Cambridge International University’ ва Cambridge International College’лари директори, IDP IELTSнинг Ўзбекистондаги асосчиси Умиджон ИШМУҲАММЕДОВ билан суҳбат
– Бир китобда ўқиганим бор. Инсон қачон «табиий боғлиқлик ришталари»дан юксалиб, барчага баробар «боғлиқлик риштаси»ни ярата олса, у чинакам комил инсонга айланар экан.
Сизни бир неча йилдан бери кузатаман: ёшларни мақсад сари интилганида эришиши мумкин бўлган билимларни эгаллаши учун қўлингиздан келган барча ишларни қиляпсиз.
Хўш, Умиджон Ишмуҳаммедовнинг мана шу даражага эришгунига қадар қўлловчи, маёқ ёқувчи, мақсади сари бошловчилар ким бўлган? Ва бу йўлда доимо янгилик қилиш учун нимадан куч оласиз?
– Юқорида ўринли ибора ишлатдингиз: «табиий боғлиқлик ришталари», «барчага баробар «боғлиқлик риштаси». Биласизми, ҳақиқатан ҳам, яхши хислатлар ҳам, ёмонлари ҳам юқумли бўлади. Сабаби, ўзимизга нимани яқин олсак, қандай инсонларга яқин бўлсак, бизга ҳам юқади. Ахир заминимиз битта. Бу заминнинг бағридан юлқиниб чиқиб кетолмаймиз. Шундай экан, дунёда тинчлик бўлиши, яхшилик ва эзгулик устун келишига унда яшаётган ҳар бир инсон масъул. Озми-кўпми, ёшларга тўғри мақсад, тўғри йўл топишларига ёрдам бера олаётган бўлсак, демак, тўғри йўлда эканмиз.
Буёғини сўрасангиз, сиз назарда тутаётган даражага етиб келишимга сабабчи бўлган маёқ ёқувчи инсонлар, шубҳасиз, ота-онам. Йўлимиздан чиққан катта-кичик муаммоларни ҳал қилишда ҳам, доимо олдинга интилиб, янгилик қилиш учун ҳам, энг аввало, куч-ғайратни ота-онамнинг дуоларидан оламан.
Тўғриси, ҳали жуда катта янгиликлар қилиш ниятларим бор. Янгиликка қўл уриш ва қобиқни ёриш ҳеч қачон осон кечмаган. Янги йўл қидириш асносида қалбни тафтиш этиш, ўзни теранроқ англаш зарур. Бу эса ҳаётнинг жуда кўп жумбоқларига жавоб топишга ёрдам беради. Боболаримиз айтганидек, инсон – ўз олдига мақсад қўйиб меҳнат қиладиган, табиат, жамиятни қайта яратадиган мавжудот. Инсон яратувчилик фаолиятини такомиллаштириш учун муттасил амалий ва назарий билимлари, меҳнат ва ижод кўникмалари, ҳаётий тажрибасини орттириб бориши лозим. Булар жамиятда таълим-тарбия тизими вужудга келиши ва жамият билан бирга ривожланиб боришини тақозо этган.
– Хабаримиз бор, Cаmbridge International University’ни мамлакатимизга олиб кирдингиз. Миллат ёшларининг иқтидорини намойиш этиши ва юзага чиқишига кўмаклашишда ушбу лойиҳанинг аҳамияти қай даражада? Ушбу тизимда қандай мутахассислар ёшларга тарбия ва билим беради?
