса-да, каттароқ пул топиб, ўйинга тикишдан иборат бўлиб қолди.
Бундай вазиятда автоулови ёки уйидан бош­­қа кўчмас мулки бор одамнинг қарз кўтариши нисбатан осон кечади. Дадахон таниш-билиш­ларидан йирик миқдорда қарз ололмаслигига ақли етиб, қўшни қишлоқда фермер хўжалик­ларининг ғалладан бўшаган ер майдонларини ижарага олиб, деҳқончилик қиладиган миришкорларни «ўлжа» сифатида танлади. Қишлоқдагилар яхши билишади – гектарлаб майдонда ­такрорий экин етиштириб, тирикчилик қиладиган одамларнинг битта ташвиши бўлади: фермер билан гаплашиб, келгуси мавсум учун ижара пулини олдинроқ тўлаб, ерни куздаёқ банд қилиб қўйиш. Чунки Андижон томонларда буғдой ўрими палласини қўйинг, ҳатто эрта баҳорда ҳам ғалладан бўшайдиган даладан ер буюртма қилиш – амри маҳол.
Хуллас, Отахон ана шу «нозик» масалада «қўшни Олтинкўл туманида фермер хўжалигим бор, такрорий экинга ер олмайсизми?» дея деҳқонларга «қармоқ» ташлади. Алдовга чиппа-чин ишонганлар ҳам дарров топила қолди: бири 800, бошқаси 1000, кимдир 1150, бирови 400 доллар – хуллас, содда одамлар икки-уч ой ичида анча-мунча пулни унинг қўлига тутқазиб қўйдилар. Бу борада мош савдоси билан шуғулланувчи яна бир деҳқонни ижарага 7,5 гектар ер майдони ажратиб бериш ва арзон нархда 5 тонна мош сотишни ваъда қилиб, 3800 долларга чув тушириб кетди. Энг ёмони, «йирикроқ ютсам, қарзларимни қайтариб қўяман», деган ўйда ўзгалардан олган ҳамма пулини онлайн қиморга тикиб юборди ва… бор-будидан айрилди.
Якун. Бу хатти-ҳаракатлар қандай ниҳоя ­топганини сезиб турган бўлсангиз керак. Қаҳрамонимиз хонавайрон бўлди. Навқирон ўттиз ёшида фирибгарликда айбланиб, суд ҳукмига кўра олти йилга кесилиб кетди. Аёли, икки боласи, яқинлари чирқираб қолаверди. Тағин ҳам жабрланувчилардан икки нафари ўзларига етказилган зарарни ундириш даъвосидан, яъниким 1 минг 800 доллардан воз кечишди. Қолганларининг жами 80 миллион сўмдан зиёдроқ ҳақи Отахоннинг елкасида турибди. Эҳҳе, энди қачон қамоқдан қайтади-ю, қачон оёққа туриб, қарзларини тўлайди.

2-ҳолат

Жалақудуқлик 28 яшар Й.Фахриддин ахборот технологиялари соҳасида олий маълумотга эга, Халқ банкининг филиалларидан бирида бош мутахассис лавозимида туппа-тузук ишлаб келаётганди. Уни уйлаш тараддудида қиз ахтаришаётганди.
Бир ярим йиллар аввал телефонда «1Хbet» ўйнашни бошлади. Яшириб нима қилдик, дастлаб бир-икки миллион сўм ютди ҳам. Ҳаводан келган пулнинг жозибаси уни шу қадар ром этдики, бунданам каттароқ пул топиш мумкин, деган қатъий ишонч пайдо бўлди.
Саробни биласиз. Унга қанча интилманг, ҳеч етолмайсиз. Фахриддин ҳам саробга талпина-талпина, нақ 345 миллион сўмни бой берди. Тўғри, бу маблағнинг бироз қисмини шахсий эҳтиёжлари учун ҳам ишлатди, аммо қарийб 300 миллион сўмдан зиёдроқ қисми онлайн қиморда бой берилди.
Хўш, қаҳрамонимиз бунча пулни қаердан олди? Шахсий жамғармаси бормиди? Йўқ, аксинча, «1Хbet» ўз гирдобига расмана торта бош­лаган паллада зиммасига бириктирилган вазифалардан бири – банкоматлар техник ҳолатини назорат қилиш баҳонасида банк филиали маъмурий биноси ҳамда деҳқон бозорида жойлашган банкоматлардан бир неча бор усталик билан пул ўмаришнинг уддасидан чиқди ва ўғирланган маблағлар миқдори, юқорида қайд этилгани каби, 345 миллион сўмга етган паллада сирлар очилди.
Якун. Судда барча ҳолатлар қонунга биноан ўрганиб чиқилиб, Фахриддин етти йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига мустаҳиқ бўлди. Қўшимчасига, уч йил муддатга хавфсизлик ва ахборот технологиялари йўналиши бўйи­­ча банк тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Шунингдек, судланувчидан банк фойдасига етказилган моддий зарарларни ундириш хусусида бир тўхтамга келинди.
Энди ўзингиз ўйланг, шунча миқдордаги қарзни узиш учун ўртаҳол оила неча йиллар давомида йиққан-терганидан воз кечиши керак бўлади?!

