Кўзимнинг қароғи қорақалпоғим
Таниқли шоир-у ёзувчилар, илм-у фан арбоблари, санъаткорлар, кино санъати дарғаларидан иборат «Маънавият карвони» қардош халқ ҳузурига – Қорақалпоғистонга йўл олди.
Қорақалпоғистон деганда кўз ўнгимизга мард ва танти инсонларга ватан бўлган, ориятли ва бир сўзли эл яшайдиган муқаддас замин келади. Бепоён чўл бағрида олмосдек товланган Ақчакўл, қадим тарих, қадим маданият ва цивилизациянинг тирик тимсоли бўлган Тупроққалъа, Аёзқалъа, Катта Гулдурсунқалъа кўнглингизга фахр беради. Бу бетимсол зиёратгоҳларни бир кўрган, бепоён кенгликларда оқинлардан, бахшилардан, жировлардан достон-у термалар эшитган киши бу ўлкадан кетгиси келмай қолади.
Фидойи ва меҳнатсевар халқнинг улкан меҳнати туфайли Қорақалпоғистон бугунги кунда Ўзбекистоннинг замонавий илм-фан, маданият ва туризм масканига, фаровон ва обод ҳудудига айланмоқда.
Бу донишманд халқ ўзининг бетакрор адабиёти, санъати билан барчани ҳайратга солиб келган. Кунхўжа, Ажиниёз, Утеш ва Умар каби сўз усталари фахр билан эсланади. Зукко ва оловюрак шоир Бердимурод Қарғабой ўғли Бердақнинг:
Умрим бўйи ёндим, куйдим,
То ўлгунча юртни суйдим.
деган сатрлари тоза имон соҳибининг қалб садоларидир.
Шоирнинг «Ақимбет», «Ойдус бобо», «Амангелди», «Эрназарбий» асарларини ўқиркансиз, «Мен ўлмасман, ўлсам, сўзим қолгуси, халқим мени мудом ёдга солгуси», «Мард йигитни агар севса элати, кундан-кунга ортар унинг қуввати», «Қайғу тарқар ботир билан, мард билан», «Султон бўлма ёт элинда, чўпон бўлгин ўз чўлингда» каби ҳикматли сўзлари ўқувчини ҳамиша огоҳликка даъват этиб тураверади. Авлодларга йигирма минг мисрадан ортиқ шеър ва достонларни мерос қилиб қолдирган ижодкор ҳамма замонларда эъзозланишга муносибдир.
Атоқли адиблар, Ўзбекистон Қаҳрамонлари Тулепберген Қаипбергенов ҳамда Ибройим Юсупов ХХ аср қорақалпоқ адабиётининг улкан ва бетакрор сиймолари эди.
Аму! Йўқ бу сўзни, мен сизга
айтсам,
Бепарво талаффуз қилолмас халқим!
Аму бўлмаганда бу ерни биз ҳам
«Қорақалпоғистон» демасдик балким.
Азим қорақалпоқ диёрида ўз санъати билан бутун дунёни лол қолдирган Ойимхон Шомуротова, Отажон Худойшукуров, Замира Давлетмуратова, Байрам Матчанов, Нажмиддин Муҳаммеддинов, Нажмиддин Ансатбоев, Тамара Дошумова, Муяссар Раззоқова, Гулпаршин Сиримбетова, Мирзагул Сапаева, Айгул Надирова, опера санъати устаси Абат Каллиев, опера хонандалари Женисбек Пиязов ва Элиза Айтниязова, Ақилбек Пиязов, жиров ва бахшилардан Ғайратдин Утемуратов, Тенилбой Қаллиевларни юртимизда кўпчилик танийди.
Мамлакатимизнинг илм-фан тараққиётига муносиб ҳисса қўшган марҳум академиклар Марат Нурмуҳаммедов, Собир Камолов, Чаржоу Абдиров, Абат Даулетов, Амин Бахиев, Турсинбай Ешанов, Жуманазар Бозорбоевларнинг илм йўлидаги фаолияти бугунги ёшларимиз учун намуна бўлиб хизмат қилса не ажаб!
* * *
Бахшичилик – икки дарё Жайҳун ва Сайхун оралиғидаги цивилизацияларни яратиш қудратига эга бўлган улуғ аждодларимиздан мерос.
Маҳорат билан ижро этилган «Алпомиш», «Йидиге», «Қирққиз» достонлари бултур сентябрда Нукусда бўлиб ўтган халқаро бахшичилик санъати фестивалида янги номларни элга танитди. Кўп томлик «Қорақалпоқ фольклори» тўплами чоп этилди.
