Яқинда ижтимоий тармоқларда Яккабоғ туманидаги “Кунжутлитепа” археологик ёдгорлиги маҳаллий фуқаро томонидан бузиб юборилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Олиб борилган тезкор суриштирувларга кўра, фуқаро мутасаддилар томонидан мазкур объект археологик ёдгорлик экани ҳақида бир неча маротаба огоҳлантирилгани, шунга қарамай, у масалага беписандлик билан ёндашгани ойдинлашган.
Савол туғилади: умуман, Қашқадарёда археологик ёдгорликлар сони қанча ва улар қандай муҳофаза қилинмоқда? Қачондир уларнинг ҳам бошига “Кунжутлитепа” ёдгорлигининг қисмати тушмайдими?
Шу каби саволларга аниқлик киритиш мақсадида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги вилоят маданий мерос бошқармасида бўлдик.
Маълум бўлишича, вилоятда 1 минг 468 та маданий мерос объекти бор. Шундан 1 минг 197 таси археология, 208 таси архитектура объекти, 35 таси монументал ҳайкал, 28 таси эса диққатга сазовор жойлар сирасига киради.
Энг кўп археологик ёдгорлик Китоб туманида қайд этилган – 305 та. Кейинги ўринларда Яккабоғ (237 та), Шаҳрисабз, (174 та), Қарши тумани (124 та), Ғузор (109 та) ва ҳоказо. Нишон ва Муборак туманларида ҳам 7-8 та ана шундай қадамжолар бор.
Бунда Қарши шаҳридаги “Қалъаи Заҳоки Морон”, Абу Убайда ибн ал Жарроҳ, Косондаги “Косон қалъа”, Касбидаги Султон Мир Ҳайдар ота зиёратгоҳлари, “Қамаши қалъаси”, Қамаши туманидаги “Бобуртепа”, Шаҳрисабздаги Оқсарой мажмуаси, Қарши туманида жойлашган Абул Муин ан Насафий қадамжолари ўзининг бебаҳо мероси, бир-бирини такрорламайдиган жиҳатлари билан бизга узоқ ўтмишдан сирли ва сеҳрли ҳикоялар сўйлаб келаётир.
Хўш, бепоён Қашқа воҳасининг турли қишлоқ ҳамда маҳаллаларида, тоғ ва қир ёнбағирларида, чўлларида жойлашган археологик объектлар қандай муҳофаза қилинмоқда?
Бошқарма матбуот котиби Фазлиддин Суннатовнинг билдиришича, бошқармада 16 та штат бирлиги бўлиб, унинг туман ва шаҳарларда бўлимлари йўқ. Бошқарма ходимларининг археологик объектларга бориб келиши ва бошқа хизматлари учун битта автотранспорт воситаси мавжуд, холос.
Туманлардаги археологик объектларни қўриқлаш жамоатчи назоратчилар зиммасида бўлиб, уларга бу вазифа ўша ҳудудлардаги маҳалла фуқаролар йиғини раислари томонидан юклатилади. Яъни ёдгорлик мажмуаларини қўриқлайдиган жамоатчи назоратчиларга давлат томонидан маош берилмайди. Бу ҳам етмагандек, аксарият археологик объектларнинг атрофи панжара билан ўралмаган.
Демак, вилоятда объектлар муҳофазасига бўлган эътибор суст.
Мутасаддиларнинг айтишича, 2022 йилда вилоят ҳокимлиги томонидан 500 миллион сўм маблағ ажратилиб, 250 та объектга муҳофаза белгиси қўйилибди. Шунингдек, ҳомийлар маблағи томонидан яна 100 га яқин археологик мажмуага белги қўйилган. Бироқ бу жуда кам. Мингга яқин тарихий объект ҳали-ҳануз қаровсиз аҳволда.
Умуман, Қашқадарё вилоятида шунча археологик ёдгорлик бор экан. Лекин улар ҳақида кўпчилик билмайди ҳам. Шу боис тарғибот-ташвиқот тадбирларини кучайтириш лозим. Одамларга кўриб турганлари оддий тепалик ёки эски иморат эмас, аксинча, узоқ тарихни англатгувчи нодир объект эканини тушунтириб бориш керак. Масъуллар масаланинг шу тарафларини инобатга олиб иш тутсалар, фойдадан ҳоли бўлмайди.
Акмал АБДИЕВ