– Жамият тараққиёти жараёнида соғлом ижтимоий-маънавий эҳтиёжларнинг муттасил ўсиб бориши маънавият юксалиши қонунларидан биридир. Эҳтиёжлар юксалмаса, инсон ҳайвонот оламидан, жамият табиатдан ажралиб чиқа олмас эди. Мутахассисларнинг фикрича, жамиятнинг гуркираб ривожланиши бевосита ёки билвосита соғлом эҳтиёжлар юксалишига, турғунликка тушиб қолиши, инқирозга учраши эса соғлом эҳтиёжлар ўсмай қолишига ёки носоғлом эҳтиёжлар устунлик қилишига боғлиқ. Аввало, эҳтиёжлар юксалиши ва жамият ривожланиши диалектик бирликни ташкил қилади. Аслида, мақсадимиз ҳам шу: жамиятда соғлом эҳтиёжларни шакллантириш, бир миллат сарҳадида эмас, балки дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эга ёшларни тарбиялаш. Тўғри, ҳар бир инсонга яратган эгам бошқаларникидан кам бўлмаган қувват ва истеъдод берган. Юқтирилган иқтидор ва қувватни ўз ўрнида илғаб, юзага чиқиши учун илҳом куч ва шароит туғдирувчи яхлит тизим керак. Шунингдек, ҳар қандай яратилган тизим фидойи зиёлиларсиз қуруқ шаклга айланиши ҳам бор гап. Шундай экан, ривожланган демократик давлатлар қаторидан муносиб ўрин олишдек юксак мақсадимиз биздан ҳар томонлама етук ёш авлодни тарбиялашни талаб этади. Ўғил-қизлар тарбияси эса кўп қиррали. Зеро, буюк француз маърифатпарвари Франсуа Вольтер айтганидек, «Яшамоқ меҳнат қилмоқдир. Меҳнат – инсон ҳаётининг айнан ўзи». Шундай экан, одам меҳнат воситасида нафақат оламни, балки ўзини ҳам бунёд этади. Биз эса уларга қандай самарали меҳнат қилишни ўргатсак, бас. Бунинг асоси эса оилада.
Билсангиз, Абдулла Қаҳҳорнинг «Ўжар» ҳикоясида Заргаров деган персонаж бор. Ўша ҳавойи, лақма кимса «Мен ёшлигимда шундай тарбия кўрган бўлсам, ҳозир ерда туриб осмонда чорвачилик қилардим», дея нуқул фарзандидан ёзғиради. Заргаровга ўхшаб, ёшлардан кўпам домангир бўлмаслигимиз керак. Чунки ёшлар муқаллид бўлади ва доимо катталарга таассуб қилади. Улар китобга беписандми, илмни қадрламаяптими, демак, биз – катталар уларга тўғри тарбия кўрсата олмаган бўламиз. Лекин ҳечдан кўра кеч деганларидек, айбимизни вақтида тушунишимиз ва тўғри йўлга тушишимиз замон талаби бўлмоқда. Шундай экан, меҳнат қилиш ва яратувчанликни, бирор касб-ҳунарни бола оиладан бошлаб ўрганиши керак.
Cambridge International University’га келсак, биз ёшларни миллатга манфаат берадиган илмли ва саховатли инсонлар қилиб тарбиялаш ва ўқитишни мақсад қилганмиз. Таълим берувчи устозларимиз тажрибали, чет элда яшаб, малака оширган мутахассислар. Шахсан ўзим ўқитувчилар билан доимий алоқада бўлиб, талабаларимизга тегишли ҳар бир масалани биргаликда муҳокама қиламиз. Албатта, жамоа меҳнатининг самарадорлиги раҳбар бу жараённи қандай режалаштиришига боғлиқ, демакки, раҳбарнинг ўз меҳнатини қандай режалаштириши ҳам аҳамиятли. Шундай экан, аввало, раҳбар ўз устида тинимсиз ишлаб, муттасил инновацион-креатив ривожланишни ташкил этиши лозим.
– Умиджон ака, мамлакатимизда ҳам, хорижий университетда ҳам ўқигансиз. Ушбу саволга тарози паллаларини тенг тутиб, очиқ жавоб беришингизни хоҳлардим. Сизнингча, бугунги кунда илмга боғлиқ қадриятлар Ғарбда қандай? Шарқда-чи? Қандай камчиликларга йўл қўйдикки, илмимиз шу аҳволга келиб қолди? Вазиятни ўнглаш учун нима қилишимиз керак? Нега бошқа давлатлардан орқaдамиз?