Қорақалпоқ бахшичилик мактаби икки йўналишдан иборат. Булар бакси – ички овоз услуби, дутор ва ғижжак жўровозлигида ҳамда жиров – бўғиқ овоз услубида, қўбиз жўрлигида ижро этилади. Ҳар бир мактабнинг ўзига хослиги, оҳанги, жаранги-ю жилоси бор. Достон ва термаларда тизилган воқеликлар, инсоний туйғулар инсон маънавияти ва тарбиясига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди.
«Саҳродаги Лувр»
Қорақалпоғистоннинг асосий туристик объектларидан бири бўлган И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи «Саҳродаги Лувр», «Шарқ маржони» деб ҳам аталади. Музейда сақланаётган қорақалпоқ миллий қадриятларига оид экспонатларни кўриб, машҳур рассомларнинг санъат асарларини томоша қилиб, таҳсин айтгингиз келади.
Музейнинг қимматбаҳо экспонатлари саналмиш гиламдўзлик ва каштадўзлик буюмларида халқнинг этник ўзига хос хусусиятлари акс эттирилган. Машҳур рассом ва коллекционер Игорь Савицкийнинг ўзи чизган полотноларда бир-биридан чиройли ўтовлар ҳам гавдалантирилган.
Ҳайрат билан кузатганимиз – қорақалпоқ аёлларининг миллий кийимлари бўлди. Кийимлардаги нақшлар услуби кўпроқ ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда хўжалик фаолияти билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, тикишлари эса нозик ва жозибали, товланади.
«Саҳродаги Лувр» ўзининг бебаҳо дурдона экспонатлари билан дунё санъати ихлосмандлари эътиборини қозонган. Музейда графика, ҳайкалтарошлик, тасвирий ва амалий санъат намуналари, турли археологик топилмалар, этнография буюмлари, қадимий суратлар, тарихий ҳужжатлар сингари юз мингга яқин нодир экспонат жой олган.
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Нукус филиали ёш тадқиқотчилари Асилбек Қолқанатов ва Гулмира Бектурсынованинг қорақалпоқ халқининг урф-одатлари, қадриятларига бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиромини кўриб ҳайратландик. Асилбек археологик топилмаларни, Гулмира эса қорақалпоқ аёлларининг миллий кийимларини шундай тасвирлайдики, уларнинг олиб бораётган илмий фаолиятларига, сабоқ берган устозларига ҳавасимиз келди.
Музейга ташриф буюрувчилар билан суҳбатлашар эканмиз, қорақалпоқ халқининг урф-одатларида эзгулик ҳамда инсонпарварлик ғоялари мужассамлашгани ва бу музей Ўзбекистоннинг етти мўъжизасининг бири сифатида бежиз тан олинмаганига амин бўлдик.
Мўйноқдаги «Қўқон боғи»
Ўтган асрнинг охирига келиб, экологик офат ёқасига келиб қолган, кичик овулга айланиб бораётган Мўйноқ тумани Президентимизнинг ташаббуси билан қайта тикланди. Бугун Мўйноқ замонавий инфратузилмага эга, саноат корхоналари барпо этилган, марказида спорт мажмуаси, Адиблар хиёбони, маданият саройи мавжуд бўлган гўзал шаҳарга айланди. Сўнгги уч-тўрт йилда бу ерда амалга оширилган ишлар ҳайратланарли даражада.
Илгари Мўйноқ дейилса, туз конига айланган олис туман кўз олдимизда гавдаланар эди. Мўйноқ бугунги кунда юртимизнинг энг олис ва чекка тумани эмас, балки қайноқ воқеалар марказидаги ҳудудлардан бирига айланди.
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамда унинг Фарғона филиали профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари ташаббуси билан бундан тўрт йил муқаддам Оролбўйи ҳудудида, аниқроғи, Мўйноқ туманида боғ яратиш режалаштирилган эди.
Институт ректори, филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Йўлдошев Қўқондан Нукусга жўнатилган кўчатлар, ўша йиллар заҳматини шундай ҳикоя қилади:
– Институтнинг Қўқон шаҳридаги филиали доценти, филология фанлари номзоди (раҳматли) Рашидхон Шукуров билан қандай дарахт кўчатлари Мўйноқ шароитида ўсиб кетиши мумкинлиги ҳақида кўп маслаҳатлашдик. Яна савол туғилдики, мевали дарахт кўчатини ҳам экиш мумкинми? Сув масаласи нима бўлади?