3-ҳолат

Улуғнорлик А.Акром ҳам икки йилча аввал «1Хbet» ўйнашни бошлаганди. Ўтган вақт бир оилани хонавайрон қилишга кифоя қилди. Олий маълумотли ўттиз яшар йигит «Агробанк» филиалларининг бирида бўлим бош менежери, яъни пластик карта техникалари ­бўйича ходим вазифасида бинойидек ишлаб келаётганди.
Қарасаки, «1Хbet»нинг завқидан кўра зиёни ортиб боряпти. Чунки анча маблағни ютқазиб қўйди. «Охиригача ўйнаб, бой берган пулларимни каррасига кўпайтириб қайтариб олмасамми ҳали?» деган ўй баттар жазавага туширди. Каттароқ таваккал қилиш учун каттароқ пул керак. Пулни қаердан олиш мумкин? Мана шу савол уни режалар тузишга ундади. Режаларининг эса турган-битгани ўғриликдан иборат эди. Қисқаси, ўзи ишлаб турган филиалдаги банкоматни ғайриқонуний равишда очиб, ойликхўр одам ўртача ўн йилда ишлаб топиши мумкин бўлган маблағ – нақд 780 миллион сўмни 2021 йилнинг мартидан сентябрь ойига қадар бўлиб-бўлиб, шахсий пластик картасига ўтказиб олишнинг уддасидан чиқди. 780 миллион сўм-а?!
Қаҳрамонимиз пулларнинг бир қисмини шахсий эҳтиёжларига сарфлаб, мол-мулк харид қилгани инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Аммо 500 миллион сўмнинг нари-берисидаги пулни онлайн қиморда бой бергани ҳам рост.
Якун. Ойни этак билан ёпиб бўлмайди, деган гап бор. Қаҳрамонимизнинг ножўя хатти-ҳаракатлари ҳам куни келиб сув юзасига қалқиб чиққан кўпик каби аён бўлди-қолди. Яхшиям, унинг қариндош-уруғлари анчайин оқибатли экан: тоға-ю амакилар бирлашиб, банкка етказилган зарарни қоп­лаб беришди. Етмаган қисмига оиланинг иқтисодига қувват бўлиб турган савдо дўкони сотувга ­қўйилди. Акромнинг ўзи эса айби судда ўз исботини топиб, уч йилга «кесилиб» кетди. Энг ёмони, касалманд отаси бундай кўргуликларга дош беролмай, оламдан ўтди.

