Мафкура миллатнинг ҳаёт-мамотими?

75

Сўнгги пайтларда ўзаро суҳбатларда, бадиий ёки илмий матн­ларда кўп ишлатаётганимиз «Ғоя», «Мафкура», «Миллий ғоя», «Маънавият», «Ватанни севиш» каби сўз ва тушунчалар, ўзида кўпроқ истеҳзо акслантирувчи истилоҳларга дўниб бораётганини ҳеч ким инкор қилмаса керак.

Бунинг сабаби нимада, деган саволга, ушбу ижтимоий-фалсафий тушунча ва ғоявий терминларга жамиятимизда ўта тор доирада, айтиш мумкин бўлса, ўта эҳтиёткорлик билан ёндашилгани, улардан фақат шиор сифатидагина фойдаланилганини жавоб сифатида келтириш мумкин.
Бироқ, бир жиҳатни ҳисобга олиш керакки, зикр этилган тушунча ва сўзларнинг нофаоллиги миллий жамият учун афсусланарли ва оқибатлари ҳам, олди олинмаса, оғир бўлиши мумкин. Тўғри, юқорида айтганимиздек, ҳар қандай сўз, ғоя ва концепциядан пештоқлару сарлавҳаларни ­безашгагина фойдаланилса, жамият унинг динамикасини сезмаса, одамлар ундан безади. Биз бугун айтмоқчи бўлаётган гап ҳам ана шу хусусда – сўзлар ва ғояларга «жон киритиш» ҳақидадир.
Глобаллашув барча жамиятлар учун ўзига хос муаммолар ва хавотирлар пайдо қилаётир. Бу, ҳеч шубҳасиз, ушбу жамиятлар, айниқса, ўтиш босқичидаги давлатларнинг миллий ўзлиги, маънавий қадриятлари ва қарашлари хавф остида қолаётганини англатади. Чунки глобаллашув натижасида маданиятлар тўқнашуви содир бўлмоқда. Бунда миллий ­ғояси ва маънавияти заиф бўлганлар унинг домига тушиб, маданиятлар қоришувида миллий ўзлиги йўқолиши билан якун топ­моқда.
Шу ўринда, хўш, бу жараёнлардан биз нега хавфсирашимиз керак, деган ҳақли савол ўртага чиқиши ҳам мумкин. Бунинг жавоби маданий мерос ёки қадриятларимиз кўлами билан эмас, балки ижтимоий бир фактор-демографик кўрсаткичлар билан кўп жиҳатдан боғлиқ. Расмий маълумотларга кўра, мамлакатимиз аҳоли нуфусининг 60 фоиздан ортиғини бугунги кунда 30 ёшга тўлмаган ёшлар ташкил этади ва бу назаримда, етарлича фикр-мушоҳада юритишга асос бўла олади. Ёшлар эса бугунги замонавий ва шу билан бирга тўлғама замонда қандай «тектоник куч» эканини бугун дунёда юз бераётган турли кўнгилсиз воқеалардан ҳам билиб олсак бўлади.
Дарҳақиқат, бугунги кунда давлатлар ўртасидаги турли тушунмовчилик­ларни ва зиддиятларни ташкил этишда унинг сарҳадларига ҳужум қилиш ёки ҳарбий юришлар ташкил этиш шарт эмас. Шунчаки ўша давлатда ички зиддиятларни юзага келтириш, жамият ­аъзолари ўртасида олиб борилаётган сиёсат ва ­бошқарувга бўлган ишончсизлик ҳиссини уйғотишнинг ўзи кифоя. Буёғи ўз-ўзидан давом этаверади. Масалан, маълум бир жамият аъзолари ўзининг тарихи, ўтмиши ва азал-азалдан шаклланиб келган қадриятларини, миллий ўзлигини аста-секинлик билан йўқ қилиб бориши, ўша ерда истиқомат қилувчи шахсларда «ватан» деган ҳиссиётнинг йўқ бўлишига ва «қаерда ҳаёт яхши бўлса, ўша ер ватан» деган тушунчани сингдириш орқали амалга оширилади. Бунда яшашдан асосий мақсад дунёга бир марта келиши ва уни хоҳлагандек яшаб ўтиши, яъни эгоистик «мен»ининг биринчи ўринга чиқиши орқали ҳаётдан лаззатланиш ғояси сингдирилади. Бу эса ўзаро меҳр-оқибат, оила, ватан тушунчаларининг ўрни аста-секинлик билан йўқ бўлиб боришига сабаб бўлади.
Бир қарашда бу оддий ҳолга ўхшаб кўринади-ю, устамонлик билан ҳамма ўзи истаган ҳаётни кечириши ва ўзига берилган ҳаётни ўзи хоҳлагандек яшаб ўтиши керак-ку, деган фикрни шакллантириш орқали қарашлар ўзгартириб борилади. Ёш авлод буни кўради ва яхши яшаш учун тезроқ ва осон йўл билан пул топиш йўлига ўтади. Статистик маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда энг кўп ҳуқуқбузарлик ва зўравонлик ҳолатлари 30 ёшга кирмаган ёшлар томонидан содир этилмоқда. Ҳуқуқбузарликларни содир этишдан мақсад осонгина, оғир меҳнат қилмай, енгил йўллар билан пул топиш ҳисобланади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда жамият маънавий муҳитини яхшилаш, айниқса, ёшлар маънавиятини ривож­лантиришга давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида қаралмоқда. Давлат раҳбари БМТдаги нутқида ҳам «Одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онги ва тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбия­лаш энг муҳим вазифадир» дея таъкидлаган эди.
