Сўнгги йилларда технологиялар ҳаётимизни тубдан ўзгартириб юборди. Улар ҳаётимизни енгиллаштираётгандир балки. Шундай бўлса-да, жуда кўп муҳим ишларга вақтимиз етмайди. Улгурмаймиз. Психологларнинг таъкидлашича, замондошларимизнинг асаб толалари бундан 20-30 йил олдинги одамларникига қараганда икки-уч баробар юпқалашган, бир-бирининг фикрига тоқатсизлик, асабийлик авж олган. Мутахассислар фикрича, буларнинг барчасига мобиль телефонлар ва Интернет тармоғи сабаб!
Ҳар икки одамдан бири фейсбук ёки инстаграмда бор
Бугун 5 миллиардга яқин инсон мобиль телефонларидан фойдаланса, улар орасида интернетда, ижтимоий тармоқларда “ўтирадиганлар” 4,8 миллиардни ташкил қилар экан. Энг оммавий тармоқлар – Facebook, WhatsApp ва Instagram’нинг ҳар бирида фойдаланувчилар сони бир миллиарддан ошиқ. Шу билан бирга, пандемиядан кейин 15-25 ёшлилар орасида оммалашаётган расм ва қисқа видеоларни жойлаш учун қулай TikTok тармоғи ҳам шиддат билан ўсиб келмоқда. Бундан ташқари, Хитойда Wechat ва видеолар учун Douyin каби маълум бир ҳудудда кенг тарқалган тармоқлар ҳам бор.
Юртимизда 24 миллиондан ортиқ аҳоли интернетдан фойдаланади. Бу мамлакат аҳолисининг 70,4 фоизи демак. Шундан 6,25 миллиони ижтимоий тармоқларнинг фаол фойдаланувчиларидир. 2019 йилда Fаcebook ижтимоий тармоғининг ўзбек сегменти фойдаланувчилари 859 500 нафарни ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб 3 273 100 нафарга етган. Бу каби ўсиш ҳолатини ижтимоий тармоқларнинг бошқа платформаларида ҳам кузатиш мумкин.
Ҳаётни остин-устун қилаётган ижтимоий тармоқлар
Тадқиқотлар катта ёшдаги инсонлар кун давомида ўртача 7 соат, Филиппин, Бразилия, АҚШ каби давлатларда эса 9 соатгача вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказаётганини кўрсатмоқда. Бу бир йилда тинимсиз 100 кун ижтимоий тармоқларда ўтириш билан тенг. Албатта, шунча вақт онлайн ҳаётда “яшаш” ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмаяпти. Руҳшунослар фойдаланувчилар орасида депрессия ва руҳий тушкунлик ҳолатларининг ортганидан хавотирда.
Ички ишлар вазирлиги киберхавфсизлик маркази масъул ходими Лочинбек Атоевнинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқларда фойдаланаётган юртдошларимиз орасида ўзгаларни камситиш, ҳақорат ёки қўрқитиш ва таҳдидларга учраш ҳолати кун сайин ортиб бормоқда. Бунинг турли сабаблари бор. Аввало, ижтимоий тармоқларда меъёридан ортиқ вақт бўлиш одамларни руҳан толиқтирмоқда. Онлайн ҳаётда одамлар реал ҳаётдагидан кўра ўзини анча эркин ҳис этади. Вазирда ҳам, оддий ишчи ёки талаба, ўқувчида ҳам ўз фикрини баён этиш учун бир хил эркинлик ва майдон берилган. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда шахс ўзини аноним тутиши, бундан фойдаланиб, унга маъқул бўлмаган тоифаларнинг фикрига қаршилик кўрсатиши, уларни кўпчилик кузатувчилар орасида ҳақоратлаши, камситиши ҳам мумкин. Бир-бирининг фикрини тўғри тушуниб етмаслик, кўтарилган масаланинг моҳиятини яхши англамаслик, жамиятдаги камчиликларни муҳокама қилиш жараёнида одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилмаслик одат тусига киряпти. Бундай ҳолатларнинг кўпайиб бориши ташқаридаги деструктив кучларга, радикал оқимларга қўл келиши шубҳасиз. Улар аҳоли орасида медиасаводхонликнинг пастлигидан фойдаланиб, ўз ғоя ва мафкураларини осон сингдиришга уринишади.
