шўрсувликларни ташвишлантираётган жиддий муаммога мутасаддилар ҳамон бефарқ
Ўзбекистон туманидаги «Шўрсув» маҳалласида яшовчилар кейинги пайтларда чанг деган сўзни эшитсалар, беихтиёр бир чўчиб тушадиган бўлиб қолишган. Чунки улар чанг деганда ердан кўтариладиган гард-ғуборни эмас, бутун шаҳарчани қоплаб, дарахтларда тўғнаб қолган, умуман, теварак-атрофдаги ҳамма нарсани оқ рангга буркаган ноорганик моддани, аниқроғи, минерал чангни назарда тутишади. Аслида у Шўрсувнинг шундоққина рўпарасида, ярим чақирим нарида жойлашган, асосан гипс, цемент, ғишт каби қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган 37 та корхона чиқиндиларидир. Бир жойнинг ўзида шунча корхона жойлашгани ҳудудда бинокорлик ашёлари ишлаб чиқариш учун керакли оҳактош, аччиқтош, олтингугурт ва колчедан, яъни таркиби темир, мис ва бошқа элементлар аралашмасидан иборат минерал мавжудлиги билан изоҳланади.
Тўғри, газ-чангни тутиб қоладиган қурилма ўрнатилган ишлаб чиқариш цехларининг теварак-атрофни ифлослантиришга қўшаётган ҳиссаси минимал даражага туширилди, қолганлари эса чиқиндиларни атмосферага чиқаришда давом этмоқда.
Шўрсувга кираверишда – йўлнинг ўнг тарафидаги адир бағрида қад ростлаган бир нечта баланд трубадан чиқаётган тутунни кўрган ҳар қандай одамнинг таъби тирриқ бўлади. Ишидан маҳрум бўлишни истамагани сабабли исм-шарифини айтмаган тиббиёт ходими шундай дейди:
– Яқинда ўтказилган тиббий кўрик шўрсувликлар орасида астма, аллергия, чунончи, аллергик конъюнктивит кўпайганини, тери тошмалари кузатилаётганини кўрсатди. Тоза сув йўқ, қўлларимизни ариқда ювиб, «укол» қиламиз. Шу ҳам тиббиёт бўлдими?!. Илгари ён-атрофимиздаги тоғларда гиёҳлар ўсарди, мол-қўйларимизни адирларда боқардик. Бугун қир-адирлар тақир, Шўрсувсой эса ариққа айланган. Буларнинг барчаси экология ёмонлашуви оқибати, албатта. Яқинда шу ердаги корхоналардан бирида пайвандчи бўлиб ишлаган Рафиқжон Маликов ҳам қандли диабетга мубтало бўлди. Эндигина 51 ёшга кирган бу тажрибали мутахассис жиддий дард туфайли меҳнатга лаёқатини йўқотди. «Шамол кўтарилганда, ҳамма уйига қараб қочади. Эрталаб уйқудан турганимизда, ётган жойимиз оппоқ бўлганини кўрамиз, чунки корхоналар айнан кечаси чиқиндиларни ҳавога ташлаб юборишади», дейди у.
Гарчи маҳаллий аҳоли вакиллари билан суҳбат чоғи Фарғона вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ер-сув бўлими бошлиғи Нодирбек Турдиматов экологиянинг қандли диабетга ҳеч қандай дахли йўқлигини айтган бўлса-да, бу хасталикни бошқа қатор омиллар сингари экологиянинг ёмонлиги ва стресс ҳам келтириб чиқаради. Одам яшаётган жой обод бўлмаса, боз устига, экологик ҳолати бузилса, у руҳий зарбага учраши тайин.
– Авваллари маҳалламизда учта давлат боғчаси, ҳатто санаторий ҳам бўлган, – афсус билан эслайди маҳаллий аёллардан бири. – Ҳозир санаторий йўқ. 35 ўринли битта хусусий боғча бор, уй боғчасига эса 10 нафар бола қатнайди, холос.
маҳалла гузарида жойлашган «Зиё» китоб дўкони олдида кексалар билан гурунглашиб ўтирган 86 ёшли отахон Кимсанбой Йўлдошев куюниб шундай дейди.
– 1959 йили бу ерга кўчиб келганимизда, Шўрсув жаннат эди. Энди-чи?.. Биз-ку майли, ёшлар-чи?.. Ростини айтсам, улар бизнинг ёшимизга етишига ҳам кўзим етмайди. Устига-устак, маҳалламизда сув йўқ. Илгарилари Каримдевонада учта сув насоси бўлиб, Шўрсувни обиҳаёт билан таъминлаб турарди. Улар ишдан чиқдими ёки бошқа сабабданми, ҳозир бизга сув келмай қўйган. Шунинг учун ҳар бир оила бир тонна сувни 35-40 минг сўмга сотиб олишга мажбур. Уни махсус машинада олиб келиб, ҳовлиларимиздаги цистерналарга қуйиб кетишади.
