Унинг ўзи ҳаёт демакдир

56

ёхуд биз қадрига етмаётган бебаҳо неъмат ҳақида мулоҳазалар

Инсон, жамият ва табиат ҳақида сўзлаганда, сувни «четлаб» ўтишнинг сира иложи йўқ. Чунки инсоннинг ҳаёти ва руҳияти сув билан чамбарчас боғлиқ. Танамизнинг 70 фоизи сувдан иборатлигини назарда тутсак, уни ўрганиш – инсонни, ҳаётни, жамиятни ўрганиш эканини англаб етамиз.

Шу пайтгача сувга чуқур ўрганилган моддалардан бири сифатида қараб келинарди. Аслида-чи? Аслида бу фикр тўғри эмаслиги, сув фанда ҳамон сирлигича қолиб келаётгани охирги пайтларда маълум бўлади. У ҳақдаги жамики билимларимиз бамисоли денгиздан бир томчи экан!
Бу улуғ неъматсиз биз на кўра, на нафас олабиламиз. Тирикликни усиз тасаввур этишнинг мутлақо имкони йўқ. Чунки сув барча тирик жонзотлар танасидаги ҳар бир ҳужайра, ҳар бир тўқима таркибининг ажралмас қисмидир. «Сувсиз биз қанча яшай оламиз» деган саволда мантиқ йўқ. Чунки, сув Ҳаёт демакдир.
Энди сувга имконимиз ва тасаввуримиз бўйича «кучимиз етганча» таъриф берсак-да, сўнг у ҳақдаги ҳайратномани давом эттирсак.

Сеҳрли суюқлик

Сув Ердаги ҳаётнинг асосий манбаларидан бири эканини ҳамма яхши билади. Уни бежиз обиҳаёт дейишмайди.
Сув, ҳақиқатан ҳам, ғаройиб ва сеҳрли суюқликдир. Масалан, нима учун унинг оз миқдордагиси рангсиз, кўпроғи мовий-зангори тусда бўлади? Нега музлаганда ҳажми кенгаяди? Сув ҳар қандай кичик ёриқ-тешикларга ҳам кириши (сингиши, шимилиши ва ҳ.к.) мумкин, яъни «ўтувчанлик» қобилияти жуда юқори. Аммо нега тупроққа сингиб кетмай, ер юзида дарё ва сойлар ҳосил қилиб оқади? Уммонлардаги улкан дарёларни қандай тушунтириш мумкин? Маълумотларга кўра, уммонларнинг баъзан юзасида, баъзан тубида маълум йўналиш бўйича оқаётган улкан дарёлар бўлиб, улар атрофдаги сувларга халақит бермай, аралашиб кетмай оқаверар экан. Гоҳида ана шундай иккита сув ости «дарё»си икки йўналишда, остин-устун бўлиб, кесишиб ўтишига нима дейсиз? Булар хаёлот эмас, олимлар томонидан аниқланган ва сирлигича қолаётган жумбоқлардан айримлари, холос.
Олимлар Атлантика океани билан Ўртаер денгизи туташган жойда кўринмас «парда» борлиги, шу боис уларнинг сувлари сира қўшилиб ва аралашиб кетмаслигини аниқладилар. Энг замонавий асбоблар ёрдамида ҳам бу сирни изоҳлашдан буткул ожиз қолдилар. Лекин бу ҳодиса Қуръони Каримда очиқ оят билан билдирилган. Шундай экан, «Аллоҳ билгувчидир» дея иймон келтирмоқнинг ўзи янгидан-янги изланишларга йўл очишига шубҳа йўқ.
Олимлар фикрича, сайёрамизда 1 миллиард 350 миллион куб километр сув мавжуд бўлиб, 97 фоизи Жаҳон океанларида жамланган. Улар шўр, ичиш учун чучуклаштирилиши керак. Бунинг учун эса мураккаб ва қимматбаҳо ускуналар зарур. Инсоният фойдаланадиган чучук сувлар захираси эса сайёрамизда атиги 3 фоизни ташкил этади. Шундан икки фоизи қутб, баланд тоғ музликлари ва атмосфера намлиги ҳиссасига тўғри келади.
Ҳаво намлигининг бутун жаҳон сув захираларига нисбатан «ҳисса»си жуда кичик, атиги 0,002 фоизга тенг. Аммо ана шу миқдорнинг ўзиёқ ҳар квадрат километр ҳавода ўртача 20 минг тонна буғ ҳолатидаги сув бор демакдир! Қолган учинчи фоизнинг катта миқдори ер ости сувларидан иборат. Ва ниҳоят, дарё ва кўллар ичимлик сувнинг асосий манбалари бўлиб, дунё сув захирасининг атиги юздан бир фоизига тенг.
Энди сувнинг ҳаётимиздаги ўрнини яна бир марта қуйидаги рақамлар орқали таъкидлаймиз: бир килограмм ўсимлик маҳсулоти – дон ёки сабзавот етиштириш учун 2 тонна, бир килограмм гўшт учун эса 20 тонна сув зарур.
Фан-техника ривожи ва шаҳарлар ўсишида ҳам сув­нинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Масалан, атиги бир тонна пўлат, сунъий тола ва қоғоз ишлаб чиқариш учун юзлаб куб метр сув керак бўлади. Кўмир ва нефть қазиб олишни ҳам сувсиз тасаввур қилиб бўлмайди: бир тонна кўмирга 5 тонна атрофида, бир тонна нефть учун эса, 130 тонна сув сарфланади.
Сув – фалсафадан тортиб (ҳаётнинг аввали нима – сувми, ҳаво, олов ёки туп­роқми?) география, биология, гидродинамика каби бир қатор фанларда асосий ўрганиш мавзуси ҳамдир.