2018 йилнинг январь ойидан Қўқонда кўчат йиғиш ишлари бошланиб кетди. Февраль ойининг охирларига қадар юз минг туп мевали дарахт кўчатлари ҳамда тез ривожланувчи Калифорния тераги қаламчалари тўпланди. Бу ишда жамоамиз билан бирга қўқонлик саховатпеша тадбиркорлар ҳам катта кўмак беришди. Тўпланган кўчатларни Мўйноққа жўнатиш осон кечмади. Кўчатлар зудлик билан Мўйноққа – олдиндан туман ҳокимияти билан келишиб қўйилган ерга жўнатилди. Шунда яна бир муаммо пайдо бўлди: Мўйноқда ер ҳануз муздан эримаган экан, музлаган ерга эса кўчат экиб бўлмайди. Ер кавлайдиган трактор ёрдамида катта чуқур қазилиб, кўчатлар совуқ уриб кетмаслиги учун кўмиб қўйилди. Март ойи ўрталарида кўчатларни экиш бошланди. Бунда институтнинг Нукус филиали жамоаси катта меҳнат қилди. Улар ёз ойларида суғоришга ҳам бош-қош бўлишди. Мўйноқ тумани ҳокими боққа қандай ном берилишини сўраганида, мен «Маданият боғи» десак бўлармикан, деб жавоб бердим. Шунда ҳоким кўчатлар жуда олисдан, яъни Қўқондан келтирилганини айтиб, шунинг учун боғни «Қўқон боғи» деб атасак, нима дейсиз, деб қолди. Шу-шу янги боғнинг номи «Қўқон боғи» бўлди.
Биринчи йил анча қийин кечди. Аммо кўпчиликнинг машаққатли меҳнатлари эвазига кўчатлар гуркираб ривожланди. Бугун боғимизга келган инсоннинг кўнгли роҳатланади. Боғ этагида «Оқ кема» болалар оромгоҳи ҳам ишга туширилди. Демак, яқин келажакда бу боғнинг меваларидан оромгоҳда дам олаётган болажонлар ҳам баҳраманд бўлишади.
Ҳа, Ўзбекистоннинг у бурчагидан бу бурчагига кўчат келтириб, боғ яратган инсонларнинг машаққатли меҳнатлари меваси – бугун бир сўлим мевазор шаклида Мўйноққа ярашиб турибди. Қанча-қанча мўйноқликлар бу боғнинг меваларидан баҳраманд бўлмоқдалар.
Ўзбек ва қорақалпоқ халқининг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги мана шундай савобли, эзгу ишлар тимсолида кўринмоқда!
Берунийда байрам шукуҳи
Беруний тумани Қоратов адирлари, Амударё бўйларида жойлашган. Содда, самимий, меҳнаткаш одамлари адабиётни, санъатни шу қадар яхши кўрадики, шеър ўқисанг, шеърингга, қўшиқ айтсанг, қўшиғингга қўшилишиб, бирга куйлайди. Овуллар-у маҳаллалардаги учрашувларда ўзбек, қорақалпоқ, туркман, қозоқ миллатига мансуб, дили, тили ва ниятлари бир хил инсонларнинг бир-бирига бўлган ширин муносабатини кўриб, кўнгилингиз яйрайди.
Тумандаги «Янгиобод» маҳалласида яшовчи, муборак ҳаж сафарида бўлиб, зиёратдан қайтган Халилла ота ва Турсуной онанинг шукроналарини тингласангиз, кўзингизга ёш келади: — Ўзбекистондан борган ҳожилар қаторида болаларимизнинг иқболини сўрадик, юрт фаровонлигини сўраб, дуолар қилдик.
Беруний туманидаги ахборот-кутубхона марказида ўзбек, қорақалпоқ, туркман, қозоқ ва бошқа тиллардаги адабиётлар мавжуд. 54 мингдан ортиқ китоб ресурсига эга кутубхона марказида фарзандлари билан бирга китоб излаётган оналарни ҳам кўрдик, «Саройкул» овул фуқаролар йиғини фаоли Феруза Нуруллаева, «Шаббоз» маҳалласидан Сайёра Қурбонбоеваларнинг фарзандлари даврасидаги адабий суҳбатларини тинглар эканмиз «Билимдон болаларни билимдон оналар тарбиялайди» деган нақлга яна бир бор ишонгимиз келди.
