ёхуд болалар ва ўсмирларни кимлар ва нималар жиноятга етакламоқда?
Факт. 2021 йилда юртимизда қотиллик жиноятларининг ҳар учинчиси, оғир тан жароҳати етказиш жиноятларининг 190 таси оилавий муаммолар туфайли содир этилган. Шу билан бирга, оилавий низоларга ўз вақтида барҳам берилмагани боис 14 минг 935 та ҳуқуқбузарлик содир этилган. Оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларнинг муаммолари тўлиқ ҳал этилмасдан келинаётгани туфайли 9 минг 759 нафар хотин-қиз томонидан 9 минг 53 та жиноят содир этилган.
Манзара. Ички ишлар вазирлигига қарашли вояга етмаганларга ҳуқуқий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш маркази. 160 нафар ўринга мўлжалланган. Масканга ҳар ойда тахминан 50 нафарга яқин уч ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган бола ва ўсмирлар олиб келинади. Шундан 65 фоизи – низоли оила фарзандлари. 20 фоизининг ё отаси ё онаси йўқ, 10 фоизи ҳеч кими йўқ қаровсиз, беш фоизи эса хулқи оғир болалар. 45 кун мобайнида уларнинг ҳолати аниқланади. Ота-онаси борларнинг тақдири эса 48 соат ичида ҳал этилади. Ижтимоий муаммо туфайли бу ерга тушиб қолганлар эса 45 кун шу ерда бўлади. Профилактик тадбирлардан сўнг кимдир уйига жўнатилади, кимдир васийликка берилади, кимдир болалар уйига, махсус мактаб-интернатларга жойлаштирилади.
Ҳақиқат. Ушбу муассасадаги болалар нотинч оилаларнинг, масъулиятсиз ота-оналарнинг зурриёдлари… Қай бирини ота-онаси ташлаб кетган, яна бировини ҳеч кими йўқ, бошқасини эса боқиб олган васийлари кўчага ҳайдаб солган.
Мулоҳаза. Хўш, бола қачон жиноятга қўл уради? Қачонки, бекорчи бўлса, қаровсиз қолса… Яқинларидан ўзи кутган меҳрни, эътиборни кўрмаса…
Тақдирлар.
14 ёшни қаршилаган Бойматнинг (исми ўзгартирилган) қайта-қайта нотўғри йўлга киришига ҳам нотинч оилавий шароит, бекорчилик, эътиборсизлик сабаб бўлган.
Боймат икки маротаба қўшнисининг, бир марта отасининг машинасини олиб қочиб, авто ҳалокатга учради. Шу жиноятлари уни вояга етмаганларга ҳуқуқий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш марказига етаклаб келди. Ҳар сафар у билан профилактик суҳбатлар ўтказилди. Лекин бу унга кор қилмади. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, яна жиноятга қўл урди. Отанинг эса парвойи фалак, топиб олган гапи битта: «ўғил бола шўх бўлгани яхши, келажакда оғзидаги ошни бировга олдирмайди».
Шўрлик она эса ўзини қўярга жой тополмайди. Хижолатдан боши эгик, кўзлари ёшга тўла. Иложсизликдан боласини ИИВ ҳузуридаги ёпиқ турдаги махсус мактабга жойлаштиришга ҳам рози. Муҳими, ўғли тўғри йўлга қайтса, бошқа жиноят содир этмаса бўлди.
– Бойматни тўғри йўлга қайтариш учун барча зарур чораларни қўлладик, – дейди марказ инспектори, капитан Алмасбек Болтабоев. – Ҳатто, иккинчи бор бу ерга тушганида жиноятлари уни бора-бора қай аҳволга солишини англатиш мақсадида 24-сонли тарбия колониясига ҳам олиб бордик. Афсус, бундан фойда чиқмади. Ҳозир уни ИИВ ҳузуридаги ёпиқ турдаги махсус мактабга жойлаштириш чоралари кўрилмоқда. Бунга ота-онаси ҳам қарши эмас.
Мана, эътиборсизлик оқибати. Вояга етмаган боланинг ҳаёти издан чиқиб кетган ва қайта-қайта жиноятга қўл урган. Пушаймонлик ҳисси бегона унга.
Кўнгилда эса оғриқли савол: бу ўспириннинг мавҳум келажаги учун ким масъулиятни ўз бўйнига олади?
* * *
15 ёшни қаршилаган Комила ҳам ота-онасининг тинимсиз жанжаллари ва охир-оқибат, оиланинг бузилиши туфайли қаровсиз қолган.
У марказга биринчи маротаба 13 ёшида бемаҳал кўчада изғиб юрган пайтида ушлаб олиб келинган. 14 ёшида онаси оғир дарддан вафот этади ва онанинг яқин дугонасига васийликка берилади. Бироқ Комиланинг ҳаёти шунда ҳам изга тушмайди. Яна марказга олиб келинади. Бу гал келганида эса у ҳомиладор эди. Тегишли муолажаларни олиш учун туғуруқхонага жўнатилади. Кўзи ёригач, дугонасининг уйида яшаб юради. Боласини ташлаб, кўчада юрган вақтда бу ерга олиб келинган. Шундан сўнг, боласи давлат қарамоғига ўтказилиб, ўзи оналикдан маҳрум қилинган. Айни пайтда уни Меҳрибонлик уйига жойлаштириш чоралари кўрилмоқда.