– Ҳеч кимга сир эмас, мустақилликнинг дастлабки мураккаб йилларида инсон назари асосан моддиятга йўналтирилди. Айнан ўша вақт бизнинг маънавият ва илмга боғлиқ қарашларимиз тарозининг бўш палласида муаллақ қолганди. Шунинг учун янги авлод шаклланиши бирмунча қийин бўлди. Eтук мутахассис бўлиш салоҳиятига эга қанчадан-қанча ёшлар бутунлай бошқа соҳаларга ёки хорижга чиқиб кетишди. Илмда янги авлодни етишмовчиликлар ичида тарбиялаш амримаҳол. Машаққату йўқотишлар, рағбатсизлик эса олимни, педагогни синдиради. Натижа кўриб турганингиздек: илмга мунтазам ва етарли равишда моддий-маънавий эътиборнинг бўлмагани, олий таълимдаги тутуриқсиз қоидалар, коррупция деган балолар таълимимизни жуда аянчли ҳолатга келтириб, ўрта авлодни майиб қилди. Бугун ҳам баъзи ўринларда сунъий тўсиқларга учраймиз. Хўш, уларни ким қўймоқда? Нега қўймоқда? Саволлар жавобсиз. Оғриқли нуқталаримиздан яна бири ёлғон гувоҳлик беришимиздир. Яъни мактабни 5 баҳога тамомлаган баъзи ёшларнинг билими аслида унга лойиқ эмас. Кимнингдир жияни, ўғли ёки қизи бўлгани учунгина мактабни «аъло» баҳоларга тамомлайди. Афсуски, 80 фоиз мактабда аҳвол шу. Бундан кўз юмиб бўлмайди. Ёлғон олий таълимда яна ёлғонга туташади. Бундан эса истеъдодлиларгина жабр кўряпти. Қадр топмагандан кейин, четга кетишга уринади. Илмда ҳар ойда ўзгаришлар қилмасдан, жамиятнинг, ёшларнинг онгини ўзгартирадиган, ўй-хаёлларини тартибга соладиган оқилона сиёсат юритиш керак, менимча. Илму фани тараққий этмаган халқнинг тафаккури эркин бўлмайди. Тафаккури эркин бўлмаган халқнинг ёшлари эса ўзга мамлакатлар манфаатига хизмат қилиб юраверади. Биз бугун ҳавас-ла қараётган илғор Ғарб жамияти чинакамига юксак илмга, демократик қадриятлар, эркинликнинг муҳим меъёр ва талабларини турмуш тарзига айлантириш орқали эришган.
Шунингдек, олий таълим тизимидаги камчиликларни ҳам инкор этиб бўлмайди. Дангал айтсак, университет ва институтларимиз чорак аср мобайнида таназзул даврини бошдан кечирди. Оқибати эса жамоатчиликка кундай равшан – коррупция, бюрократия, тизимсизлик. Қулоққа оғир эшитилади, бироқ начора. Хўш, нима қилмоқ керак? Аввало, жаҳондаги нуфузли университетлар тизимини университетларимизда жорий этишимиз керак. Талабаларга кўпроқ грант ва стипендиялар ажратиш зарур. Шунингдек, ўқитиш тизимидаги кадрлар сифати ҳам ҳар недан муҳим. Ўзим дуч келган ҳолатдан келиб чиқиб шуни айтишим мумкинки, Cambridge International University’ни очганимизда, дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакати томонидан тан олинган «Pearson bteс» дастурини олиб кирдик, лекин бизда бу дастурни ўқита оладиган кадрлар етарли эмас эди, чет элдан кадрлар ҳам олиб келдик. Талабаларимиз учун бошида бу дастур бироз қийинлик қилди. Талабаларга IELTS 7.0 дан ва SAT 1200 дан юқори натижа эвазига грант ажратдик. Лекин баъзи ёшларда SAT нима экани ҳақида ҳам тасаввур йўқ. Бу муаммони ҳал қилиш учун Cambridge International University’ 10-11-синфларни айнан IELTS ва SAT йўналишлари бўйича тайёрлайдиган ва нафақат бизнинг университетлардан, балки дунё бўйича ТОП университетлардан катта миқдордаги грантлар ютишлари мақсад қилинган мактабни очди.
Шукрки, ёшларни илмга тарғиб қилаётган зиёлиларимиз кўпаймоқда. Учрашувларда кўзлари чақнаган, билимга чанқоқ, янгилик излаган ёшларни кўриб, хурсанд бўламан. Яқинда дўстимиз Темурбек Адҳамов асос солган «Осмондаги болалар» кўрсатувининг умумий кўришлар сони 16 миллиондан ошганини кўриб, хурсанд бўлдим. Чунки ёшларимиз «TikTok»да эмас, илм мажлисларида ва илмли инсонларни тинглаб, ўрнак олишга ҳаракат қилишяпти. Уларни адолатсизлик, коррупция, қоғозбозлик деган оғир тошларнинг остида эзиб қўймасак бўлгани.
