“Варрух-Дашт” – Бешариқ туманининг олис қишлоқларидан бири. Бу ерда тоза ичимлик сув энг катта муаммолардан бирига айланган. Аҳоли ичимлик сув йўқлигидан қишлоқ четидаги қуртлаган ҳовуздан сув олиб ичишга мажбур бўлмоқда. Имкони борлар автоуловларда қўшни қишлоқлардан сув ташиб келса, имкони йўқларнинг куни шу ҳовузга қолган.
Ободликдан йироқ, ичимлик сув чинакам муаммога айланган манзилда бўлиб, қишлоқ аҳлининг арзига қулоқ тутдик.
– Ёз бўйи қишлоқдаги қудуқдан сув чиқмади. Иложсизликдан ариқ суви билан тўлдирилган ҳовуздан сув ташиб ичяпмиз, – дейди шу қишлоқнинг Обод кўчасида яшовчи 60 ёшли Лайлохон Баратова. – Ҳовуз сувидан мол ҳам, қўй ҳам сув ичади. Нима қилайлик, кунимиз шу ҳовузга қолган.
– Ҳовуз суви ичишга яроқсиз. Ичсангиз, қорнингиз оғрийди. Қанча бола-чақа шу сувни ичиб касал бўлди. Ювинсак, баданимизга тошмалар тошиб кетяпти, – дейди Маҳбуба Саминжонова. – Қачондан бери ичимлик сувни сотиб оламиз. Сотиб олган сувимиз 2 кунга аранг етади. Кўпчилик ичимлик сувни сотиб олишга ҳам қийналади. Баъзида сув олиб келадиган машина кунлаб келмай қоладиган пайтлар бўлади.
Қишлоқ аҳолиси неча йилдирки, сув муаммоси билан курашиб келади. Қишлоқда сув минораси бўлса-да, баҳордан буён ишлагани йўқ. Ишлаганидаям аҳолининг ярмига ҳам етмайди.

– Қишлоқдаги “башня”нинг бузилганига уч ойдан ошди. Ўшандан бери одамлар қуртлаб ётган ҳовуздан сув ичяпти, – дейди Ҳасанбой Абдуллаев. –Куйган насос туман “Сувоқава” корхонаси ходимлари томонидан баҳорда олиб кетилган, лекин шу кунгача таъмирлаб берилгани йўқ. Авваллари “башня” бузилса, ўзимиз пул тўплаб, тузатиб олар эдик. Сув қудуғи “водоканал”га ўтгандан кейин вазият буткул издан чиқди. “Водоканал” раҳбарияти варрух-даштликлар ёзнинг чилласида нима ичаётгани билан қизиқмайдими?
– Шу қишлоққа 1990 йилда кўчиб келганман. Ўшандан бери ичимлик сув муаммо, – дейди Жўрахон Шамсиева. – Бу йилги ёз жуда иссиқ келди. Лекин биз шу иссиқда сувсиз ўтирдик. Кўчаларга тортилган сув қувуридан бир томчи ҳам сув тушмади. Одамлар иложсизликдан ҳовуздаги истеъмол учун яроқсиз сувни ичиб, жон сақлаяпти. Бирор раҳбар, бирор масъул келиб, оғиримизни енгил қилгани йўқ. Президентимиз ҳар бир нутқида, видеоселектор йиғилишларида масъулларга одамлар орасига киринглар, дарду ташвишини эшитинглар, деяпти. Наҳотки бу гаплар туман масъулларига тааллуқли бўлмаса?..
“Варрух-Дашт”да яшаётган аҳолининг эътирозлари ўринли. Бу ерда бир кун яшаш ҳам оғир. Қишлоқ кўчаларини айлансангиз, бирор бир ободликни сезмайсиз. Афсуски, ичимлик сув қишлоқдаги ягона муаммо эмас. Ички йўллар абгор ҳолатда. Кўчалардаги симёғочларнинг кўпи қўлбола. Бу муаммолар ҳақида кейинроқ ёзамиз. Ҳозир эса варрух-даштликларга ҳаммасидан ҳам тоза ичимлик сув зарур.
Жамшид ЭРГАШЕВ
