Дарёқалб устоз

45

Сотим Аваз замонамизнинг таниқли ижодкорларидан бири, ажойиб журналист. Мен бу беназир инсон билан 2002 йили танишганман. Ўшанда у киши «Урганч оқшоми» газетасини ташкил қилганига бир йилча бўлган, ушбу нашр қисқа фурсатда ўз ўқувчиларини топиб улгурган эди.

Ўшанда мен иш излардим. Бунинг устига фарзандимиз туғилганига бир ой бўлган. Ишламасам бўлмасди. Шароит шуни тақозо этарди. Шунда Сотимбой оға жонимизга оро кирган.
– Яхши мақолалар ёзсангиз, бас. Ишхонага келишингиз шарт эмас, бемалол уйда ишлайверинг. Шошилинч топшириқ бўлса, чақираман, – деди.
Шу инсоннинг шарофати билан ўлароқ, қора доғлар оққа дўна бошлади. Боғчага қатнайдиган бўлгунча фарзандимизни кунда-кунора қўшниларга қолдириб, бир-икки соат ишга бориб келардим. У пайтларда уйда компьютеримиз йўқ эди, мақолани қўлда ёзардим. Ишхонада компьютерга кўчиртиришга бериб, муҳаррирдан янги топшириқ олиб қайтардим. Ўша кезлар «Урганч оқшоми»да Отамурод Пирматов, Ўктам Давлетов каби забардаст журналистлар ҳам ишлашарди. Уларнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлиш мен учун маънавият дарёсидан сув ичишдай ҳузурбахш эди.
Устозларга қойил қолганим – улар ­қўлёзма қоралашмасди, мақолаларини тўғридан-тўғри «диктовка» қилишар, яъни матн терувчиларга айтиб туриб ёздиришарди. Айниқса, Сотимбой оға «диктовка» қиладиган бўлса, ёнида ўтириб эшитишга иштиёқманд эдик. Сўзларнинг бир-бирига узвий боғланишидан, фикрлар қуйилиб келишидан ҳайратга тушардик. Ёш ходимлар Сотим Аваз мақоласини компьютерга муҳрлашни яхши кўришарди.
Таҳририятга ҳар куни вилоятнинг кўп­лаб забардаст ижодкорлари, раҳбарлар, ёш қаламкашлар, ўқитувчилар ташриф буюриб, устоз суҳбатини олишар, нималарнидир маслаҳатлашишарди. Чунки Сотим Аваз «Хоразм ҳақиқати» газетасида бўлим мудири, вилоят ҳокими ёрдамчиси, «Халқ сўзи» газетасининг Хоразмдаги мухбири лавозимларида ишлаб, воҳада етарли обрўга, ўз сўзи ва ўрнига эга журналист ҳамда жамоат арбобига айланганди.
Устознинг баракали ижод қилишига ҳавасим келарди. Газетанинг ярим иши унинг зиммасида. Бундан ташқари, республика нашрларида тез-тез публицистик мақолалар чиқаради, китоблар таҳрир қилади. Шунингдек, Урганч шаҳри тарихи ҳақидаги эссе, «Мурувват чоғи» романи устида ишлайди, шеърлар, ғазаллар, ҳикоялар ёзади.
Мен у киши билан беш йилдан ортиқ бирга ишлаб, бирон марта овозини баланд кўтарганини, қаттиқ гапирганини эшитмаганман. Танбеҳлари ҳам ўзига хос эди. «Тасаввур қилинг, сиз теримчисиз. Лекин вазифангиз фақат пахта териш бўлиб қолмаслиги керак, ўша пахтани йиғиб, даланинг четига олиб чиқиб, ўлчатиш, ҳисобга олдириш ҳам зарур», деган ўгитлари бизга бир умр сабоқ бўлган.