– Бугун «ахборот хуружи», «оммавий маданият» деганлари ёшлар онгини тезда эгаллаб, ўз йўлига солмоқда. Уларга қарши кураш маркази эса ёшларнинг онгида шаклланмоғи лозим. Ёшлар тақдирига бефарқ бўлмаган зиёли сифатида айтинг-чи, бунга қандай эришиш мумкин?
– Ёзув пайдо бўлган замонда, уни ҳар кимга ўргатавериш хавфли деган гап бор. Ўқотар қуролларни дуч келган одамга ишониб бўлмаганидек, ёзув ҳам хатарли қуроллар қаторига қўйилган. Хозир эса оммани дуч келган нарсани ўқийвермасликка ўргатиш муаммо бўлмоқда. Ўқиш деганда ахборот олиш назарда тутилади. Тўғри, замон – бохабарники. Аммо «ахборот хуружлари» шу қадар хавфлики, бутун бошли миллатни жарликка етаклаши ҳеч гап эмас.
Тўғри ва нотўғри, яхши ва ёмон ахборот турлари бугун келиб чиққан нарса эмас, ҳар доим бўлган ва бўлади. Дуч келган маълумотни таҳлил қилмай, ўйлаб кўрмай, шунчаки ишониш кишини бу хуружлар қурбонига айлантириши мумкин. Асосий ечим таҳлилий ва танқидий фикрлашни ўрганиш орқали бўлади. Қанчалик нотўғри ёки ёмон маълумот бўлмасин, «шундай экан-да» деб кетмай, ўйлаш, фикр юритиш, асл маъно-мазмуни нима эканини таҳлил қилиш орқалигина ахборот хуружидан қутулиш мумкин. Cambridge International University’да ёшларда таҳлилий ва танқидий фикрлашни шакллантиришга хизмат қиладиган лойиҳа – LSTIга асос солганмиз. Ҳозирда талабаларимиз деярли бир йилга яқин вақт давомида ушбу дастур орқали маҳорат дарсларини ўзлаштирмоқда.
– Шу кунгача ўзингиз хоҳлаган, аммо ҳеч бир суҳбатдошдан эшитмаган саволингиз бўлса, марҳамат. Жавобини ҳам илова қиласиз, албатта…
– Дилдаги гапларни айттиришнинг зўр усулини топибсиз. Қайси жамиятда ёшлар орасида илмга қизиқиш сусайганига дуч келсангиз, билингки, у ўқимишли, халқаро талабларга жавоб берадиган, хорижий университетларда ўқиган ҳамда билимдан инсонларнинг етарли қадр топмаётгани билан изоҳланади. Ҳисоб-китоб қилиб кўринг, қанчадан-қанча иқтидорли ёшларимиз хорижда ўқиб, ўша ёқларда ишламоқда. Хорижий университетда ўқиган инсон сифатида айта оламанки, уларнинг кўпчилиги ўз юрти манфаати учун ишлашни афзал билади. Бироқ ўз юртида қадр топмаса, тўсиқларга учраса, қандай йўл тутиши керак? Нима демоқчиман? Ўқимишли, жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнини топаётган билимли кадрларни она юртимизга олиб келиб, шундай қадрлайликки, қолганлар ҳам шундай бўлишга интилсин. Биз технология асрида яшаяпмиз. Ёшларни қуруқ насиҳат ва пуч ёлғонлар билан тарбиялаб бўлмайди. Биз куюнчаклик билан «Ҳой, бола, телефон ўйнама. Китоб ўқи», деб турсагу нариёқда китоб ўқимаган, бировларни алдайдиган бир кишининг ошиғи олчи бўлиб турса, сўзларингиз ҳавога учади. Бола унинг ҳаётига ҳавас қила бошлайди. Демоқчиманки, илм-фан эгалари бўлмиш орифларни ҳар соҳада тўрга олиб чиқишимиз керак. Шундагина уларга муносабатимиз ёшларга ўрнак бўлади. Унутмайликки, ёшларни онг ва қалбга жойланган билимгина тафаккур кенгликларига олиб чиқа олади.
Муроджон РАҲМАТОВ
суҳбатлашди