Туман ҳокими ўринбосарлари билан қирқ нафардан ортиқ аёлга тикув машиналари, уй жиҳозлари топширар эканмиз, «Аёллар дафтари»га кирган опа-сингилларимизнинг озроқ бўлса ҳам мушкулларини осон қилиш, Муҳтарам Президентимиз олиб бораётган ислоҳотларнинг акс-садоларини ҳис қилаётган юртдошларимизни мустақиллик тантаналари билан табриклаш бизларга ҳам ўзгача сурур бахш этди.
Бешта кам таъминланган оилага янги уйларнинг калити топширилиши ҳам катта байрамга айланиб кетди. Ушбу байрам тадбирида сўзга чиққан Меҳрибон Юсупова, Мунаввар Ўтаганова ва Дармонжон Холмуратова давлат раҳбарига кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга кўрсатилаётган ғамхўрлик учун миннатдорлик билдиришди.
Туманда қай бир ҳовлига кирманг, дарахтлар, гуллар экилган. Томорқада етиштирилган сабзавотлар, ишкомлардаги узумлар билан дастурхон тузаган юртдошлар йўлингизга пешвоз чиқишади. Озод овулида истиқомат қилаётган ҳунарманд Ҳамро бобо Бердишев 87 ёшда, аёллари Тозагул она 85 ёшда экан. 8 фарзанд, 40 невара, 20 нафар эвара йиғилган ҳовли бамисоли тўйхонани эслатади. Ҳамро бобо қўлигул уста, ўзининг ҳам, фарзандларининг ҳам уйларидаги дурадгорлик ишларининг ҳаммасини ўғиллари билан ўзлари қуришган. Шунингдек, бобонинг қўлида сайқал топган ўзбек дутори, туркман дутори, қорақалпоқ дутори, ғижжак каби мусиқа асбоблари кишининг ҳавасини келтиради. Ҳамроҳимиз Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Каримбой Раҳмонов қатор териб қўйилган дуторлардан бирини олиб, қўшиқ куйлайди, Ҳамро бобо жўр бўлади.
Манзарани кузатиб, нафақат Беруний тумани, балки бутун Қорақалпоғистонда мустақиллик байрами арафасида халқнинг кўнглини, дуосини олаётган саховатпеша инсонлар, мард тадбиркорлар, таниқли санъаткорларнинг шу эл, шу юрт равнақи учун олиб бораётган фидойи меҳнатларига таҳсин айтгимиз келди.
Туман ҳокими Отабек Сафарбоев тадбиркорларни байрам билан қутлар экан, яхши ният, яхши меҳнат, яхши тадбирлар юртдошларимизнинг бугунги шукроналиклари, самимий изҳорларида бўй кўрсатаётганини алоҳида таъкидлади.
Қорақалпоғистон халқ артисти, афсонавий Тамара Дошумованинг «Дэмбермес» қўшиғи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тошпўлат Маткаримовнинг халқона оҳанглари, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артистлар Каримбой Раҳмонов ва Клара Шомуротованинг ўзбек ва қорақалпоқ термаларини моҳирона куйлашлари барча мухлисларга завқ-шавқ ато этди.
Гуруҳ раҳбаримиз, профессор Нозим Қосимовнинг учрашувларда айтган ўзбек ва қорақалпоқнинг бирлиги, юртнинг тинч-осойишталиги ҳақидаги асосли фикр-мулоҳазалари ҳамма учун қизиқарли бўлди.
Жайҳун соҳилларида умргузаронлик қилаётган замондошларимиз билан дийдор учрашувлар ниҳоятда мароқли кечди.
Қайда юрсам соғинтирар,
Она юртим томонлари.
Хаёлимда саҳар-саҳар,
Эсар Жайҳун шамолллари.
Атиргул териб чўллардан,
Гулирайҳон чаманлардан,
Бизнинг бул гўзал эллардан
Эсар Жайҳун шамоллари.
Танти қорақалпоқ элининг азиз фарзандлари Ибройим Юсупов ва Отажон Худойшукуров ҳамкорлигида яратилган мана шу дилбар тарона замиридаги эл-у юртга меҳр, она тупроққа фидойилик ва соғинч ҳисси билан пойтахтга қайтар эканмиз, «Маърифат карвони»нинг Ўзбекистоннинг ҳар бир гўшасидаги сафарлари юрт тараққиёти ва эзгуликка хизмат қилмоғини чин юракдан ният қилдик.
Сайёра ТЎЙЧИЕВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
шоира