Биз билган ва билмаган мўъжиза

Сув табиатдаги энг кучли эритувчидир. Томчи тошни тешишини кўпчилик яхши билади. У инсон танасидаги зоҳирий кирлар билан бирга, турли хасталик­лар, салбий энергия («назар тегиши», суқ-кинна, қарғиш, ёмон кайфият-стресс)ни, ҳатто анча-мунча гуноҳларни ҳам ювиб юбориш қудратига эга.
Фақат тоза сувгина танамизда йиғилиб қолган заҳарли хилтлар ва моддаларни ювиб чиқаради. Бинобарин, буюк олим Альберт Эйнштейннинг «Нега энг яхши фикрлар чўмилаётганимда келаркин?» деган ҳайратли сўзлари бежиз эмас. Мўйсафид Архимеднинг сув тўла ваннада ўтирганча, «Эврика!» («Топдим!») деган ҳайқириғини ҳам шундай изоҳлаш мумкин.
Сувнинг таркиби ва хусусиятлари қандай рангли идишда турганига қараб ҳам фарқланиши мумкин. Чойни оппоқ чинни пиёлада ва тўқ рангли бошқа идишда ичиб кўрсангиз, буни дарров биласиз.
Инсон организмида сув етишмовчилигининг дастлабки белгиси – чарчоқни ҳис қилишдир. Агар танамиздаги сув миқдори 5 фоизга камайиб кетса, томир уриши сусайиб, ҳарорат кўтарилади. Умуман олганда, 80 фоиз касалликлар организмга сув етишмаслиги билан ­боғлиқ. Танада сув миқдори 2 фоизга камайиши хотира сустлашиши, оддий математик амалларни бажаришда ва диққатни бир жойга жамлашда муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Одамзод очликдан кўра, ташналикка чидаши қийин. Ташна одамга сув бериш – улкан савоб. «Сувдек сероб бўл», деган дуода самимият ва катта фалсафа бор. Оқар сув бўйида ўтирсангиз, у ғам-андуҳларингизни «оқизиб» кетади. «Тушинг­­ни сувга айт», деган гапда ҳам ҳақиқат бор, енгил тортасиз.

У ҳам тирик мавжудот!

