Инсон қадрини улуғлаш манфаатларни ҳимоялашдан бошланади

81

Мамлакатимизда аҳолини ҳар томонлама ижтимоий ҳимоя қилиш масаласида барча корхона ва идораларнинг касаба уюшмалари ташкилотлари зиммасига ҳам бир қатор вазифалар қўйилган. Ходимлар манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг самарали меҳнат қилишлари учун муносиб шароит яратиш ва соғломлаштиришни мувофиқлаштириш, шунингдек, маънан ва руҳан қўллаб-қувватлаш ҳам касаба уюшмалари тизимининг асосий вазифаси саналади.

Кейинги йилларда Янги Ўзбекис­тоннинг янги касаба уюшмалари ­фаолиятида бу хусусият янада яққол намоён бўлаётир. Хусусан, касаба уюшмалари фаолиятига доир ҳуқуқий асос такомиллаштирилди. «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши, «Касаба уюшмалари куни»нинг таъсис этилиши беш ярим миллиондан ортиқ касаба уюшма аъзолари учун унутилмас воқелик бўлди.
Навоий кон-металлургия комбинати республикамиз иқтисодиётини ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб келаётган улкан корхоналардан биридир. Жаҳоннинг олтин ишлаб чиқарувчи ўнта йирик компаниялари орасида ўзининг муносиб мавқеи ва ўрнига эга мазкур корхонада замонавий техника ва технологиялардан самарали фойдаланилмоқда. Кейинги йилларда 5- ва 7-гид­рометаллургия заводлари ва 2-гидрометаллургия заводининг «Б» корпуси ишга туширилди. Комбинатда ижтимоий масалаларни ҳал қилишга бош вазифалардан бири сифатида қаралаётгани эришилаётган ютуқларнинг асосий омили бўлмоқда.
Касаба уюшмаси кенгашининг муҳим вазифаси – комбинат ходимлари ва иш берувчи ўртасида тузилган жамоа шартномасининг бажарилишини таъминлашга қаратилган. «НКМК» акциядорлик жамиятининг янги 2022-2024 йилларга мўлжалланган жамоа шартномасида ҳам шу муҳим жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилиб, меҳнат билан боғлиқ тартиб-қоидаларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ишчи-ходимларнинг ҳаёти ва меҳнатини муносиб муҳофаза қилиш, ишлаб чиқариш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида комбинатга янги, хавфсиз технологиялар келтирилиб, мавжуд техника ва технологиялар доимий модернизация қилиб борилмоқда.
Корхонада ижтимоий ҳимоялашнинг шундай изчил тизими яратилганки, ундан фаолият кўрсатаётган ишчи-хизматчилар, муҳандис-техник ходимлар, уларнинг оила аъзолари ва фарзандлари бирдек баҳраманд бўлишмоқда. Тиббиёт ва соғломлаштириш, маданият ва спорт, болалар ёзги дам олиш оромгоҳлари, ишчи-ходимларнинг таътил вақтларини кўнгилдагидек ўтказишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ходимларни рағбатлантириш, моддий кўмакка муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳам доимий кун тартибида. Касаба уюшмаси нафақат комбинат ишчи-ходимлари, балки пенсия­­га чиққан собиқ ходимларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқларини доимий ҳимоя қилишни ўзининг шарафли бурчи эканини унутмаган.
Комбинатга қарашли тиббий-санитария бўлими бешта йирик муассасани бирлаштирган. Улар Навоий, Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва Зафаробод шаҳар типидаги аҳоли ­пунктида жойлашган бўлиб, 200 минг­­га яқин аҳолига хизмат кўрсатади. Тиббиёт масканларидаги маънавий эскирган жиҳозлар янгиланиб, сўнгги уч йилда қарийб 120 миллиард сўмлик ­маблағ эвазига даволаш-диагностика тиббиёт ускуналари келтирилди. Касаба уюшмаси кенгаши томонидан комбинат ишчиларига нафақат республикамизда, балки унинг ташқарисида ҳам, яъни Ялта ва Кисловодск санаторийларида дам олишлари учун муносиб шароит яратилган.
Комбинат бўлинмалари жойлашган шаҳар ва қўрғонларда маданият саройлари ва спорт мажмуалари ­доимий ишлаб турибди. Навоий шаҳридаги «Фарҳод», Учқудуқ шаҳридаги «Учқудуқ» маданият саройлари, Зарафшон шаҳридаги «Олтин водий», Нурободдаги «Нуробод» маданият уйлари, Заркент қўрғонидаги «Кончи» маданият-спорт мажмуа­­си шулар жумласидандир. Навоий шаҳридаги «Фарҳод» маданият саройи­­да «НКМК тарихи» музейи фаолият олиб бормоқда. Унинг шинам залларига мингдан ортиқ экспонатлар, тарихий артефактлар юксак дид билан жойлаштирилган. Шунингдек, музейда чўлни забт этган қаҳрамонлар ҳақида, комбинатнинг 60 йиллик шонли тарихи тўғрисида маълумот берувчи китоблар ҳам мавжуд. Нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан Ўзбекистон олтинининг энг олий сифати учун тақдим этилган мукофотлар музейнинг ноёб экзпозицияларидан биридир. Ўтган беш йил ичида Заркент қўрғони, Навоий, Зарафшон, Учқудуқ, Маржонбулоқ шаҳарларида спорт заллари, Зафар­обод қўрғонида ёпиқ сув ҳавзали «Янги ҳаёт» соғломлаштириш мажмуаси, Зарафшон шаҳри ва Заркент қўрғонида аквапарклар фойдаланишга топширилди.
Комбинат раҳбарияти ва касаба уюшма кенгаши ташаббуси билан жорий йилда 12 мингдан зиёд ўқувчилар, шунингдек, Учқудуқ, Томди, Нурота, Конимех туманларида яшайдиган кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари «Зарафшон», «Сармиш», «Болажон», «Сўғдиёна», «Паҳлавон», «Келажак» номли дам олиш оромгоҳларида мазмунли ҳордиқ чиқардилар.
Айни паллада корхона касаба уюшмаси тасарруфида «Бирдамлик» фонди ташкил этилган. Фонд маблағлари ҳисобидан ишчилар ва пенсиядаги ходимлар моддий-маънавий қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Жумладан, 2021 йилда 631 нафар кам таъминланган оилалар вакиллари, ёлғиз пенсионерлар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож ишчи-ходимларга 1,2 миллиард сўмдан ортиқ миқдорда моддий ёрдам кўрсатилгани фикримиз тасдиғидир.
Бугун юртдошларимиз, хусусан, комбинат ишчи-ходимлари нигоҳида ҳаётдан розилик ва эртанги кунга нисбатан юксак ишонч балқиб турибди. Мухтасар айтганда, қаерда ишчи-ходимларнинг манфаатлари муносиб ҳимоя қилинса, ўша жойда барқарор ривожланиш ва фаровонлик мустаҳкамланиб бораверади.

Исроил РАҲМАТОВ,
«Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти касаба уюшмаси кенгаши раиси