* * *

Юқорида келтирилган уч йигит қисмати «1xBet»нинг қандай ўйин экани-ю, унинг гирдобига тушиб қолган киши ҳеч қачон мурод-мақсадига ета олмаслиги ҳақида тасаввур ҳосил қилишга етиб ортса кераг-а? Зеро, бусиз ҳам ижтимоий тармоқлар қимор ортидан бор-будидан айрилган, ҳатто ўз жонига қасд қилганлар ҳақидаги хабарлар билан тўлиб-тошмоқда.
Таассуфки, айни балога йўлиққан ёшлар ўғрилик, фирибгарлик, порахўрлик, ўзганинг мулкини талон-торож этиш, қотиллик, ўз жонига қасд қилиш каби қатор жиноятларга қўл урмоқда. Қиморда ютиш васвасаси кишини ҳар кўйга соляпти. Шу билан бирга, гулдай оилалар дарз кетаётганига ҳам атрофимизда мисоллар етарли.
Айни жумлалар муаллифининг шахсий кузатувларидан хулосаси шуки, «1xBet»га берилганларнинг аксарияти қора қозонини аранг қайнатаётганлар эмас, балки муайян касб-корга, барқарор даромад манбаига эга бўлган кишилардир: банк ходими, ахборот технологиялари бўйича мутахассис, олий ўқув юрти ўқитувчиси ва ҳоказо. Яъни, муҳтожлик ёки етишмовчиликдан эмас, кўпроқ бойлик орттириш илинжида шу юмушга қўл уриш ҳоллари кўпроқ урчияпти.
Номинг ўчгур ўйиннинг турли жиноятларга доя бўлаётгани бир томон. Унинг баҳонасида айрим ташкилотлар, жумладан, банклар бош­қарувида анчайин кемтик жиҳатлар борлиги ҳам ярқ этиб кўзга ташланиб қолмоқда. Дейлик, бир ходимнинг банк филиалидан 780 миллион сўмни ўмариши ҳазилакам гапми? Ёки шу йил баҳорда Сурхондарёда рўй берган ҳолатни эслайлик: Халқ банкининг кассири 278 кишининг пенсия пулини онлайн ўйинга ишлатиб юборгани ҳақида интернет сайтлари орқали озмунча бонг урилди, дейсизми? Бу нима дегани: банклардан пул ўзлаштириш, ўғирлаш шу қадар осонми? Айни ҳолатлар банк обрўси, мижозлар ишончига соя солмаслиги мумкинми?
Шундан келиб чиқилса, бугун иш берувчилардан кадрларнинг маънавий-ахлоқий жиҳатларига, айниқса, улар зиммасига бирор ташкилотнинг моддий маблағлари ёки ахборот хавфсизлиги ишониб топширилгудек бўлса, жиддий эътибор қаратишлари тақозо этилмоқда.
Яқинда нуфузли хусусий банклардан бирининг ҳуқуқшуноси айни мавзуда сўз очиб қолди. Унинг айтишича, ўтган йили банкда ҳар бир ходим ҳамда унинг оила аъзоларига тегишли плас­тик карталардаги ўтказмалар борасида жиддий равишда назорат бошланган. Мақсад – онлайн ўйинларга алоқаси бор-йўқлигини аниқлаш. Қиморга аралашиш ҳолати сезилдими, у энг билимли ва тажрибали ходим бўлса-да, муассасадан четлатиш масаласи кун тартибига қўйилган. Бундан ташқари, турли соҳа вакиллари ва ходимлар иштирокида маърифий суҳбатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилгани боис кун тартибидаги масалада ижобий натижага эришилмоқда.
Бўлар экан-ку! Нега энди шу каби тажрибани бошқа муассасаларда ҳам амалиётга жорий этиш мумкин эмас? Қиморга берилган ходим ҳаддини билмай, ўзи ёки оиласи қолиб, ўзгалар, ҳатто меҳнат қилаётган муассасаси манфаатига ҳам зиён-заҳмат келтирар экан, юқоридаги усул билан бўлса-да, бунинг дарҳол олдини олиш даркор.
Бугун миллат ёшларини таназзулга етаклаётган балодан қутқариш, унинг олдини олиш масаласи жамият тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир ватандошимизнинг, ­масъул идораларнинг бош вазифаларидан бирига айланмоғи зарур. Муаммо ечими юзасидан ­тайинли йўл-йўриқ ва фикр айтиш виждони уйғоқ юртдошларимизга тан. Нима дедингиз?

Нурилло НЎЪМОНОВ,
«Ishonch»