Яқиндагина мактабгача таълим вазирининг журналистга интервью беришдан бош тортгани ҳақидаги мақола Фейсбук ижтимоий тармоғида эълон қилингач, вазир Агриппина Шинга нисбатан турли ҳақоратли изоҳлар ёзилди. Ҳаттоки изоҳлар орасида диний адоват келтириб чиқариши мумкин бўлган гаплар ҳам бўлди. Бундай изоҳлар ва постларга жуда кўп мисоллар келтириш мумкин. Диний мазмундаги постлари билан ижтимоий тармоқларда ном қозонган Аброр Мухтор Алийнинг ёш қизга уйлангани ва унга зўравонлик қилаётгани ҳақидаги овозли хабар ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб, телеграм ва Фейсбук фойдаланувчиларининг қаҳру ғазаби, нафрати ва ҳақоратларига сабаб бўлди. Умуман олганда, ижтимоий тармоқларда маданият анча паст ва ачинарли аҳволда. Журналист ва блогерлар танқидий материаллар эълон қилиб, амалдорларни ҳақорат обьектига айлантириб қўяётган бўлсалар, айрим фойдаланувчилар ўзлари ва танишларининг, блогерлар эса уларга мурожаат қилганларнинг шахсий муаммоларини ижтимоий тармоқларга олиб чиқиб, яқинлари ва танишларини ноқулай аҳволда қолдиришмоқда. Ваҳоланки, қонунларимиз ҳеч кимга бундай ваколатни бермаган.
Интернетдаги қўполликка қандай чора кўрилади?
Бундай ҳолатларда ҳақорат қурбони бўлган шахслар ички ишлар органларига ёзма мурожаат билан чиқсалар, ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилиб, қонуний тартибда чора кўрилади. Амалдаги қонунчиликка кўра, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддасига асосан, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш – энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Қонунни илк бор бузганда маъмурий жазо белгиланади, қайта бузилганида эса жиноий жазо кучга киради. Мазкур модда ОАВ ёки ижтимоий тармоқларда тарқатилган матнда шахс ҳақорат қилинганида ҳам амал қилади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 140-моддасига асосан, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш, башарти, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч ойдан олти ойгача қамоқ билан жазоланади.
Шунингдек, ҳақорат қилиш:
а) жабрланувчининг ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда;
б) хавфли рецидивист томонидан ёки туҳмат қилганлиги учун илгари судланган шахс томонидан қилинган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ҳақоратланганлар нега ИИБга кам мурожаат қиляпти?
Ижтимоий тармоқдаги ҳақорат ва камситиш ҳолатлари ҳар доим ҳам қонуний чора кўриш билан якунланмаяпти. Кўпинча иккинчи томон ҳақоратларга нисбатан умуман ҳеч қандай жавоб бермаслик йўлини танлаяпти. Аслида, бу ҳам тўғри йўл. Чунки бундай пайтда иккинчи томон ҳам қизишиб жавоб ёзадиган бўлса, янада мураккаб вазият юзага келиши тайин (Айниқса, босим жуда кўп аккаунтлар томонидан бўлганида). Айримларнинг эса ҳақорат қилувчилар билан судлашиб юришга вақти йўқ. Баъзан эса ҳақорат қилинувчида ҳам айб бўлгани боис у қонуний чора кўришдан воз кечмоқда. Хуллас, ҳақорат қилувчи ёки ёлғон ахборот берувчилар қонуний жавобгарликка кам тортилаётгани ҳам бу каби ҳолатларнинг янада кўпайишига сабаб бўлмоқда.
Айрим ҳолатларда аҳоли бундай вазиятга дуч келганида кимга мурожаат қилишни ҳам билмайди. Шу боис бу ҳақдаги кўрсатувлар, видеолавҳалар ва давра суҳбатларини уюштириш зарур. Ички ишлар вазирлигининг шу йўналишдаги мутахассислари вилоятларда ва пойтахтимиздаги турли ишхоналар, таълим муассасаларида ижтимоий тармоқларда юз берувчи фирибгарлик, ҳақорат, камситиш, алдов ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича суҳбатлар уюштиришяпти. Аммо бу етарли бўлмаяпти. Одамларнинг бу борада кам маълумотга эгалиги уларни ижтимоий тармоқларда жиноят ёки ёлғон, ҳақорат ва камситиш қурбонига айлантиряпти.