Шўрсувликлар дардини эшитиб, наҳотки, уларнинг муаммоларини ҳал этадиган раҳбарлар топилмаса, деган ўйга борасан. Аслида экология билан боғлиқ бундай муаммолар ҳақида, энг аввало, маҳалла фуқаролар йиғини раиси бонг уриши лозим эмасми? Жума иш куни бўлишига қарамай, йиғин идораси берк эди. Шу пайт идорага келиб қолган ёшлар етакчиси Насилхон Маъруфов «Шўрсувлик ёшларнинг қандай муаммолари бор?» деган саволга «Битта муаммомиз бор – у ҳам бўлса, чанг!» деб лўнда жавоб берди.
Агар маҳаллада вазият яхши томонга ўзгармаса, кўпчилик ёшлар уни тарк этиши аниқ..
– Қишлоқдан келиб, шу ерда уй қурганман, – дейди пенсионер Тўхтасин Аҳмедов. – Ҳар сафар яқинларимни кўргани борсам, улар мендан: «Ҳалиям чанг ютиб юрибсизларми?» деб сўрашади. Корхоналар фильтрли қурилма ўрнатмагандан кейин чанг ютамиз-да!
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, Шўрсувдаги муҳитнинг ифлосланиш даражаси таҳлилнинг тўртта банди бўйича 1,2-23,6 марта, иккита банд бўйича 3,2-4,6 марта ортиқ экан. Бу қўмитанинг кўчма экологик лабораторияси томонидан маҳаллада олинган ҳаво намуналарини текшириш орқали аниқланди. Текширувни қўмита мутахассислари 12 та корхона, жумладан, «Цемент хом ашёси савдоси», «Водий гипс», «Евро глобал гипс», «Голд Гипс Кард» каби МЧЖларда ўтказишди. Қизиғи шундаки, уларнинг ҳаммасида газ-чангни тутиб қоладиган қурилма ўрнатилган, шунга қарамай, кўрсаткичлар меъёридагидан ортиқ.
«Олмос гипс», «Имкон гипс» МЧЖ, «Файз гипс» АЖда эса бундай қурилмалар умуман йўқ, «Евро Глобал гипс», «Голд гипс кард» МЧЖларда бор, лекин талабларга жавоб бермайди.
Текширув якунларига кўра, юқорида қайд этилган корхоналар фаолияти тўхтатилиб, атроф-муҳитнинг гипс чанги ва гипс тоши чиқиндилари билан ифлослантиргани учун жарима солинди, раҳбарларига эса амалдаги қонунлар талабларини бажариш юзасидан кўрсатмалар берилди. Аммо топшириқлар белгиланган муддатда адо этилмагани боис туманлараро иқтисодий судга уларнинг фаолиятини тўхтатиш хусусида мурожаат қилиниб, зарур ҳужжатлар тақдим этилди.
– Текшириш ўтказилган корхоналарда атроф-муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик учун жами 155 миллион 122 минг сўм миқдорида қўшимча компенсация тўловлари ҳисобланди, – дейди вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекция бошлиғи Анваржон Ашуров. – Ўрганишлар жараёнида аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўриш учун судга юборилди.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: газ-чанг тутиш қурилмаси бўлмаган заводни ишга туширишга ким рухсат берди? Шўрсувда бирин-кетин экологияга зарар келтириши эҳтимоли бор корхоналар очилганда экологлар, қолаверса, тиббиёт ходимлари қаерда эдилар? Маҳаллий аҳоли экология ёмонлигидан норози, атроф-муҳитни ифлослантираётган корхоналарда ишлаётганлар нима қилсин? Уларнинг иш шароити, индивидуал ҳимоя воситалари, қолаверса, махсус кийим билан таъминланган-таъминланмагани кимни қизиқтирган? Зарарли меҳнат шароитларида ишлаётганлар учун сут ёки шарбат бериляптими-йўқми? Бу каби масалалар билан кимлар шуғулланган?
Бизга ҳамроҳ бўлган Фарғона вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси вакиллари корхоналар хусусий бўлгани учун уларнинг раҳбарлари ишлаб чиқариш ҳудудига кириш учун ҳеч кимга рухсат беришмаётганини айтишди. Балки улар журналистларни корхонага етаклаб боришни исташмагани сабабли шундай дейишгандир.
Маълумки, ҳар қандай бизнесга фойда олиш мақсадида қўл урилади. Лекин фойда ортидан қувиб, аҳоли саломатлигига зарар етказиш, атроф-муҳитни булғаш адолатдан эмас. Қолаверса, бунинг жавобгарлиги ҳам бор. Мамлакатимизга инвестиция сувдек зарур, чунки у янги корхона, янги иш ўринлари демакдир, аммо бир неча йил ишлаб касбий касаллик орттириш, меҳнат лаёқатини йўқотиш эҳтимоли бор иш кимга керак? Ҳудудда очилган бир неча гигант цемент ишлаб чиқариш мажмуалари ва улар атроф-муҳитга етказаётган зарарлар ҳақида ҳам худди шундай фикрлар билдириш мумкин.
Биз инсонлар тақдирига боғлиқ ушбу муаммоларни масъуллар атрофлича ўрганиб чиқиб, юзага келган ноқулай вазиятни бартараф этиш чораларини кўрадилар, деган умиддамиз.
Тамара ТОШМАТОВА
