Майдонда касабачилар

51

Пойтахтимиздаги «Юнус­обод» спорт мажмуа­сида ўтказилган баҳсларда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон касаба уюшмалари терма жамоалари ўзаро беллашдилар.

Мухлисларнинг қизғин қўллаб-қувватлови остида кечган ўйинлар Қозоғис­тон – Ўзбекистон 1:1, Қозоғис­тон – Тожикис­тон 6:5 ва Ўзбекистон – Тожикис­тон 9:5 ҳисобида якунланди.
Шундай қилиб, ҳамюртларимиз ва Қозоғис­тон жамоаси бир хил очко жамғарди. Турнир ғолибини аниқлаш учун ушбу жамоалар яна майдонда ўзаро рўбарў келишди. Бу сафар рақибларидан 2:0 ҳисобида устун келган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси футбол жамоа­­си ҳақли равишда биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Қозоғистон ва фахрли учинчи ўрин Тожикистон жамоасига насиб этди.
Шу куни футбол мухлислари яна бир ажойиб футбол спектаклига гувоҳ бўлишди. Гап шундаки, Ўзбекис­тон футбол фахрийлари жамоа­­си ҳамда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон жамоалари аъзоларидан иборат аралаш таркибдаги «Дўстлик» жамоаси ўртасидаги ўйин мухлисларда катта қизиқиш уйғотди. Ўйин бошланиши аввалида майдонга кириб келган Миржалол Қосимов, Шуҳрат Мақсудов, Мурод Алиев, Азамат Абдураимов каби ўзбек футболи афсоналарини мухлислар олқишлар билан кутиб олишди.
Ўзбекистон футбол фахрийлари жамоаси ва «Дўстлик» жамоаси ўртасида кечган қизиқарли беллашув 3:3 ҳисобида якунланди.
Футбол баҳсидан сўнг томошабинлар диққатига бадиий қисм ҳавола этилди. Элимиз суйган санъаткорлар ўзларининг дилтортар куй-қўшиқлари билан йиғилганларни хушнуд этишди.
Халқаро миқёсда ўтказилган тадбир ­сўнггида мусобақа ғолибларига қимматбаҳо совғалар ва медаллар топширилди.
шунингдек, турнирда турли йўналишлар бўйича ҳам ғолиб­лар аниқланди. Хусусан, ўзбекистонлик Беҳзод Амонуллаев «Энг яхши дарвозабон», қозоғистонлик Ашим Баг­лан «Турнир тўпурари» ва тожикистонлик Шуҳрат Шамсиев «Энг яхши ўйинчи» дея эътироф этилди ҳамда уларга ҳам алоҳида совғалар берилди.

Алижон АБДУРАҲМОНОВ
«ISHONCH»