Дарҳақиқат, ҳар қандай жамиятнинг энг оғир ва бошқарилиши мураккаб нуқтаси ёшлар жабҳаси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам уларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этиш, сидқидилдан бирор-бир касб-ҳунарга илмий салоҳият жиҳатидан келиб чиқиб тўғри йўналтириш лозим. Агар ёшларнинг кундалик ҳаётида бўш вақтлари тўғри йўналтирилмаса, улар ёт ғоялар ва мафкуравий хуружлар таъсирига тушиб қолиши мумкин. Бундай ҳолатларнинг пайдо бўлишини кутиб турганлар қанча, уларнинг қўлига миллат келажагини тайёр хўракдек бериб қўйсак, онги ва қалбини бош­­қа ғоя ва мафкуралар эгаллашига шароит яратиб берсак, миллий ўзлигимиз ва қадриятларимиз истиқболини кўришимиз анча қийинлашади.
Мафкуравий глобаллашув жараёнларини тезлаштириш, истакларни амалга ошириш учун катта маблағ сарфлаш шарт эмас. Таъсир бериш жойи ва қатлам аниқлаб олинса бас. Ғоявий-мафкуравий таъсир сингдирилувчига сездирмасдан амалга оширилади ҳамда қурбонлар бўлмайди. Фақат мавжуд муаммо тури ва ёш доираси аниқланиб, ёшларнинг дунё­қараши ва онгига мунтазам равишда таъсир ўтказиб борилади. Бу жараёнда маълум вақт шаклланган ­қадриятларни ўзлаштиришга ва бош­қарув қобилиятини камайтириш ёки бутунлай йўққа чиқариш мақсад қилиб олинади. Вақт ўтган сари у ўзининг белгиларини намоён қила бош­лайди ва ниҳоят хуруж қилади, яъни ўша давлатда тартибсизлик вужудга келади. Масалан, Қозоғистондаги январь воқеалари иштирокчиларининг аксарияти 30 ёшга тўлмаган ёшлар экани ­фикримизни тасдиқлайди. Қўшни давлатда содир бўлган ушбу афсусланарли ҳолат бирор-бир фаолият тури билан банд бўлмаган ёшларнинг онгига ғоявий ва мафкуравий ҳужумлар қилиш орқали айнан ўша халқ вакиллари қўли билан амалга оширилгани бугун ҳам хорижий, ҳам маҳаллий экспертлар томонидан якдил тасдиқланмоқда.
Шу ўринда, ҳаммани қизиқтирадиган, бугун мавзу ўлароқ эътибор марказига олганимиз – мафкура нима ўзи? Жамият тараққиёти, хавфсизлиги учун шунчалик аҳамиятга эгами у, деган саволга шундай жавоб берамиз. Мафкура муайян миллат, халқ, ижтимоий қатламни илҳомлантирадиган, уларнинг мақсад-муддаоларини ифода этадиган ғоялар, қарашлар мажмуаси ҳисобланади. Қаердаки мафкура кишилар онгига етарлича сингдирилмаган бўлса, демак, ўша ерда мафкуравий бўшлиқ пайдо бўлади. Бу эса жамиятдаги тартибсизликларни келтириб чиқаради. Бугун ривожланган дунёнинг ҳар жабҳасида мафкура машиналари ишлаётганига гувоҳ бўламиз. Дунёда мафкуравий таҳдид, оккупация учун жуда кўп­лаб илмий-тадқиқот институтлари фаолият олиб бормоқда.
Бугунги кундаги воқеалардан фикр қиладиган бўлсак, давлатнинг негизи бўлган халқни ишонтирувчи ва барча жамият аъзоларини бирдек ҳаракатга келтирувчи мафкуранинг мазмун-моҳиятини халқимиз, айниқса, ёшларимиз онги ва қалбига сингдиришимиз, улар мафкуравий бўшлиққа кириб қолиши натижасида қадриятларимизга зид бўлган бошқа мафкуралар домига тушиб қолмаслиги учун ҳушёр ва огоҳ бўлишимиз лозим.
Бинобарин, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, «Мафкура соҳасида бўшлиқ деган нарсанинг ўзи ҳеч қачон бўлмайди. Чунки инсоннинг қалби, мияси, онгу тафаккури ҳеч қачон ахборот олишдан, фикрлашдан, таъсирланишдан тўхтамайди.
Демак, унга доимо маънавий озиқ керак. Агар шу озиқни ўзи яшаётган муҳитдан олмаса ёки бу муҳит уни қониқтирмаса, нима бўлади, айтинглар? Бундай озиқни у аста-секин бошқа ёқдан излайди. Шунга йўл бермаслигимиз керак. Мана, гап нима ҳақида кетяпти!
Бунинг учун ўзини жамиятимиз, ёшларимиз маънавияти, ғоявий-мафкуравий тарбияси учун масъул деб билган инсонлар – бу маҳалла ёки диний ташкилотлар бўладими, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ёки катта таъсир кучига эга ижодкор зиёлилар бўладими – уларнинг барчаси, айниқса, фаол бўлишлари лозим».
Демак, мафкура деб аталмиш ­орзу-истак ва мақсад-муддаоларимиз –миллатнинг эзгу ниятлари ва мақсадларини ўзида ифодалаши лозим. Мафкура барчани ватан тараққиёти йўлида биргаликда ҳаракатланишга ундаши лозим. Қачонки одамларимиз ватанга бўлган меҳрини фақатгина расмий чиқишлар орқали эмас, оддий кундалик ҳаётимиздаги хатти-ҳаракатлар орқали намоён эта олиши мумкин эканини тушуниб етса биз кучли мафкурага эга бўлган бўламиз. Шундагина биз яшаб турган бу азиз ватан янада тараққий этади ва гуллаб-яшнайди.
Нигора ҲУСАНОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти илмий ходими, Ўзбекистон Миллий университети таянч докторанти