–Мурожаатчилардан бири Мадина Илёсованинг (исм-фамилияси ўзгартирилди) фарзанди 10 синфда ўқир экан, – дейди Лочинбек Атоев. – Синфдошлари телеграм гуруҳида лақаб билан масхаралаб, устидан кулишаётгани боис бола мактабга чиққиси келмаётган экан. Шу пайтгача она бу ҳақда қаерга мурожаат қилишни билмаган. Яқинда You Tube орқали видеоподкаст ташкил этганимизда, вазият ҳақида айтиб, қандай йўл тутиши кераклиги ҳақида сўради. Биз керакли тавсияларни бериб, агар ёзма ариза билан мурожаат қилинса, ҳолатга қонуний чора кўрилишини тушунтирдик. Бундай ҳолатлар мактаб ўқувчилари орасида ҳам кўпайиб бормоқда. Чунки улар ҳам телеграм гуруҳлари очиб, ўзаро мулоқот қилишмоқда. Натижада реал ҳаётдаги кўнгилсиз ҳолатлар онлайн оламда ҳам урчияпти.
Муаммодан чиқиш йўли борми?
–Албатта бор. Ижтимоий тармоқларда нафрат, адоват тили, агрессия ва тоқатсизликнинг олдини олиш учун фуқароларнинг медиасаводхонлигини ошириш зарур, – дейди “Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази” раҳбари Саида Сулаймонова. – Шу орқали фуқароларнинг медиаиммунитетини, медиамаданиятини ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш одоб-ахлоқи мезонларини ривожлантириш мумкин. Бунинг учун аҳоли орасида медиасаводхонлик бўйича тарғибот ишларини кучайтириш, таълим масканларида медиасаводхонликка оид қўшимча дарс соатлари ташкил этиш, ахборот маконида инсонларнинг диққатини ўзига жалб қилувчи ва турли даражадаги зиддиятларни юзага келтирувчи нохолис ахборотлар тўғрисида маълумотлар бериш, мавзуга оид ижтимоий лойиҳалар ҳамда видеороликлар яратиш мақсадга мувофиқдир.
Лочинбек Атоев эса тармоқ фойдаланувчиларига қуйидаги маслаҳатларни беради:
–Авваламбор, ижтимоий тармоқларда нотаниш одамлар билан дўстлашманг. Бирор аккаунтдан дўстлик таклифи келса, уни олдин ўрганиб чиқинг. Дўстлари ким, қандай постлар қўйган? Қанча вақтдан буён ижтимоий тармоқдан фойдаланади? Агар таклиф тушган аккаунт эгасининг фаолияти, постлари мазмуни сизга маъқул бўлсагина, дўстлашинг. Ижтимоий тармоқларда ҳақорат ва камситишга дуч келсангиз, ҳеч қандай жавоб қайтармаганингиз маъқул. Чунки жавоб берсангиз, айтаётган ҳар бир гапингиз орқали муаммо кўлами янада ортиши мумкин. Тармоқларнинг бошқарув функцияларидан фойдаланиб, сизга қўпол муносабатда бўлган аккаунтни блоклаб қўйинг. Ҳар қандай ижтимоий тармоқларда имкон қадар шахсингизга оид маълумотларни камроқ жойлаштиринг. Агар таъқиб кучайса ёки сизга нисбатан ҳақорат, камситиш, фирибгарлик ҳолатлари юз берса, уйингизга яқин ички ишлар органларига мурожаат қилинг.
Ота-она сифатида эса ижтимоий тармоқлардан фойдаланаётган фарзандларингизнинг ҳам бундай муаммога дуч келмаслиги учун улар билан яқин дўст бўлинг. Бирга вақт ўтказинг, суҳбатлашинг. Ижтимоий тармоқлардаги дўстлари билан қизиқинг. Агар бола ижтимоий тармоқларда камситиш, масхаралаш ва ҳақоратлаш кабиларга дуч келса, албатта унинг руҳий ҳолатида ўзгариш бўлади. Сиз бунга эътиборли бўлсангиз, албатта сезасиз. Бир сўз билан айтганда, ижтимоий тармоқларда камроқ вақт ўтказишга ҳаракат қилиш, оила ва яқинларга кўпроқ вақт ажратиш ҳаётимиздаги кўплаб муаммоларнинг олдини олади. Айниқса, руҳий хотиржамлигимиз яхшиланади.
Зебо НАМОЗОВА,
“ISHONCH”