Бундан-да муҳимроқ сабоқларни устоз­нинг асарларидан олганмиз. Чунки улардаги ҳар бир образ, ҳар бир воқеа ёки деталда нимадир ўзининг ёрқин ифодасини топ­ган. Масалан, «Ўйин тутилган ўйин» ҳикоя­­си ўқувчини жиддий мушоҳада юритишга чорлайди. Ҳикоя қаҳрамони – машҳур шахматчидан нуфузли мусобақада энди-энди шахмат ўйнашни ўрганаётган ўсмир билан баҳслашишни илтимос қилишади. Устоз шахматчи ўсмирни қўллаб-қувватлаш, сабоқ бериш мақсадида розилик билдиради. Мусобақа бошлангач эса устоздан ютқазиб беришини сўрашади. Боиси, ёш шахматчи «каттакон»нинг фарзанди экан. Бу гапни эшитиб, тажрибали шахматчининг дили ранжийди…
Сотим Авазнинг ҳар бир асарида ижтимоий юк бор ҳамда жамиятда рўй берган нохуш ҳолатлар ва иллатлар батафсил очиб берилган. Бу жиҳатдан, айниқса, «Мурувват чоғи», «Мангулик сўқмоғи», «Темурғози тўра» романлари, «Мадраҳим Шерозий», «Йиллар ва йўллар» қиссалари алоҳида ажралиб туради.
Сотим Авазнинг шеърияти ҳам ўзига хос. «Кечиккан баҳор», «Тонгги ҳислар», «Ҳуқуқ», «Нозбўйларим», «Ҳикматистон», «Дил ва манзил» каби шеърий тўпламлари ўқувчилар қалбидан чуқур жой олган. Кўплаб ғазалларига куй басталаниб, мумтоз қўшиққа айлантирилган.
«Кўна қалъа» ҳужжатли асари эса Урганч шаҳрининг яқин ўтмишига, аҳоли турмуш тарзига қизиқувчилар учун муҳим қўлланма саналади. Уни ўқиган кишининг кўз ўнгида ўтган асрнинг иккинчи ярмидаги Урганч ҳаёти бирма-бир гавдаланади.
Яқинда устознинг «Андиша боғи» бадиалар туркумини такроран ўқидим. Унда юзлаб тарихий шахслар, замонамизнинг етук инсонлари билан учрашув ва суҳбатлар андиша билан акс эттирилган. Бу асар ҳақиқий одоб дурдонаси сифатида эътирофга лойиқ.
Айни кезларда эса устознинг «Рутба» романини мутолаа қиляп­ман. Унда инсоният тараққиётига муносиб ҳисса қўшган пири комил Юсуф Ҳамадоний кечмишлари бадиий ифодасини топган. Устоз ҳазрат ҳаёти ва ижодини салкам 30 йил ўрганган. Менинг билганим шуки, мамлакатимиз мустақиллигининг илк йилларида Юсуф Ҳамадонийнинг Шовот туманидаги зиёр­атгоҳи обод гўшага айланди. Бунда ўша пайтлар вилоят ҳокими ёрдамчиси лавозимида ишлаган Сотимбой Авазовнинг ҳам катта ҳиссаси бор. Кейинчалик устоз Юсуф Ҳамадонийнинг Марвдаги мақбарасини, Эрондаги ҳазрат дунёга келган Бўзанжирдни зиёрат қилди ва у ердан Шовотдаги зиёратгоҳга бир сиқим тупроқ олиб келди…
Шу кунларда Хоразмда таниқли публицист, шоир ва адиб Сотим Аваз таваллудининг 70 йиллиги кенг нишонланмоқда. Чунончи, «Хоразм ҳақиқати» газетасида унга бағишланган мақолалар чоп этилди. Урганч­даги «Ёшлик» тўйхонасида таваллуд айёми кенг жамоатчилик вакиллари, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, шоир ва ёзувчилар, адабиёт ихлосмандлари иштирокида нишонланди. Бундай тадбирлар келгусида ҳам давом этади. Негаки, Сотим Аваз ҳаёти ҳар қанча ўрнак олишга, асарлари ўқишга ва ўрганишга арзигулик серқирра ва сермаҳсул ижодкорлардан биридир.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»