Кўнгилда яна-да оғриқли савол уйғонади: ўзи ҳали болаликдан чиқмаган ўспириннинг боласи эртага ким бўлиб вояга етади?
* * *
Марказдан қўним топган яна бир 17 ёшли қизнинг тақдири виждони уйғоқ ҳар қандай одамни ларзага солади. Чақалоқлигида уни Болалар уйига ташлаб кетишган. Шундан сўнг икки маротаба бошқа оилага фарзандликка берилган. Аммо…
– Биринчи оиламда мени кўпам хушламасди, – дейди Меҳрибон (исм ўзгартирилган). – Тез-тез ўгайлигимни юзимга солиб, ҳақорат қилишарди. Кичкина жуссамга қарамай, оғир юмушларни бажарар эдим. Азоб-уқубатлар жонимдан ўтиб кетгач, у оиладан қочиб кетдим. Кўча-кўйда тентираб юрган вақтим марказга олиб келишди. Ўгай ота-онамникига боришни истамаганим боис мени яна Меҳрибонлик уйига топширишди. У ердан эса яна бошқа оилага фарзандликка беришди. Афсуски, улар ҳам мени сиғдиришмади. Йиллар шу тариқа ўтди. Бу орада у оиладан ҳам қочиб кетдим. Ёмон қизларга қўшилдим. Улар билан ҳар хил жойларда тунаб юрдим ва оқибатда вужудимда қилмишларим «меваси» улғая бошлади. Охир-оқибат қидирувга берилиб, ИИБ ходимлари томонидан ушланиб, шу ерга келтирилдим. Бу сафар мени ўз розилигим билан ёпиқ турдаги махсус мактаб-интернатга жўнатишмоқчи. Болалигимдан меҳрга ташна бўлиб ўсдим. Ҳақиқий ота-она меҳри нима эканини билмайман, ҳатто. Лекин бу билан ўзимни оқламоқчи эмасман. Энди бундан буёғига ҳаётимни изга солишга, бирон бир касб-ҳунар ўрганишга ҳаракат қиламан. Ҳаётда суянадиган, маслаҳат оладиган биронта яқиним йўқ. Ўзим учун ўзим ҳаракат қилишим керак.
Эътиборсизлик оқибати
Эндигина ўн ёшни қаршилаган эгизакларнинг ҳам тақдири чигал. Эр-хотин ажрашиб, болалар онасининг қарамоғида қолади. Аёл вафот этгач, улардан холаси хабар олиб турган.
Кунларнинг бирида қаровсиз эгизаклар ўз уйига ўт қўйиб юборади. Шундан сўнг улар марказга олиб келинган. Уларнинг шахси ҳужжатлар асосида тасдиқланиб, Меҳрибонлик уйига жойлаштирилган.
Тасаввур қиляпсизми, ўн ёшли болалар назоратсиз қолиб кетган. То уйига ўт қўймагунича бундан на маҳалла, ва на ҳокимият хабардор бўлган!
– Турли сабаблар билан марказга вақтинча жойлаштирилган вояга етмаган болалар, аввало, чуқурлаштирилган психодиагностика текширувларидан ўтказилади, – дейди Вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази психологи Гулчеҳра Қосимова. – Кўп йиллик кузатувларимиз шуни кўрсатмоқдаки, охирги вақтларда аксариятимиз ўзимиз билан ўзимиз бўлиб қолдик. Бизни фарзандларимизнинг фақат ейиш-ичиши, кийим-кечаги хавотирга соляпти, холос. У нималарга қизиқади, кимлар билан ўртоқлашяпти, кўнглидан қандай ўйлар ўтяпти, булар билан ишимиз йўқ. Кўпчилик болалар меҳрга зор.
Хулоса. Аслида, ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди, аксинча, уни жамият, атроф-муҳит, носоғлом турмуш шароити шу кўйга солади. Соғлом муҳитда катта бўлган бола жиноятга қўл урмайди.
Марказдаги болаларнинг тақдири билан танишар экансиз, англайсизки, уларнинг деярли ҳаммаси носоғлом муҳит қурбони.
Шу билан бирга, бу каби иллатларнинг илдиз отишида маҳалла-кўй, қавм-қариндош, мактаб, ҳокимият, умуман, жамиятнинг ҳам ҳиссаси йўқ эмас.
Бир бола икки маротаба қўшнисининг машинасини ўғирласа-ю, бу билан маҳалла масъулларининг иши бўлмаса? Оиланинг турмуш шароитини ўрганмаса, ота-она билан суҳбатлашмаса? Ўн ёшли эгизаклар ўз уйида ойлаб қаровсиз яшаса-ю, бундан атрофдагилар бехабар бўлса? Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси бир оилага фарзандликка берилса-ю, у ердан қочиб кетса?.. Маҳалла, ҳокимлик, болалар масалалари бўйича миллий комиссия, халқ таълими вазирлиги, ёшлар ишлари, хотин-қизлар масалалари бўйича мутасаддилар қаерга қарамоқда?
Масаланинг бу томонлари ҳақида қачон бош қотирамиз? Умуман, қаровсизлик, эътиборсизлик, меҳр-оқибат кўтарилган нотинч муҳитда, носоғлом оилада, жамиятга нисбатан норозилик кайфиятида улғаяётган ҳар бир бола ёки ўсмир эртага катта муаммоларни юзага чиқариши мумкинлигини наҳотки тушунмасак?
Мана бизнинг оғриқларимиз нимада?
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«ISHONCH»