Энг етук олимлар ХХI аср бошларида аниқлаган буюк кашфиётнинг моҳияти қуйидагича: сув – шунчаки бир кимёвий модда эмас, балки тирик ва онгли мавжудотдир! У ҳар қандай маълумотни хотирасида сақлаб қолиш хусусиятига эга. Жумладан, атроф-муҳит билан ўзаро алоқада бўлади, нур, фикр, мусиқа ва оддий сўзларга жо бўлган маълумотларни ўзига сингдиради ҳамда ахборотларни сақлайди.
Бутун коинотда бетакрор хосиятлари бўйича сувнинг ўрнини босадиган ҳеч қандай модда йўқ. Сув коинот билан ахборот алмашади ва бутун инсониятга етказмоқчи бўлган маълумотларга эга бўлади. Бизни ўзлигимизни чуқурроқ англашга чорлайди. Негаки, биз сувдан «ташқари»даги мавжудот эмасмиз. (Вужудимизнинг 70-80 фоизи сувдан иборатлигини юқорида айтдик. Яна маълумот учун: вояга етган инсон танасида 40-50 литр сув бўлади. Қоннинг 83, тўқималарнинг 75, миянинг 90, суякларнинг 20 фоизи сувдан иборат. Танасидаги сувнинг 20 фоизи йўқолса, одам ўлади).
Хулоса шуки, жисмининг катта қисми сувдан иборат бўлган инсон умр бўйи айнан сув воситасида борлиқ билан ўзаро муносабатда яшайди. Танадаги биргина ҳужайра одамнинг тузилишига оид барча маълумотларни сақлагани каби сувда ҳам Ер сайёрасида юз бераётган жамики ўзгаришлар ўз ифодасини топади. Натижада ҳеч бир киши борлиқдаги ҳамма мавжудот таъсиридан холи бўлолмайди.
Сувни ҳурматлаш ва улуғлаш керак. Ундан ҳаё қилмоқ зарур. Негаки, сув ҳамма нарсани «кўриб», «эшитиб» ва «сезиб» туради. Қачон, қаерда бўлмасин, биз сувнинг хотирасига нимани сингдирган бўлсак, у бизга ўша нарсани қайтариб беради. Сув ичгач, Яратганга шукрона айтишда беқиёс ҳикмат мавжудлигини япон олими Эмото Масару илмий жиҳатдан исботлаб берган.
Яратганнинг буюк неъмати бўлган сув ЭЗГУЛИК ЁВУЗЛИКНИНГ УСТИДАН ҲАМИША ҒОЛИБ эканини ҳам ўзига хос тарзда қуйидагича исботлаган: бир идишдаги сувга ҳам эзгу («раҳмат»), ҳам ёмон («кармисан!») сўзлари эшиттирилганида сувнинг асоси нуқул яхши томонга ўзгарган.
Фақат овоз орқали эмас, балки ёзув, фикр, туйғу воситасида ҳам сувнинг тузилиши ижобий томонга ўзгаради. Масалан, дунёдаги тўртта дин номлари қоғозга ёзилиб, тажриба найчасига ёпиштирилганда, унинг ичидаги сув молекуласи шу сўзларни «ўқиган» ва дарҳол уларга ўз муносабатини билдирган. Айниқса, «ислом» сўзини «кўрган» сув ажойиб крис­талл шаклига келган.
Оддий тоза сув билан бедаво дардни даволаш ёки соғлом одамни ўлдириш ҳам мумкин! Бу – сувга муайян руҳий қувватни сингдиришга боғлиқ. Масалан, қадим замонларда жоҳил кишилар ўз рақибларига зарар етказиш учун айнан суюқликдан – лимфа, қон ва тупукдан фойдаланишган. Чунки одам қанча узоқда бўлмасин, суюқликка сингган маълумотлар унга албатта таъсир қилишини билишган.
Сувга мусиқа билан таъсир қилинса, муҳаббат ва дуо сўзлари айтилса, унинг кристалл кўриниши ажойиб уйғунлик касб этиб, гуллар шаклига кирган. Чунки сув яхшиликни сезади ва шунга мос жавоб қайтаради. Агар яхши нарсаларни ўйласангиз, сиз истеъмол қилаётган сув­нинг тузилиши ҳам ўзгаради. Бундай сув истеъмол учун зарарсиз, ҳатто шифобахш хусусиятга эга бўлади!
Олимларнинг таъкидлашларича, ­сувнинг воқеликка муносабати унинг суюқ, буғ ёки қайнаётган ҳолатларида ҳам бир хилда давом этаверади.

Уволи тутмайдими?

Дунёда бир кунда 2 миллион тонна чиқинди сувга ташланади. У турли хас-хашаклар ва кимёвий заҳарлардан зоҳиран ифлосланса, одамларнинг ёмон фикрлари, шайтоний ҳис-туйғулари, дилозор сўзларидан таркиби (ботини) кирланади. Бундай сувни истеъмол қилган кишининг феъл-атвори, ахлоқи, кайфиятида, ҳатто руҳиятида тубанлашув рўй беради. У ўзининг асабий турмуш тарзи, тубан ахлоқи, заҳарли сўзлари билан сув таркибини бузгани туфайли шунга яраша «жавоб» олади. Турли касалликларга, маънавий таназзулларга, руҳий ғалаёнларга йўлиқади.
Айни дамда Ер юзида 2,3 миллиард одамни сув билан таъминлаш муаммоси мавжуд. 1 миллиард аҳоли тоза ичимлик сувга эҳтиёж сезяпти. 400 миллион киши сувсизликдан азоб чекяпти. Ҳар йили 3,5 миллион одам ташналик туфайли ҳаёт билан видолашяпти.
Яна бир гап. Сўнгги 50 йил мобайнида сув ресурсларига боғлиқ салкам 500 та жанжал чиққан. Шундан 20 таси ҳарбий тўқнашувга айланган. Тез орада Яқин ва Ўрта Шарқда, Африкада «сув урушлари» қизғин тус олиши мумкин. ХХ асрда нефть учун урушлар авж олганидек, ХХI асрда сув учун ҳарбий тўқнашувлар содир бўлиши эҳтимоли жуда катта.
Ҳар йили дунё бўйлаб 100 миллиард литрдан зиёд ичимлик сув сотилади. Ушбу «бизнес»дан 1 триллион долларлик даромад орттирилади. Бу кўрсаткич қурол-яроғ, дори-дармон ва нефть савдосиникидан бир неча баробар кўпдир.
Жаҳон миқёсида олганда, биз – ўзбеклар сувдан ўта исрофгарчилик билан фойдаланиш бўйича «пешқадам»лардан ҳисобланамиз. Дунёни кўриш учун кўзларимизни асрашни, роҳатбахш ҳаводан ютоқиб нафас олишни биламизу, сувни асрашни, уни тежаш кераклигини баъзан-баъзан унутиб қўямиз.
Айтинг, шу адолатданми?!

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ,
журналист