Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўтган йили 30 июлни «Халқлар дўстлик куни» деб белгилаш бўйича қонунни имзолади.
Мамлакатимизда мазкур сана кенг кўламда, катта тантана ва шодиёналар билан нишонланди. Миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлашга ҳиссасини қўшаётган 60 нафардан ортиқ ватандошимиз орден ва медаллар билан тақдирланди. Фаоллар учун «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони ҳам таъсис этилди.
Ҳазрат Алишер Навоий таърифлаганидек, «Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ, Ёр ўлинг бир-биринғизгаким, эрур ёрлиғ иш». Ўзбекистон барча фуқаролари, миллати, тили ва динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлган, миллатлар ва конфессиялараро тотувлик қарор топган, ёш авлод бағрикенглик, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, ватанпарварлик руҳида тарбияланаётган давлатдир.
Мамлакатимизда турли миллат ва дин вакилларининг ўз салоҳиятини тўлақонли амалга ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун конституциявий кафолатлар белгиланган. Бунда, энг аввало, фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг қонун олдида тенглигини кафолатланган.
Кейинги йилларда миллатлараро муносабатлар ва дин соҳасида 50 дан ортиқ қонун ҳужжати ва 40 га яқин қарор қабул қилинди. Бу ҳуқуқий ҳужжатларнинг аксарияти фуқароларнинг дини ва миллатидан қатъи назар, ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтириш, шу жумладан, жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш имкониятини оширишга қаратилган. Мамлакатимизда шунингдек, Миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсати концепцияси ҳам ишлаб чиқилган. Ушбу ҳужжатда миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш соҳасида давлат органлари ва ташкилотларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик даражасини янада ошириш белгиланган.
Шу мақсадда кўп миллатли Ўзбекистон халқининг бирлиги, миллат ва элатларнинг тили урф-одатлари ва анъаналарига иззат-ҳурмат муносабатлари, жамиятда дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, жипслик, инсонпарварлик ва бағрикенглик маданияти янада мустаҳкамланади, барча фуқароларимизнинг тўла ҳуқуқли ривожланиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилади. Чет мамлакатлар билан дўстона алоқалар янада ривожлантирилиб, хориждаги ватандошларимиз қўллаб-қувватланиб, ўзбек диаспоралари билан чуқур ҳамкорлик ривожлантирилади.
Концепцияда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси қошидаги Жамоатчилик кенгашининг ролини ошириш кўзда тутилган. Миллатлараро муносабатлар соҳасида илмий ва инновацион тадқиқотлар янада кенгайтирилади, турли лойиҳаларни амалга оширишга ҳар томонлама ҳуқуқий ва ташкилий ёрдам кўрсатилади. Ўзбекистонда яшаб ўтган ва яшаб келаётган, жаҳон цивилизацияси ривожига бебаҳо ҳисса қўшган миллат ва элатларнинг атоқли вакилларининг маънавий-маданий ва илмий мероси кенг тарғиб қилинади. Юртимиздаги миллат ва элатларнинг ўзига хос хусусиятларини сақлаб қолиш мақсадида этнотуризмни янада ривожлантириш чоралари кўрилади.
Ўзбекистон фуқароларнинг миллий мансублиги ва она тилидан қатъи назар уларнинг барчаси учун мамлакатнинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётида тенг ҳуқуқли иштирок этишлари учун барча шароитлар яратиб берилган, уларнинг меҳнат қилиш, касбни ва иш жойини эркин танлашда тенг ҳуқуқлари таъминланган.
Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари ягона ва аҳил оила бўлиб яшаб келмоқда. Улар Ватанимиз иқтисодиётнинг турли тармоқлари, турли ижтимоий соҳаларда самарали меҳнат қилиб, Ўзбекистоннинг равнақи ва гуллаб-яшнаши, Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини оширишга муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.
Мамлакатимизда миллатлараро муносабатларни янада уйғунлаштиришда 150 та миллий маданий марказ катта роль ўйнамоқда. Уларнинг кўп қиррали фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди ушбу мақсадлар учун зарур маблағларни йўналтирмоқда, турли субсидия ва грантлар ажратилмоқда. Давлат таълим муассасаларида ўқиш ўзбек, рус, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз, тожик ва туркман тилларида олиб борилади, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси кўрсатув ва эшиттиришларини 12 тилда кўриш ва эшитиш имкони яратилган.
Мухтасар айтганда, халқлар, давлатлар, маданиятлар ва турли миллатлар вакиллари ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик, бағрикенглик уларни бир-бирига янада яқинлаштиради, бутун жаҳонда тинчлик ва тотувликни таъминлашга хизмат қилади.
Эркин ЭРНАЗАРОВ,
«Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари» журнали бош муҳаррири,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
