Миришкорлик Араббой Хосиятов 65 ёшида Чирчиқ педагогика институтининг “Ижтимоий соҳа” йўналишларидан бирига ҳужжат топшириб, тест имтиҳонларида қатнашди.
Биология, она тили ва адабиёти ҳамда физика-математика фанларидан тест саволларига жавоб ёзган Араббой ака 65 балл тўплаб, 65 ёшида талаба бўлди.
—Ёшлигимда Шаҳрисабз қишлоқ хўжалик билим юртида ўқидим, —дейди отахон. —Кейин турли соҳаларда ишладим. Йигирма йил “Миришкор” хўжалигини бошқардим. Халқ демократик партияси Миришкор туман кенгаши раиси лавозимида ҳам фаолият юритдим. Айни пайтда Миришкор тумани маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг нуронийлар масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаб келмоқдаман.
Илм олишнинг эрта-кечи йўқ. Имтиҳонлар чоғида бундан 45 йил олдин олган билимларим асқотди. Имтиҳон кечки пайт бўлгани учун баъзи саволларни тўлиқ еча олмадим. Кўзим хиралик қилди, —дейди 65 ёшли талаба.
